Югантепа
ЮГАНТЕПА – шаҳар харобаси (4–13-аср боши). Янгийўл шаҳри жанубида, Ниёзбоши қишлоғи шимоли-шарқида жойлашган. Дастлаб (1934) Г.В. Григорьев қайд этган. Сўнгра Тошкент вилояти ўлкашунослик музейи (1953–54), Ю.Ф. Буряков (1967–70) текширган. Югантепа ҳудудида дастлаб (Қовунчи II даврида) юмалоқ шаклдаги истеҳком қад кўтарган, унинг атрофида 6–7-асрларда атрофи девор билан ўралмаган йирик қишлоқ вужудга келган. 7-8-асрларда таназзулга юз тутган, кейинчалик, 9–10-асрлардан қайта тикланган, атрофи мустаҳкам девор билан ўралган; марказий кўчалар бўйлаб турар жой, ҳунармандчилик (кулолчилик, хумдонлар, темирчилик) устахоналари жойлашган. Умумий майдони 20 гектар. 12–13-аср бошида Югантепада ҳаёт равнақ топган, лекин мўғуллар босқини туфайли вайрон бўлган. Ўрта асрларда Югантепа ўрнида Данфиғонкат шаҳри бўлган.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил






Изоҳлар