Бош саҳифа » Алломалар » Занги ота Ҳимматий

Занги ота Ҳимматий

Занги ота Ҳимматийнинг таваллудлари ҳақида кўплаб ривоятлар мавжуд. Шулардан бирида нақл қилинишича, Занги ота туғилганларидан сўнг, ул зотнинг ота-оналари чақалоқни Ҳазрат Хожа Аҳмад Яссавий хузурларига олиб борганлар. Суҳбат асносида Хожа Аҳмад Ҳазратларининг нигоҳлари чақалоққа тушади. Гўдак эса чақалоқларга хос майин табассум билан ҳазратга қараб турарди… Ҳазрат илтифот назари билан ота-оналарга боқиб «нечунким фарзанди аржумандингиз кулиб турадур?» – дейдилар. Чақалоқнинг оталари «Ҳазратимнинг бирор нарса хадя қилмаганлари боис табассум қилиб турадур», – деб жавоб беради. Шунда Хожа Аҳмад чақалоқ ҳақига дуо қилиб, «ҳар бир эзгулик аввал сизга, сўнгра бизга бўлсин, Оллоҳу акбар!» – деган эканлар.

Занги отанинг асли ватани Шош (Тошкент) вилояти бўлиб Тошкент билан Қовунчи оралиғидаги «Занги ота» номли қишлоқдир.

Занги отанинг асл таваллуд топган жойи ҳозирги Тошкент – шаҳрининг Самарқанд Дарбоза кўчасидаги «Занги ота» маҳалласидир, деган фикрлар ҳам бор. Шунинг учун бўлса керак қўлёзма асарларда Бешёғоч даҳаси Занги ота номи билан юритилади.

Занги отанинг ҳақиқий номлари Ойхўжа ибн Тож Хўжадир. «Занги» ибораси билан нисбат берилиши, у кишининг ранг-рўйлари қора бўлишининг рамзий ифодасидир.

Занги отанинг отаси Тож Хўжа, унинг отаси Абдул Малик ота бўлиб, ул зот ўзининг пир-муршиди Мансур ота орқали Хожа Аҳмад Яссавийга бориб тақалади. Тож Хўжанинг ўзи ҳам Ҳазрат Яссавийнинг хизматларида бўлиб, ул табаррук зотдан бевосита тасаввуфий-маънавий таълимот ва иршодот (йўлланма) олган. Тож Хўжа ҳижрий 615 (милодий1218) йилда вафот этган.

Занги отанинг туғилган йили манбалардан ҳозирча топилганича йўқ. Лекин у киши ҳақида ёзилган маълумотларга қараб, XII асрнинг охири ёки XIII асрнинг бошларида туғилган, деб тахмин қилишга асос бор.

Занги ота турк-ислом оламидаги улуғ мутафаккир ҳамда мутасаввиф донишмандлардан бири бўлиб, унинг номи фақат Мовароуннаҳрдагина эмас, балки Хуросон халқлари орасида ҳам маълум ва машҳурдир. Занги Ота (Ойхўжа) ёшлик пайтидан падари бузруквори Тож Хўжадан таълим олади. Отаси вафотидан сўнг, Хожа Аҳмад Яссавийнинг тўртинчи халифаси ва содиқ шогирди бўлмиш Ҳаким ота хузурига боради. Вир неча йил ул зотнинг мулозиматида бўлиб, ул кишидан «Яссавия» тариқатининг сир-асрорларини, одобларини ўрганади ҳамда илми зоҳирий ва илми ботиний йўриқларидан воқиф бўлади. Занги ота бузруквор устози Ҳаким ота хузурида тарбия олиб, ул зот қулидан ҳирқапўш (кулоҳ ва жанда) бўлади ҳамда тасаввуфий-ир-фоний илмларнинг муқтадир (етук) донишманди бўлиб етишади. Занги отанинг бутун онгли ҳаёти Мовароуннаҳр халқларининг энг оғир ва даҳшатли даврига тўғри келади. Зотан, XIII асрнинг 20-йилларида мўғул истилочилари Мовароуннаҳрнинг энг йирик шаҳар ва қишлоқларини култепага айлантириб, оддий меҳнаткаш халқ оммасини қуллик искажасига солган эдилар. Ана шундай оғир вазиятда Занги ота ва унинг ўндан ортиқ халифалари ва шогирдлари бўлмиш буюк мутасаввиф зотлар халқ оммасини қахрамонлик, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, адлу инсоф, поклик, яхшилик, тўғрилик, меҳр-шафқат, художўйлик каби энг олий умуминсоний ғоялар билан озиқлантириб, уларни руҳан ва маънан тетик тутиб, уларга илоҳиёт ва иршодот йўлларини кўрсатиб турганлар.

Занги ота Ҳимматий лақаби билан ҳам машҳур эди. У қора танли, уштурлаб (туя лаб), бақувват, барваста гавдали одам бўлган. Занги ота Ҳаким отадан тасаввуфий илмлар билан бирга илми зоҳирий ва илми ботинийдан ҳам таълим олиб, етук донишманд ҳамда соҳиби каромат даражасига эришади, шундан сўнг Занги ота ўз ватани – Шош вилоятига қайтиб келиб, бу вилоятдаги аҳолини илҳий-аҳлоқий, тасаввуфий-ирфоний йўл-йўриқлари билан тарбиялашга киришади ҳамда кўплаб улуғ мутасаввифларини вояга етказади.

Занги ота фақир ва дарвешсифат одам бўлиб, одамларнинг сигирларини боқиб, подачилик қилиб, ғарибона хаёт кечирган. Занги отанинг кундалик умри подачилик билан ўтгани туфайли, намозни ҳам қиру адирларда ўқирди. Намоз ўқиб бўлгач, зикри жаҳрияни бошларкан. Занги ота зикрга машғул бўлганда, подадаги барча сигирлар ўтлашдан тўхтаб, унинг атрофини халқадек ўраб, унга тиқилиб «тинглар» экан.

Кунлардан бир кун Занги ота севикли устози Ҳаким отанинг вафотидан хабар топиб, дарҳол Тошкентдан Хоразмга жўнайди у устозининг қабрини зиёрат қилгач, таъзия расм-русумларини ўтказади. Анбар онанинг иддаси тугагач, унинг уйига боради ва пири Ҳаким отанинг тул қолган завжаси Анбар онага совчи киритади. «Рашаҳот»да келтирилган маълумотга қараганда, Анбар она совчига «Мен Ҳаким отадан кейин ҳеч кимнинг никоҳига киришни истамайман» деб рад жавобини беради. Шу заҳотиёқ Анбар онанинг бўйни қийшайиб қолади. Совчи ноумид қайтиб, Анбар онанинг рад жавобини Занги отага етказади. Шундан сўнг Занги ота пири Ҳаким отанинг каромат юзасидан Анбар онага «Хали шошмай тур, бир оз вақт ўтгач, мендан ҳам ўтган бир одамга мусоҳиб бўласан», – деб айтган сўзларини совчи орқали Анбар онага эслатади.

Шундан сўнг Анбар она бу ҳол тақдири азалнинг иши бўлиб, Ҳаким отанинг кўнглида каромат юзасидан аён бўлганини англайди. Шунингдек, Ҳаким отанинг кўнглида кечган каромат айни вақтда ғайб ишораси билан Занги отага ҳам аён эканлигини сезади ва кўп йиғлайди. Анбар она тақдирга тан бериб, Занги отага турмушга чиқади. Унинг бўйни яна асли ҳолига келади. Занги ота Анбар онани Тошкентга олиб келади. Занги ота билан Анбар онадан бир неча фарзандлар вужудга келади. Улар ҳам оталари каби пок эътиқодли, адлу инсофли кишилар бўлиб етишадилар ва халқни ҳақиқат йўлига бошлашда раҳнамолик қилиб келганлар.

Юқорида айтиб ўтилган Занги ота билан Анбар онанинг бўлажак никоҳлари ҳақида Ҳаким отанинг кароматларига доир бир неча ривоятлар мавжуддир. «Ҳаким ота китоби» номли асардаги ривоятга кўра Ҳаким ота қора танли бир киши бўлиб, Анбар она эса оқ танли гўзал аёл бўлган. Кунлардан бир кун Анбар она ташқарида ғусл қилаётган (чўмилаётган) Ҳаким отага кўзи тушади-да, «Буғрохоннинг мендек гўзал қизи, шундай қора кишига турмушга чиқишнинг боисини энди англабман», деган эътирозли мулоҳаза кўнглидан кечади. Анбар онанинг бу мулоҳазаси дарҳол Ҳаким отага аён бўлади. Шунда ул зот ўз жуфти ҳалолига қараб, «Ҳали шошмай тур, яқинда мендан ҳам ўтган кишига мусоҳиб бўлурсан», – дейди. Бу сўзни эшитган Анбар она кўп йиғлайди. Аммо фойдаси бўлмайди, зеро айтилган сўз – отилган ўқ эди.

Орадан бироз вақт ўтгач, Ҳаким ота оғир хасталаниб, вафоти яқинлашаётганини сезиб, Хоразмдан ўғилларини Боқирхонга чақиртириб, уларга шундай васият қилади: «Менинг вафотимдан сўнг, қирқимни ўтказиб бўлганларингдан кейин қибла томондан 40 абдол (қаландар) келади. Улар орасидаги бир қорадан келган абдолга оналарингни никоҳлаб берасиз-лар!» Дарҳақиқат, Ҳаким ота вафотидан 40 кун ўтгач, кунботар томондан 40 абдол келади. Улар сидқидилдан дуойи фотиҳалар ўқиб, Ҳаким отани хотирлайдилар. Лекин уларнинг орасида Ҳаким ота «таърифлаган» абдол кўринмас эди. Фарзандлар оталарининг васиятига содиқ қолиш мақсадида мазкур таърифланган абдол ҳақида сўраб-суриштирадилар. «Ул зот бироз кечиқиб келсалар керак», – деб жавоб берадилар абдоллар.

Дарҳақиқат, таърифланган абдол кечиқиб келади. У Занги ота эди. Ҳаким отанинг ўғиллари падари бузрукворларининг васиятларини бажариб, Занги отага волидайи муҳтарамалари бўлмиш Анбар онани никоҳлаб топширган эканлар.

Айрим қўлёзма ва тошбосма асарларда ҳикоя қилинишича Шош вилоятидан чиққан йирик машойиҳ Занги отани, маҳаллий аҳоли зўр ҳурмат-эҳтиром билан «Занги бобо» ҳам дер эканлар. Занги отанинг кўплаб муридлари, мухлислари ва шогирдпари бўлган экан. Мазкур шогирдпешалардан тўрт нафари халифалик мавқеига кўтарилган экан. Уларнинг исми шарифлари — Узун Хасан, Саййид, Садр (Садриддин) ва Бадр (Бадриддин)лардир.

Мазкур тўрт нафар шогирд пешалар аввал Бухоро мадрасаларидан бирида ўқирдилар. «Рашаҳот» асарида ҳикоя қили¬нишича, мазкур толиби илмлар бир-бирлари билан иноқ ва ҳамжиҳатликда ўқирканлар. Ногаҳон бир кечанинг ўзида ҳаммаларининг кўнглида «тариқат йўлига» кириб, Оллоҳга яқинлашиш орзуси пайдо бўлибди. Тонг отгач, улар уйларини тарк этиб, тўртталалари бирлашиб, дашту саҳроларни кезиб, Шош вилояти томон йўл оладилар. Улар Тошкентга яқинлашганларида бир қирнинг устида ўтлаб юрган қорамол подаси ва пода ёнида занживаш, лаблари қалин, кенг яғринли, оёқ яланг қора одамга дуч келадилар. Толиблар пода томон юра бошлайдилар. Аммо подачи ҳеч қаёққа қарамай, адирда ўсиб, куриб қолган тикан бандларини яланг оёғи билан синдириб, бир ерга туплар ва уларни боғлашга ҳаракат қиларди. Толибларни ажаблантирган нарса шу эдики, подачи яланг оёғи билан тикан ғарамини қанчалик босиб тепкиламасин, унинг оёғига тикан қадалмасди. Бу киши — Занги ота эди.

Толиблар подачига салом берадилар, у алик олгач, бир лаҳза толибларга разм соларкан: «Бу ернинг одамларига ўхшамайсизлар, қаердан келурсизлар ва қаёнга борурсизлар?» – дейди.

– Бизлар Бухоройи шарифнинг толиби илмларидандурмиз. Алҳол дилимизда тасаввуф илмига ташналик туғён уриб, бинобарин бирор пири комилни қидириб топмак ва ул зотдан таълим олмоқ ниятида юрурмиз, – деб жавоб беради Узун Хасан.

– Боракалло, андоқ бўлса, сизлар бироз дам олинглар, мен атроф-жонибга назар солиб, ҳидлаб кўрай-чи. Шоядки сизларга раҳнамолик қила оладиган зотнинг шарпасини сезсам, – дейди Занги ота.

Толиблар дам олишга машғул бўладилар. Занги ота эса турган жойида жануб, шарқ, шимол ва ғарбга бурилиб, узоқ-узоқларга тикиларкан, ҳавонинг ҳидлаб кўради. Шундан сўнг бир зум кўзларини юмиб таважжуҳга чўмади. Сўнгра кўзларини очиб, ўзига таажжуб билан тиқилиб турган толибларга боқиб:

– Сизларга раҳнамолик қиладиган ўзимдан бошқа бирор мукаммал зотни қидириб топа олмадим, – дейди. Бу сўзни эшитган толиблар ҳайронликда бир-бирларига қарайдилар. Узун Хасан ва Садр Занги отани дарҳол пир тутиб мурид бўладилар. Лекин Саайид билан Бадр кўнгилларида Занги отага нисбатан шубҳа туғилади.

Саййид ўз-ўзига: «Ахир мен саййидлар авлодидан бўлсам, боз устига Бухоройи шарифдек муқаддас масканда таҳсил кўрган бўлсам… Бу яланг оёк, жулдурвоки подачи қандай қилиб пири комил бўла олсин», деб ўзига ортиқча баҳо берарди. Бадрнинг кўнглидан ҳам худди шундай эътироз ва шубҳалар кечарди. Иккала ёш йигит кўнглидан кечаётган шубҳа ва эътирозлар, бузруквор Занги отага аён бўлади. Лекин ул Зот сабр тоқат ва донолик билан чуқур андишага боради-да, дили ранжиганини уларга сездирмайди. Узун Хасан билан Садр ҳеч иккиланмай Занги отага садоқат кўрсатиб мурид бўладилар. Пири муршиднинг тарбияси, иршодотлари, меҳрибонлиги ҳамда илоҳий ва аҳлоқий фазилатлари туфайли қисқа муддатларда мақсадларига эришадилар.

Узун Хасан Занги отадан сўнг унинг биринчи халифаси сифатида, пирлик маснадига (ўрнига) ўтиради. Саййид эса Анбар она кўмаги билан Занги ота илтифотига мушарраф бўлиб, унинг иккинчи халифаси мақомига эришади. Саййиднинг бу мақомгача чеккан риёзатлари ҳақида қуйидагича ривоятлар бор. Саййид гарчи кўп вақтни риёзат билан ўтказса-да, бироқ ишлари унчалик юришмайди. Бу кўргиликларнинг барчаси ўзининг густоҳлигидан ва калондимоғлигидан келиб чиққанига амин бўлади ва ўз гуноҳини ювиш йўлларини қидиради. Аммо пири муршиди – Занги отанинг ҳузурларига кириб, тавба-тазарруъ қилиб, гуноҳини кечиришларини сўраб илтижо қилишга ботинолмайди. Ниҳоят Занги отанинг мушфиқ ҳамхонаси Анбар онага арзи ҳолини изҳор қилиб, ундан кўмак сўрайди. Анбар она меҳрибонлик юзасидан унга йўл-йуриқ кўрсатаркан: «Занги ота саҳар чоғида таҳорат олиш учун ташқарига чиқади. Сен шу пайтда обдастага сув тўлатиб бағрингга босгин-да, қора наматга ўралиб, Занги ота йўлларида ётгин. Ул муборак зот эрта тонгда сени бу алфозда кўриб, албатта сенга раҳмлари келади ва меҳр-шафқатларини дариғ тутмагайлар,— дейди. Эртаси саҳар чоғида Занги ота бомдод намози учун таҳоратга бораркан йўл устида қора наматга ўралиб ётган бир одамга кўзи тушади ва таажжубда «Кимсан?» дейди. Шу аснода қора намат остидан қўлида обдаста ушлаган Саййид чиқиб, «пирим, шогирдингиз Саййид Аҳмаддурмен, Сиз жанобингиз хузурингизда гуноҳкори азимдурмен, менга шафқат қилинг пирим, бу осий шогирдингиз гуноҳидан ўтинг! Зеро камина кибр-ҳаво ботқоғидан халос бўлиб, камтарлик ва ҳалимлик йўлига киргаймен,— дея таъзим бажо келтиради. Меҳрибон пири муршид Занги ота ўз шогирдига раҳми келиб, уни ўз фарзандидек ардоғлаб қучоғига босади. Кечқурун эса Анбар она ҳам Занги отадан Саййид Аҳмаднинг гуноҳларидан ўтишни илтимос қилади.

Ана шундан сўнг бир неча муддат ўтгач, Саййиднинг ишлари юришиб, мақсади руёбга чиқади. Бадрнинг ҳам бир неча вақтгача ишлари юришмай, овора бўлиб юради. У ҳам Анбар онанинг меҳрибонлиги ва воситачилигида гуноҳларидан фориғ бўлиб, меҳрибон устози, пири бузруквори Занги отанинг меҳр-шафқатларига ноил бўлиб, оз муддат давомида мурод-мақсадига етади.

Занги ота 656 Ҳижрий – 1258 милодий йили вафот этадилар ва ҳозир «Занги ота» деб аталаётган қишлоқда дафн этилади. Бу жой нафақат Шош вилояти, балки бутун Мовароуннаҳр ҳамда Хуросондаги туркий, форсий ва бошқа халқлар учун муқаддас маскан ҳисобланади. Ҳозир эса бутун туман «Занги ота» номи билан аталади.

Шундай қилиб Узун Хасан отадан сўнг Саййид ота, Садр ота ва Бадр оталар Занги отанинг муқтадир шогирдлари сифатида Шош вилоятида кетма-кет халифалик маснадларини эгаллаганлар. Ўз навбатида улар ҳам халойиқни поклик, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, тўғрилик, меҳр-шафқат, ҳалоллик, адл-инсоф, олийҳимматлилик ва бошқа илғор умуминсоний тасаввуфий-ирфоний йўлларга иршод этганлар.

Исмоил ота, Исхоқ, ота, Алмамин бобо, Шайх Али, Мавдуд Шайх, Камол Шайх, Ходим Шайх, Жамол Шоший, Хасан ибн Жамол, Шайх Паҳлавон, Шайх Жамол Бухорий, Шайх Сулаймон Газнавий, Шайх Худойдод, Шайх Матин, Шайх Қосим Карманий, Ҳазиний каби йирик атоқли мутасаввиф зотлар ҳам Занги ота силсиласига кирадилар. Камол Шайхдан бошлаб «зикри жаҳрий» (овозли зикр)нинг «зикри арра» номли янги бир шакли вужудга келган. Ривоятларга кўра, Камол Шайх «зикри арра»ни 7-8 дафъа ижро этганда, «Аршдан тортиб то фаршгача чор атроф мутаззалзал бўлиб, эшитганларнинг қалблари бамисоли сувдек эриб кетаркан», «Зикри арра» жараёнида зикр тушганлар ханжарасидан (бўғзидан) ёғоч арралагандагидек овоз эшитиларкан ва йиғилганларни ўта хаяжонга солар экан.

Ҳазрати Занги отанинг Тошкент билан Қовунчи (Янгийўл) оралиғидаги «Занги ота» қишлоғида жойлашган муборак маркадлари, унинг мухтасар тарихи ҳақида Тошкент вилоятининг бош имом хатиби муҳтарам (марҳум) Абдулғани Абдулло шундай маълумот берганлар. «Занги ота марқадлари Тошкент шаҳри яқинидаги шу номли қишлоқда жойлашган бўлиб, зиёратгоҳлари марқад ва унга кираверишдаги кичик бир масжиддан иборатдир. Уни Амир Темур қурдирган ва 1420 йилда Мирзо Улуғбек унинг устига ҳозирги пештоқни бино қилдирган. Унинг амри билан пештоқ тошга ушбу «ҳадиси Кудсий» ёзиб қўйилган: «Менинг заминимдаги уйларим масжидлардир. Менинг зиёратчиларим эса уни обод қилувчилардир. Ҳар ким ўз уйида таҳорат қилиб, менинг уйимда зиёрат қилса, иззат-ҳурматимга сазовордир»… XVII асрда бу ерга Мадраса ва жоме масжид қурилиб, кўплаб талабалар таълим олганлар. XIX аср охирида Мирзо Рустам номли саховатли киши томонидан мавжуд мезана қурилган».

Амир Темур томонидан Занги ота мақбарасининг қурилиши ҳақида халқ орасида қуйидагича ривоятлар бор. Нақл қилинишича, Амир Темур Туркистонга бориб, Хожа Аҳмад Яссавий қабрини зиёрат қилгач, бу улуғвор пири комилнинг қабри устига мақбара куришга фармон беради. Амри шоҳ вожиб бўлиб, тез фурсатда курилиш ишлари бошланиб кетади. Мақбара пойдевори устида девор қад кўтаради.

Эртаси эрталаб уста-мардикорлар уйқудан турганларида не кўз билан кўрсинларки, кечагина қад кўтарган девор ағдарилиб, ғиштлар ҳар томонда сочилиб ётарди. Бу ҳолатдан ҳамма ҳайрон, ҳайратдан ёқа ушларди. Наҳотки ғишт теришда хатога йўл қўйилган бўлса…

Уста мардикорлар яна ишга киришиб, деворни қайтадан тиклайдилар. Аммо эртасига яна ўша аҳвол такрорланади.

Немашаққату чапдастлик ва моҳирлик билан кўтарилган девор, тунда номаълум сабаблар билан қулай беради. Ниҳоят кечаси пойлоқчи қоровуллар белгилашади. Қоровуллар тун бўйи мижжа қоқмай, ухламай пойлашади. Ярим тунда баҳайбат кўк ҳўкиз келиб деворни бузиб сўнгра ўзи ғойиб бўлади. Ҳеч ким уни ушлай олмайди.

Бу воқеадан Амир Темур воқиф бўлиб, ҳайратланади ва бунда бирор сир бўлса керак, буни албатта аниқлаш лозим, деган фикрга келади. Шундан сўнг бир куни Амир Темур туш кўради. Тушида эгнига узун оқ яктак кийган, бошига оқ салла ўраган, узун оқ соқоли кўкрагига тушган бир нуроний қария Амир Темурга яқин келиб: «Эй Амир, мақбарани аввал Занги отага қургин, сўнгра Хожа Аҳмад Яссавийга қурасан. Шунда у бузилмайди. Зеро Занги ота туғилгач, уни кўтариб келиб Хожа Аҳмад Яссавийга кўрсатишган ва ундан суюнчи сўрашган. Ўшанда ул зот суюнчига «мендан олдин шу гўдакка мақбара курилсин. Сизлар мени ҳурмат қилиб келибсизлар, бу гўдак мендан ҳам улуғ бўлсин», – деб ҳиммат қилганлар. Занги отанинг қабрини топиш қийин эмас. Бунинг учун бир оқ туя олиб, яхши ният билан қўйиб юборасизларда, унинг орқасидан кузатиб борасизлар. У албатта Занги отанинг қабрини топиб беради», – деб кўздан ғойиб бўлади.

Амир Темур тушидаги ғойибона суҳбатдан ҳайратланиб, эртасигаёқ оқ туя топтириб, уни йўлга солдириб, орқасидан 4-5 нафар одамни кузатувчи қилиб жўнатибди. Оқ туя бир неча кун йўл босиб, ҳозирги Занги ота қишлоғига етиб келибди. Шу ерга етганда туя таққа тўхтабди. Сўнгра йўлдан бироз четроқ чиқиб тиз чўкибди ва у ёқ-бу ёққа аланглабди. Кузатувчилардан бири тезда отдан тушибди-да, туянинг атрофини қамчин билан чизиб белгилабди. Айтишларича шу белгиланган жойга дарвозахона (жиловхона) қурилган экан. Бу дарвозахона ҳозир ҳам бор. Занги отани зиёрат қилгани келувчилар ана шу дарвозахонадан ўтишади.

Туя шу чўкканича ўрнидан турмай, ўрмалаб юқори томон кўзғала береди. Кузатувчилар унинг ҳар бир ҳаракатига диққат билан қараб боришибди. Туя юз одимча ўрмалаб бориб тўхтабди. Бошини қибла томонга қўйиб, оёқларини чўзиб, бир наъра тортиб жон берибди. Кузатувчилар туя ётган жойни чизиб белгилашибди. Занги отанинг қабри шу ер бўлса керак, деган фикрга келишибди. Бўлган воқеани тезда Амир Темурга етказишибди. Амир Темур Занги ота мақбарасини зудлик билан қуришга фармон берибди. Мақбаранинг ғиштини аскарлар ёнма-ён туриб Самарқанддан қўлма-қўл узатишган экан.

Занги ота мақбараси қурилиб битгач, Амир Темур Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасини қўришга фармон берган экан.

Занги отанинг табаррук марқадлари қадим-қадимдан зиёратчилар билан гавжум бўлиб келган. Ўрта осиёлик ва афғонистонлик зиёратчиларнинг кети узилмаган. Фақат кейинги 70 йиллик истибдод замонида зиёратгоҳлар ҳам, зиёратчилар ҳам таъқибга учрадилар.

1930 йилда Занги ота зиёратгоҳининг масжиди ёпиб қўйилди. 1945 йилда масжид расман очилган бўлса-да, 1946 йилга келиб яна ёпиб қўйилди ва атеистик музейга айлантирилди. Ниҳоят, 1989 йилда мусулмонлар талабига кўра мазкур жоме масжиди ҳамда зиёратгоҳ яна қайтадан очилди. Ҳозир бу табаррук масканга Ўрта Осиёнинг барча шаҳар ва қишлоқларидан зиёратчилар тўхтовсиз келиб турибдилар. Имом хатиб ва шайхлар улар хизматидадирлар.

Тошкент алломалари ва тарихий шахслари (иккинчи китоб)

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Миркарим Осим (1907–1984)

Post Views: 206 Миркарим Осим  – ёзувчи ва таржимон. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи (1944), Ўзбекистонда …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *