Бош саҳифа » Тарих » Туркистон Автоном Совет Республикаси (Туркистон Республикаси)
Туркистон Республикаси
Туркистон Республикаси

Туркистон Автоном Совет Республикаси (Туркистон Республикаси)

Туркистон Республикаси
Туркистон Республикаси

Туркистонда ҳокимиятнинг фақат ишчилар ва европалик миллат вакиллари қўлида бўлиб қолиши ўлкадаги барча демократик кучларнинг ҳукуматга бўлган ишончсизлигини кучайтириб юборди. Бунга қарши Марказдаги большевиклар ҳукумати чекка ўлкалар, шу жумладан Туркистонда ҳам “советча асосдаги автономия” ўрнатишга қаттиқ киришди. Бу вазифани амалга ошириш учун Москвадан кўплаб партия ва совет ходимлари Туркистонга жўнатилди. Жумладан, П.А. Кобозев Ўрта Осиёнинг фавқулодда комиссари қилиб юборилди.

1918 йил 20 апрел – 1 май кунлари Тошкентда Туркистон ўлкаси Советларининг V съезди бўлиб ўтди. Унда “пролетар демократияси”га тегишли тамойиллари бўйича танлаб олинган 251 депутат (шундан 120 таси туб миллат вакиллари) иштирок этди. Съезд кун тартибидаги асосий масала Туркистонда Совет мафкурасига асосланган большевикча автономия яратиш бўлди.

Советларнинг V ўлка съезди ўзининг марказий ҳокимиятга тобелигини очиқ намоён этиб, Москвага совет Россияси сиёсий раҳбариятининг “барча инқилобий шиорлари ҳаётга қатъий тадбиқ этилиши” таъкидланиб телеграмма жўнатди. Бунга жавобан В.И.Ленин ва И.Сталин зудлик билан жавоб телеграммаси йўлладилар. Унда қуйидаги сўзлар бор эди: “…совнарком сизнинг советлар асосидаги ўлкангиз автономиясини қўллаб-қувватлайди. Биз сиз бошлаган ишларни ёқлаймиз ва бутун ўлкани советлар тармоғи билан қоплайсиз, мавжуд советлар билан тўлиқ алоқада бўласиз деб тўлиқ ишонамиз”.

Съезд делегатлари Ленин ва Сталиннинг кўрсатмалари асосида 1918 йил 30 апрелда “Россия Совет Федерацияси Туркистон Совет автоном республикаси” ҳақида Низомни қабул қилди. Ушбу Низомда Туркистонда давлат қурилиши асослари, унинг ҳудуди, олий қонунчилик ва ижроия органлари, маҳаллий органлар тузилиши, вазифалари ва уларнинг совет Россияси билан ўзаро муносабатлари белгилаб берилди. Ушбу Низом Туркистонда автоном республика тузилганлигини қайд этиб, унга мувофиқ, Бухоро ва Хивадан ташқари, Туркистон ўлкасининг географик чегараларидаги бутун ҳудуд Россия совет федерациясининг Туркистон Совет Республикаси деб эълон қилинди.

“Низом”да Туркистон Республикаси автоном равишда бошқарилиб, “ўз хатти-ҳаракатларини Россия Совет Федерацияси марказий ҳукумати билан мувофиқлаштиради”, деб қайд этилди. Съездда “марказий ҳукумат билан ўзаро муносабатларни белгилаш учун” беш кишидан иборат комиссия ташкил этиш ва Москвага юборишга қарор қилинди.

Съезд совет Туркистонининг қонун чиқарувчи олий органи – Марказий Ижроия Комитети (Тур ЦИК)ни сайлади. 36 кишидан иборат бу комитетнинг ярми большевиклар, ярми сўл эсерлар (18 тадан) эди. Ушбу комитет советлар съездлари оралиғидаги даврда ўлкада олий ҳокимият вазифаларини бажарувчи олий қонунчилик органи бўлди. Туркистон МИК раиси қилиб Марказдан ҳукуматнинг фавқулодда комиссари П.А.Кобозев (ҳамраис қилиб А.Салькин) сайланди. Шунингдек, Туркистон ХКС таркибига 16 киши (9 та большевик ва 7 та сўл эсер) киритилди. Маҳаллий миллат вакилларидан тўрт киши – С.Жўрабоев, С.Юсупов, Ш.Остонбоев ва С.Азимбоевлар Туркистон МИКга сайланиб, С.Турсунхўжаев соғлиқни сақлаш халқ комиссари сифатида ҳукумат таркибига киритилдилар.

1918 йил 17-25 июнда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Туркистон большевикларининг ўлка конференцияси Туркистон коммунист-большевик-лар партиясининг I съезди деб номланди. Ўлкадаги коммунистик гуруҳлар ушбу съездда илк марта ташкилий жиҳатдан расмийлашиб, Россия КП (б) таркибидаги Туркистон Компартиясига асос солдилар. Съездда 7 кишидан иборат Марказий комитет сайланиб, унинг таркибига маҳаллий комунистлардан Низомиддин Хўжаев ҳам киритилди. “Темир қонун”, “пўлатдек кучли интизом”, “диктаторлик ваколатлари” каби синфий хислатларни ўзида мужассамлаштирган Туркистон КП Россия КП (б)га бўйсунар эди. Туркистон коммунистлари Марказ берган ҳар қандай топшириқларни сўзсиз ижро этишлари натижасида Туркистон ўлкасининг Россияга сиёсий ва иқтисодий қарамлиги мустаҳкам асосларда шаклланди.

Туркистон автоном республикаси советларининг VI фавқўлодда съезди 1918 йил 5-14 октябрда ғоявий курашлар жараёнида кечган бўлса-да, унда Туркистон МИК махсус комиссияси томонидан тузилган Туркистон автноом Республикасининг конституцияси муҳокама этилди ва тасдиқланди. Янги ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий тузумни мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинган ушбу конституция Туркистондаги қуйидаги Халқ комиссарликларини қонун кучи билан мустаҳкамлади: ташқи ишлар, ҳарбий ишлар, ички ишлар, адлия, меҳнат ва ижтиомий таъминот, маориф, почта ва телеграф, темир йўл, деҳқончилик, озиқ-авқат, давлат назорати, миллатлар ишлари, халқ хўжалиги Марказий кенгаши.

Конституцияга кўра, ишчи, солдат ва деҳқон депутатларнинг советлари Республика маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳисобланиб, Туркистон автоном Республикасининг таркибида 5 та: Сирдарё, Еттисув, Фарғона, Каспий орти, Самарқанд вилоятлари мавжуд бўлган. Съездлар орасида вилоят (область)ижроя комитети давлат ҳокимият органи бўлиб ҳисобланган. Марказда ва жойларда инқилобий комитетлар (ревком) ҳам тузилиб, улар назорат ва ревизия (тафтиш) қилиш, кенгашларни тарқатиб юбориш каби ваколатларга эга бўлганлар. Вилоят кенгашлари ва ижроия комитетлари қошида бошқарув, ҳарбий, адлия, меҳнат ва ижтимоий таъминот, халқ маорифи, молия, почта ва телеграф, ер-сув, озиқ-овқат, давлат назорати, соғлиқни сақлаш, коммунал совет каби бўлимлар очилган.

Конституцияга кўра, вилоятлар уездларга, волост, шаҳар, қишлоқ ва овулларга бўлинган. Уезд, шаҳар советлари ўзларининг ижроия комитетлари ва бўлимларига бўлинган. Қишлоқ ва овул ижроия комитетлари эса ўз бўлимларига эга бўлмаган.

Россиянинг Туркистондаги сиёсий ҳукмронлиги, биринчидан, ўлкада советча асосдаги автономиянинг ўрнатилиши билан жорий этилган бўлса, бу жараённинг иккинчи босқичи, давлат бошқаруви асосий вазифаларининг марказий федерал ҳукуматга топширилишини конституция йўли билан расмийлаштирилиши бўлди. Зеро, Туркистон Республикаси Коснтитуция-сининг 7-боб, 30-§ иловасида ёзилишича, мудофаа, ташқи алоқалар, почта-телеграф, денгиз ишлари, темир йўллар, божхона, савдо-сотиқ, саноат ва молия масалалари марказий федерал ҳукумат ихтиёрида қолдирилган эди.

Ачинарли томони шунда эдики, маҳаллий аҳолининг катта қисми ўлканинг давлат тузилишини белгилаб берувчи асосий ҳужжат билан ҳеч бўлмаганда умумий тарзда ҳам таниша олмади. Сабаби, у маҳаллий тилларда эълон қилинмаган эди. Ушбу ҳужжатда советларга хос “ўз тақдирини ўзи белгилаш” Туркистондаги маҳаллий аҳолининг мустамлака ҳолатини ўзгартирмади. Давлат ҳокимият органларининг таркиб топган тузилмасида, уларни шакллантиришнинг тор синфий томонли шароитида улар ҳар қандай автономиянинг асосий негизи бўлган ҳуқуқдан-миллий-ҳудудий бирлик аҳолисининг давлат ҳокимиятини мустақил амалга оширилиши ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятига эга эмас эдилар. Тадқиқотчиларнинг фикрича, конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган “совет автономияси” ўз моҳиятига кўра миллий-ҳудудий бирлик эди.

1919 йилнинг март ойида Туркистон республикаси советларининг Фавқулодда VII съезди бўлиб ўтди. Унга қадар 1918 йил 10 августда (V ўлка съездида) Миллий ишлар халқ комиссарлиги бўйича махсус Низом қабул қилинган эди. Ушбу Низомга кўра, Миллий ишлар халқ комиссарлигида статистика, ташкилий-ташвиқот ва маданий оқартув бўлимлари ташкил қилинган эди. Аммо, Туркистон ҳукумати аъзоларидан Казаков, Успенский, Салькин кабилар Туркистон МИК қошидаги миллий ишлар секциясини тарқатиб юборишни сўраб VII съездга лойиҳа тақдим этдилар. Улар мазкур секцияни “миллатчиликнинг бир кўриниши” сифатида баҳоладилар.

Шунга қарамасдан, миллий масаладаги мураккаб вазиятни ҳисобга олган РКП (б) МК 1919 йил 3 июлда “Ҳокимиятга мутаносиб вакиллик тўғрисида” деган қарор қабул қилишга мажбур бўлди. Ушбу қарорда Туркистон маҳаллий аҳолисининг партияга мансублиги шарт қилиб қўйилмасдан, уларни мутаносиб равишда давлат қурилиши ишларига кенг жалб қилиш зарур деб кўрсатилиб, маҳаллий аҳолининг мол-мулкини мажбурий равишда давлат ихтиёрига олишни (реквизиция) тўхтатиш вазифаси ҳам қўйилган эди. Туркистон республикаси ҳукумати бу қарорни яширишга ҳаракат қилган бўлса-да, шов-шувлардан сўнг уни эълон қилишга мажбур бўлдилар. Аммо, ушбу қарор бўйича эътиборга молик бирор-бир амалий иш қилинмади.

Советлар тузуми Туркистондаги бошқарувни ташкил этишда катта бюрократик аппаратнинг пайдо бўлишига замин яратган эди. Бироқ, тадқиқотчиларнинг фикрича, большевикларнинг кадрлар масаласидаги сиёсати нафақат миллий соҳада, балки уқувсизлиги билан ҳам ажралиб туради. Мисол учун, давлатнинг масъул лавозимларида мутлақо саводсиз одамларнинг ишлаши табиий ҳол эди. Бу ходим большевиклар манфаатини ҳимоя қилиши кифоя эди. Ундан ташқари, Туркистондаги олий ҳокимият – Туркистон МИК, ҳукумат – Туркистон ХКС, ғоявий раҳнамо – Туркистон КП каби ўлка бошқарувида муҳим аҳамиятга эга бўлган ташкилотлар маҳаллий аҳоли ихтиёрида бўлмаган. Тадқиқотларга кўра, Туркистон ХКС ва Туркистон Иқтисодий Кенгашидек юқори ваколатли органларда ўзбеклар ишламаган. Ўлка бошқарувидаги барча йирик ташкилотлар, комиссарлик-ларнинг миллий таркиби умумий кўрсаткичларда қуйидагича эди [Ражабов Қ., Ҳайдаров М. Туркистон тарихи…, 55-56 бб. Муаллиф томонидан жадваллаштирилди]:

Миллати Сони Фоиз ҳисобида
Руслар 3,166 78,1
Бошқа европалик аҳоли 623 15,5
Ўзбеклар 132 3,3
Қирғизлар 34 0,8
Туркманлар 4 0,1

1919 йилнинг 8 октябрида В.Ленин Бутунроссия МИК ва РСФСР ХКСнинг Туркистон ишлари бўйича комиссия (Турккомиссия) тузиш тўғрисидаги қарорини имзолади. Бу комиссия таркибига Ш.З.Элиава – раис, М.В.Фрунзе, В.В.Куйбишев, Я.Рудзутак, Ф.И.Голошейкин, Т.И.Бокийлар кирдилар. Ушбу комиссия жуда катта ваколатларга эга бўлиб, жумладан, Бутунроссия МИК ва ХКСнинг ваколатига, Туркистон ҳудудларида ва қўшни давлатларда уларнинг номидан иш кўриш ҳуқуқига, РКП (б) МК номидан республикада олий партия назорати ва раҳбарлигини амалга оширишга, ўлка партия ташкилотларини тарқатиб юбориш, фавқулодда съездлар ва конференциялар чақириш ҳамда партия МК қарорларини қатъий бажаришга қаратилган бошқа чора-тадбирларни кўриш ҳуқуқларига эга эди. Ушбу комиссиянинг асосий мақсади – маҳаллий аҳоли манфаатлари йўлида ишлаш эмас, балки Туркистонда совет ҳокимиятининг мавқеини мустаҳкамлаш, империявий марказ билан ленинча раҳбариятнинг гўё “стратегик тўғри йўлини бузган”, янги ҳокимиятнинг мақсад ва моҳиятларини “бузиб” кўрсатган маҳаллий арбоблар фаолиятини назорат қилиш ҳамда улар ўртасидаги масофани узоқлаштиришдан иборат эди.

Туркистон комиссияси амалда минтақадаги барча партия, совет, хўжалик ва партия ташкилотларига раҳбарлик қилиб, Марказдаги большевикча сиёсатни қатъий равишда амалга оширишга киришди. Турккомиссия ўлкадаги бутун ҳокимиятни тўлалигича ўз қўлида тўплаб, фақат марказ манфаатларини амалга оширувчи “давлат ичидаги давлат” вазифасини бажарди.

Совет ҳокимиятининг Туркистон республикасида ҳаётга татбиқ этган декрет ва қарорлари маҳаллий халқларни мустамлакачилик асоратида тутиб туриш учун хизмат қилган эди. Хусусан, Бутунроссия МИКнинг 1920 йил 10 апрелдаги “Туркистон Совет Социалистик Республикаси тўғрисидаги” қарорида, 1921 йил 11 апрелдаги “Туркистон Совет Социалистик Республикасини таъсис этиш тўғрисидаги” декретда, РКП (б) МК 1920 йил 19 июнда қабул қилган “Туркистон Республикаси тўғрисидаги” Низомда, умуман, РКП (б) томонидан эълон қилинган кўплаб декретлар, чақириқлар, мурожаатномаларда кўзда тутилган халқларга эркинлик бериш, ўз тақдирларини ўзлари белгилаш, ажралиб чиқиб мустақил давлат тузиш ҳуқуқи ўрнига Туркистон ўлкасига ярим ҳуқуқ ва эркинликлар бериш, уни Россия таркибидаги автоном республика шаклида сақлаш сиёсати изчиллик билан амалга оширилди. Туркистон ўлкаси мустамлакачиликнинг янги “совет” шаклига айланди.

Совет ҳокимиятининг Туркистонда олиб борган мустамлака бошқарув сиёсати ҳамда марказлаштириш ҳаракатлари ТСР бошқарув органларида фаолият кўрсатаётган миллий раҳбар ходимларнинг кучли норозиликларига сабаб бўлди. Миллий коммунистлар ўлкадаги большевиклар сиёсатига очиқдан очиқ қарши чиқа бошладилар. Миллий раҳбар ходимларнинг норозилик кайфиятларини юзага чиқишида 1919 йил мартда тузилган ўлка Мусулмонлар бюроси (Мусбюро) муҳим аҳамиятга эга бўлди. Чунончи, Қайғусиз Отабоев, Юсуф Алиев, Абдулла Раҳимбоев, Санжар Асфандиёров, Назир Тўрақулов, Иномжон Хидиралиев каби кўплаб миллий раҳбар ходимлар Турор Рисқулов раислигидаги Мусбюро атрофида бирлашган эдилар.

1920 йил январ охирларида Мусбюронинг III конференцияси бўлиб ўтди. Ушбу конференцияда Туркистондаги учта партиявий ташкилот – ТКП Ўлка комитети, Мусбюро ва ажнабий коммунистлар партияси ягона коммунистик партияга бирлаштирилди. Конференция қарорида “Туркистон туркий халқларининг коммунистик партияси” деб расмий номланган ушбу партия кенг меҳнаткашлар оммасининг партияси бўлиши, РКП (б) МКга нисбатан вилоят (ўлка) комитети ҳуқуқларидан фойдаланувчи ва унга бўйсунувчи ўз МК томонидан бошқарилиши керак эди. Шунингдек, конференцияда Т.Рисқулов томонидан Туркистон Совет Республикаси номини ўзгартириб, уни Туркистон республикаси деб аташ таклиф қилинганда бу таклиф конференция иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланди.

Таклиф этилган Турк республикасига ТСР дан ташқари қўшни миллий республикаларда (ҳоз. Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон давлатлари) яшовчи туркий халқлар кириши керак эди. Т.Рисқулов ўз маърузасида Туркистон республикаси Конституциясини қайта кўриб чиқиш, мусулмонларнинг алоҳида армиясини тузиш ҳамда қизил армиянинг мусулмон бўлмаган барча қисмларини Туркистондан олиб чиқиб кетиш масаласини ҳам кўтарган эди. Т.Рисқуловнинг ушбу ғоялари ТКПнинг V ўлка конференцияси (1920 йил январ) да ҳам маъқулланди. Мусбюронинг III конференцияси “Туркистон мухторияти ва Конституцияси ҳақидаги резолюция” қабул қилди. Ушбу ҳужжатда қуйидаги таклифлар бор эди [Ражабов Қ., Ҳайдаров М. Туркистон тарихи…, 69-70 бб]:

  1. Беш вилоят – Сирдарё, Еттисув, Фарғона, Самарқанд, Каспийорти вилоятларидан иборат Туркистон қирғиз, ўзбек, қорақалпоқ, қипчоқ, таранчи, татар, дунган ва бошқалардан иборат туркий халқлар (шунингдек, тожик, келиб чиқиши турк бўлмаган маҳаллий яҳудийлар ҳамда бошқа четдан келган рус, армани, яҳудийлар) мамлакатидир.
  2. РСФСР Конституциясининг 2-моддасига мувофиқ, Туркистон мухтор республикаси миллий совет республикаси ҳисоблансин, унда ўз тақдирини ўзи белгиловчи маҳаллий халқ туркий халқлардир. Шу туфайли ҳудудий мазмун касб этувчи “РСФСР Туркистон Республикаси” номли “РСФСР Турк республикаси” деб ўзгартирилсин.
  3. Совет Турк республикаси ўз давлат фаолияти ва Конституциясини маҳаллий аҳолининг тарихий, иқтисодий турмуш талабларига жавоб бера оладиган асосда қуриши лозим.
  4. Туркистоннинг беш вилояти ўртасидаги географик чегаралар тўсиқ ҳисобланмасин.
  5. Туркистон Республикаси Советларининг VI съездида тасдиқланган Конситуцияси қайта кўриб чиқилсин…, маҳаллий ҳаётга мувофиқ келадиган, РСФСР меҳнаткашлари ва эзилган халқлари ҳуқуқлари Декларацияси асосидаги янги Коституция ишлаб чиқилсин.
  6. Эзилган халқлар меҳнаткашларини байналмилал жипслаштириш манфаатларини кўзлаб, туркий халқларни татар, қирғиз, бошқирд, ўзбекларга ажратиб бўлиб ташлаш ва алоҳида майда республикалар тузиш учун интилишларга коммунистик ташвиқот йўли билан барҳам берилсин…

Т.Ризқулов Москвага, РКП (б) МК ва В.Ленин номига бир неча марта радиограмма орқали хабар юбориб бу резолюцияни тасдиқлашни сўради. Аммо, ушбу резолюция Турккомиссия томонидан кескин қораланиб, Т.Ризқўлов ва унинг тарафдорлари “миллий оғмачилик”да айбланиб, уларга “пантуркист” тамғаси босилди. 1920 йил 8 мартда РКП (б) нинг махсус қарори билан “Туркистон туркий халқларининг коммунистик партияси ва Турк республикаси” тузиш ҳақидаги қарор ноқонуний равишда рад қилинди. Т.Ризқуловнинг Москвага, Ленин ҳузурига шахсан бориб “Туркистонда давлат қурилиши тўғрисидаги Низом” лойиҳасини тақдим этиши ҳам самарасиз тугади.

1920 йилнинг июн ойида Турккомиссия таркибидан РКП (б) Туркистон бюроси (Туркбюро) ажралиб чиқди. Туркбюро партия ташкилотлари фаолиятини назорат қилиб, Турккомиссиянинг издоши сифатида минтақада Марказнинг мустамлакачилик сиёсатини олиб борди. Туркбюро фаолиятини 1921-1922 йилларда Я.Рудзутак, А.Иоффе, С.Гусев бошқардилар. 1922 йил май ойида Туркбюро РКП (б) томонидан Ўрта Осиё бюроси қилиб қайта тузилди.

1920 йилнинг ёзидан бошлаб Туркистон республикасида вазият кескин ўзгарди. Т.Ризқулов ҳамда унинг тарафдорлари ҳукуматдаги масъул лавозимларидан истеъфога чиқдилар. Ҳокимият тепасига эса Турккомиссия ва Туркбюронинг хоҳиши билан ҳисоблашадиган шахслар келдилар. Фақат Марказнинг кўрсатмалари билан иш олиб борадиган Турккомиссия Туркистондаги бутун ҳокимият органларини ўз қўлига олиб, республикада янги совет мустамлакачилик тизимини ўрнатишга ҳаракат қилдилар ва афсуски бунга эришдилар. Натижада Туркистон иккинчи марта Россиянинг хом ашё базасига айланди.

Туркистон Республикаси
Туркистон Республикаси

Большевиклар ўрнатган совет режими Туркистон халқларига нафақат мустақиллик, ҳатто миллий мустақилликни ҳам бермади. Мустақиллик осонликча қўлга киритилмаслигини англаб етган миллий ватанпарварлар қўлга қурол олиб большевиклар ва босқинчи қизил армияга қарши истиқлолчилик ҳаракатини бошлаб юбордилар [Истиқлолчилик ҳаракати ҳақидаги маълумотлар т.ф.д. Қ.Ражабов материаллари асосида берилди].

Туркистон Мухториятининг қонга ботирилиб тугатилиши истиқлолчилик ҳаракатининг бутун Фарғона водийсида бошланишига туртки бўлди. Бу кураш 1918 йил феврал ойининг охирларида бошланган эди. Шу йилнинг март ойига келиб Фарғона водийсида бир-биридан мустақил равишда 40 дан зиёд қўрбоши дасталари фаолият кўрсатган. Март ойининг охирларида Фарғонадаги Бачқир қишлоғида Фарғонадаги бутун қўрбошларининг биринчи Қурултойи чақирилиб, унда Катта Эргаш қўрбоши бутун истиқлолчилик ҳаракатининг бошлиғи қилиб сайланди ва унга “Амир ал-муслимин” унвони берилди. Унинг ўринбосарлари қилиб Мадаминбек ва Шермуҳаммадбеклар тайинланди.

Бу ҳаракатнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи-деҳқонлар, чорикорлар, мардикорлар, ҳунармандлар ва косиблар бўлган. 1918 йилнинг ўрталарига келиб, Фарғона водийсида тахминан юзга яқин қўрбошилар ўз дасталари билан қизил армияга қарши кураш олиб бордилар. Бу гуруҳларда 15.000 йигит бор эди. 1919 йилнинг ёзи ва кузида Фарғона водийсидаги истиқлолчилик ҳаракати ўзининг энг юқори чўққисига чиқди.

Бу пайтда истиқлолчилар сафига рус крестьянлари армиясининг К.Монстров бошчилигидаги Жалолободда турган қўшинлари қўшилдилар (2 сентябр). Сентябрнинг бошларида истиқлолчилар Жалолобод ва Ўш шаҳарларини эгаллаб, Андижонни қамал қилдилар. 1919 йил 22 октябрда Помир этакларидаги Эргаштом овулида бўлган истиқлолчилар анжуманида Мадаминбек бошчилигидаги Фарғона муваққат мухторият ҳукумати тузилди. Ҳукумат таркибига маҳаллий аҳолидан 16 киши, европалик аҳолидан 8 киши киритилди. Мадаминбек ҳукумат бошлиғи ва Фарғона водийсидаги истиқлолчилик ҳаракатининг Олий бош қўмондони этиб сайланди.

1919 йилнинг кеч кузига келиб Мадаминдек қўл остидаги 30.000 га яқин, Шермуҳаммадбек қўл остидаги 20.000, Катта Эргаш қўрбошининг 8.000 минг йигитлари қизил армияга қарши жанглар олиб борди. Бу учта лашкарбоши водийдаги жанговар ҳаракатларни йўналтириб турдилар.

1920 йил 3 майда Фарғона водийсидаги бутун қўрбошилар ва тинч аҳоли вакиллари Олтиариқ тумаанидаги Ғойибота қишлоғида ўзларининг навбатдаги қурултойини ўтказдилар. Бу қурултойда Шермуҳаммадбек бошчилигида Туркистон-турк мустақил ислом жумҳурияти ёки Туркистон муваққат ҳукумати тузилди. Боймирза Ҳайитнинг ёзишича, ҳукумат таркибига 6 киши киритилган бўлиб, улар қуйидагилар эди: Шермуҳаммадбек-ҳукумат раиси ва Олий бош қўмондон; Муллажон Қори – хавфсизлик нозири; Акбаржон Эшон – Шайхулислом; Абдусалом Қори – ҳукуматнинг бош котиби; Назиржон – молия вазири; Мулла Ҳожи Ниёз- махсус ишлар нозири. Ундан ташқари, 14 кишидан иборат ҳарбий идора маҳкамаси ҳам тузилади.

1922 йилнинг 15-20 апрелида Самарқанд шаҳрида, яширин ҳолатда Туркистон мусулмонларининг 2-қурултойи бўлиб ўтди. Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Каспийортидан нуфузли қўрбошилар иштирок этган ушбу қурултойда Туркистон-турк мустақил ислом жумҳуриятининг Муваққат Конституцияси қабул қилинди.

Боймирза Ҳайитнинг берган маълумотларига кўра, қурултойда Фарғона водийси истиқлолчиларининг йўлбошчиси Шермуҳаммадбек катта маъруза қилади. Қурултой сўнггида 7 бўлим ва 36 моддадан иборат резолюция (Муваққат Конституция) қабул қилинди. Бу ҳужжат Туркистон ўлкасидаги Сирдарё, Фарғона, Самарқанд, Еттисув, Каспийорти вилоятлари ҳамда Амударё бўлими эндиликда, Туркистон турк-мустақил ислом жумҳурияти таркибига киритилганлигини қонун йўли билан мустаҳкамлади. Унда ҳукумат таркиби 15 кишидан иборат бўлиши белгилаб қўйилди. Ушбу 15 киши орасидан мамлакат Президенти, Вице-президенти ва Бош котиб сайланиши ҳамда бу уч кишидан иборат Ижроя Қўмита тузилиб, улар пойтахтда доимий равишда ишлаши кўзда тутилган эди. Ҳукуматнинг 5 та аъзоси Фарғона вилоятидаги Наманган, Андижон, Марғилон, Қўқон, Ўш туманларининг ҳарбий бошлиқлари этиб тайинланадиган бўлди. Қолган 7 киши эса – ҳарбий, ташқи ишлар, ички ишлар, почта ва телеграф, диний ишлар, молия, адлия, транспорт вазирлари қилиб тайинланишлари лозим эди. Аммо, бу ҳукумат 1922 йилнинг охирига келиб тарқалиб кетди. Чунки ҳукумат аъзолари ўзларига топширилган вазифаларни бажариш ўрнига жангларда иштирок этишга мажбур бўлган эдилар.

Истиқлолчилик ҳаракати 1920-1924 йилларда Бухоро ва Хоразм республикаларида ҳам авж олди. Бухорода Иброҳимбек, Мулла Абдулқаҳҳор, Давлатмандбек, Анвар пошо, Жабборбек каби қўрбоши ва йўлбошчилар, Хоразмда Қурбон Мамед Сардор Жунаидхон, Мадрайимбой, Саъдулла бола, Шокир бола, Мавлонбек кабилар бу ҳаракатга бошчилик қилдилар.

Боҳодир Эшов,
«Ўзбекистон давлатчилиги ва бошқаруви тарихи»,
Тошкент-2012

Ўхшаш мақола

Бодавлат, Оталиқ ғозий – Муҳаммад Ёқуббек ҳақида

Post Views: 679 Ёқуббек ботирнинг қабрда кесилган боши Қўқон хонлиги тарихида Муҳаммад Ёқуббек (халқ орасидаги …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *