Тошкент агломерацияси

ТОШКЕНТ АГЛОМЕРАЦИЯСИ – аҳоли, сони, ҳудудининг катталиги ва хўжаликдаги аҳамиятига кўра Ўрта Осиёда шаклланган шаҳар ва қишлоқларнинг энг йирик, мураккаб ҳудудий тизими. 6,4 минг км2 майдонни эгаллайди. Унинг таркибига 10 та шаҳар (Тошкент, Чирчиқ, Янгийўл, Fазалкент, Келес, Паркент, Оққўрғон, Дўстобод, Чиноз, Тўйтепа) ва 17 та шаҳарча (Алимкент, Бўзсув, Гулбаҳор, Искандар, Олмазор, Салор, Туябўғиз, Улуғбек, Чорбоғ, Чиғириқ, Эшонгузар, Янгибозор, Янгиҳаёт, Янги Чиноз, Ўртаовул, Қибрай, Қизилтоғ) ҳамда 600 дан ортиқ қишлоқ киради.  Агломерация доирасида 4 млн. га яқин аҳоли яшайди, шундан 2,6 миллиони шаҳар аҳолиси, урбанизация даражаси 72% ни ташкил этади. Мазкур ҳудуд республикада юқори даражада урбанизациялашган бўлиб, шаҳарлар зичлиги ҳар минг кв.км га республикада 0,5 тани ташкил этгани ҳолда, бу ерда 4,2 тадан тўғри келади.

Агломерация Чирчиқ дарёси водийси бўйлаб полосасимон кўринишда жануби-ғарбдан шимоли-шарққа 130 км дан ортиқ масофага чўзилган, кўндаланг диаметри 40 км га етади. Жануби-ғарб­да Сирдарё, шимоли-шарқда Чорвоқ сув омборига бориб туташади. Шимолий чегараси Қозоғистон билан бўлган давлат чегараларига, жануби эса кенг қишлоқ хўжалик ерларига тўғри келади.

Агломерация моноцентрик типда бўлиб, пойтахт шаҳар негизида, суғорма деҳқончилик ҳудудида вужудга келган. Қулай иқтисодий географик ўрнидан келиб чиққан ҳолда функционал ва ҳудудий жиҳатдан атрофга қараб кенгайиб борди. Ҳозирги кунда шаҳар майдони 330 км2 бўлиб, 1922 йилга нисбатан 3,3 марта кенгайган. Агломерациялашув жараёнининг дастлабки даврларида (1960-йилларда) тизим таркибида 11 та йўлдош шаҳар бўлган. 1970 йилда уларнинг сони 17 та, 1989 йилда 27 тага етди. Агломерация аҳолисининг деярли ярми унинг марказида тўпланган. Шаҳар аҳолисининг нисбати унинг маркази фойдасига 4:1 ни ташкил этади.

Агломерация «ядро»си – Тошкент шаҳри; аҳоли зичлиги 1 км2 га 300–350 киши, ўқиш, меҳнат бўйича алоқалар устун турувчи, марказга жамоат транспортида қатнаш вақти 1 соат, радиуси 35–40 км гача бўлган 1-зона. Бу зонада Тошкентнинг ўнг қанотида 1-тоифали йўлдош шаҳри – Чирчиқ жойлашган бўлиб, у ҳам ўз навбатида атрофидаги Fазал­кент, Искандар, Оркутсой, Чорвоқ, Қибрай каби аҳоли манзилгоҳларини ўз таъсир доирасига тортиб туради. Чап томонида 2-йирик йўлдош шаҳри Янгийўл ҳам ана шундай локал ҳудудий тизимни шакллантириш арафасида. Ушбу зонанинг бевосита Тошкентга туташ қисмида аҳоли ниҳоятда зич (1 км2 га 600–700 киши) жойлашган (587 минг киши). Бу ердаги Келес, Эшонгузар, Назарбек, Кўксарой, Янгибозор, Салор каби аҳоли манзилгоҳлари сув, энергия, канализация, телефон тармоқлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш ҳамда аҳоли алоқалари орқали Тошкент билан чамбарчас боғлиқ ҳолда ривожланади. Улар биргаликда Тошкент мегаполиси ёки «Катта Тошкентни» ташкил этади.

2-зона меҳнат ва ўқиш алоқалари сусайиб, маданий-маиший, рекреация алоқалари устунлик қилувчи, аҳоли зичлиги 1 км2 га 150–200 кишини ташкил этувчи, марказдан 60–70 км радиусга эга ҳудудларни ўз ичига олади. Бу ерда Тошкентнинг «узоқдаги» йўлдош шаҳарлар ва қишлоқлари жойлашган бўлиб, унинг чегаралари марказга қатнаш вақти 2 соатгача бўлган изохроналардан ўтади. Бу ерда алоқалар сусайиб бориб, шаҳар атрофи ташқи зонаси билан боғланиб кетади.

Агломерациянинг ҳудудий таркибида Тошкентни атрофи билан боғловчи транспорт йўллари «ўқ»ларга ўхшаб атрофга кириб боради ва йўлдош шаҳар ҳамда қишлоқларни агломерация «ядро»сига тортилиб туришини таъминлайди. Улар марказдан атрофга радиал йўналишда кетувчи темир йўл, йирик автомагистраллар ва улардан ёнга тармоқланиб кетувчи 2-даражали йўллардир. Аҳоли манзилгоҳларининг асосий қисми Чирчиқ ва Чиноз йўналиши бўйлаб жойлашган. Бу йўллар агломерациянинг нафақат ички қисмини, балки уни қўшни ҳудудлар билан ҳам боғлаб туради.

Агломерацияда Тошкент бош шаҳар бўлиб, йўлдош шаҳарлар уни тўлдирувчи ва унга хизмат қилувчи функцияларни бажаради.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *