Катта Қаъни
«КАТТА ҚАЪНИ» МАҲАЛЛАСИ (Лочин кўчаси, 14) – Учтепа туманидаги маҳалла. «Қозигузар», «Ўрикзор», «Нуробод» маҳаллалари ва Алгоритм мавзеси билан чегарадош. 1987–91 йиллардан «Катта Қаъни» маҳалласи деб юритилган. Маҳалла ҳудуди Тошкент шаҳрига қўшилгунча Зангиота тумани Катта Қаъни қишлоғи деб юритилган. «Қаъни» атамаси, аслида қадимги туркий қабилалардан «қанғли»нинг бузилган шакли ҳисобланади.
Маҳалла ҳудудидаги Фозилтепа археологик ёдгорлиги (4–8-асрлар) тарихий манбаларда Қанғлиқўрғон номи билан қайд этилган. Қишлоқ, кейинчалик маҳалла номи шундан олинган. Янги қурилаётган Изза даҳасидаги уй-жойларга аҳоли кўчиб келиши натижасида хонадонлар сони 1150 дан ошиб кетди (2008). Маҳалла ҳудудида ўрта мактаб, озиқ-овқат дўконлари, новвойхоналар мавжуд. Маҳалладан 30 дан зиёд кўча ўтган.
КАТТА ҚАЪНИ КЎЧАСИ – Чилонзор ва Учтепа туманлари ҳудудини бирлаштирувчи асосий кўчалардан бири. Фозилтепа ва Ал-Хоразмий кўчалари оралиғида жойлашган. Узунлиги 4 км атрофида. Тошкент зилзиласидан сўнг аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида пойтахтнинг жануби-ғарбида 1968 йил ташкил топган. 1990 йил 14 майда Катта Қаъни номи берилган. Кўча номи жойда мавжуд бўлган аввалги Катта Қаъни қишлоғи ва ҳозирда шу номдаги маҳалла номи билан уй¬ғунлаштирилган. Кўча йўналишида Чилонзор 20-, 26-мавзелари, 2-трамвай депоси, Чилонзор туманига қарашли «Тинчлик», «Шарқ тонги», «Хайробод», Учтепа туманига қарашли «Катта Қаъни», «Нуробод» ва «Қозигузар» маҳаллалари, уй-жой мулкдорлари ширкатлари, мактаб ва боғчалар, савдо мажмуалари, аҳолига сервис хизмат кўрсатиш шохобчалари, трамвай ва маршрут таксиларнинг бошбекатлари жойлашган. Лутфий кўчаси билан кесишган. Заргарлик ва Изза кўчалари билан туташган. Кўча бўйлаб жамоат транспорти ҳаракати йўлга қўйилган.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил






Изоҳлар