ТОРКЎЧА, Толкўча – Кўкча даҳасидаги қадимий маҳалла. Каттаҳовуз, Дарбоза маҳаллалари ва Бўзсув канали билан чегарадош бўлган. Қарийб 300 хонадон яшаган. Аҳолиси, асосан, ўзбеклар бўлиб, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ, боғдорчилик, деҳқончилик, (Ингичкакўприк, Шофайзиқулоқ, Кўкча Оқтепаси мавзеларида) билан шуғулланган. Маҳаллада катта ҳовуз, масжид, дўконлар бўлган (20-аср боши). Ҳозирги ҳудудининг бир қисмига Гулобод даҳаси, Абу Али ибн Сино номидаги 1-шаҳар клиник касалхонаси қурилган.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил