Бош саҳифа » Сулола » Долимовлар шажараси » Сулола. Долимовлар шажараси. «Бриллиант узук» воқеаси

Сулола. Долимовлар шажараси. «Бриллиант узук» воқеаси

Қаттиқ таъқиб ва тазйиқларга қарамай, фаолият доираси анча кенг бўлган “Турон” хайрия жамияти қошидаги “Туркистон кутубхонаси” нашриётининг раҳбарлари Комилбек ва Каримбек Норбековлар муассислигида Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Муҳаммадрасул Расулий, Рустамбек ибн Юсуфбек ҳожи, Ҳолид Саид, Мўминжон Муҳаммаджон ўғли – Тошқин, Ҳожи Муин, Мажид Қодирий, Шокиржон ибн Абдураҳмон, Иноятуллоқори ибн Домулло Мирзажон, Абдусамеъқори, Шокирқори ибн Зокирқори домла каби ўнлаб жадид педагоглари ва муаллимларининг турли фанларга оид элликдан ортиқ дарсликлари, ўқув қўлланмалари нашр этилди ва мактабларга тарқатилди. Бундай дарсликлар Туркистон ўлкасининг Тошкентдан бошқа шаҳарлари жадид мактабларига ҳам кенг тарқатилар эди. Бу ишлар катта маблағ ва ташкилотчиликни талаб қилар эди.

Кейинроқ жадидларнинг бошқа газеталари қаторида “Турон”, “Шўрои исломия” газеталари ҳам Комилбек ва Каримбек Норбековларнинг муассислигида нашр этилган.

1917 йилнинг эрта баҳор фаслида Уфадаги “Олия” мадрасасини янги тугатиб келган жадид зиёлиларининг оташин публицисти Мирмуҳсин Шермуҳамедов (Фикрий)нинг мутаассиб пешволарни, усули қадим тарафдорларини жазавага солган “Тарихий икки воқеа” мақоласи Абдулла Авлоний ўзи ташкил этган ва янги муҳаррирлик қила бошлаган “Турон” газетасида босилади. Мақола 1917 йил Феврал инқилоби муносабати билан ёзилган бўлиб, унда шундай чақириқ сўзлари бор эди: “Азиз миллат болаларининг рангларин сап-сариғ самон қилган, очликдан тишларин кирини сўрдирган Бухоро ва Хивадаги даҳшатли, қоронғи, заҳ зиндонлар эшиги бузилди… Мактаб ва мадраса ислоҳи деса, тишларини қичирлатиб, кўзларин олайтурадурғон маориф душманлари – судрама чопон, жонли тегирмонлар… қозикалон, қушбеги, офтобачи, тағин нима балолар исми ила шуҳратланган Бухоронинг миқроблари энди қувулурлар. Талабаларни(нг) ярим умрин тўзон қилиб кўкка учурган муқоваси қалин “Шарҳи мулло”лар шояд энди отилиб ташланурлар. Анинг ўрнига шояд янги қоида ила ёзилган дарсликлар ўқутулур ҳам ўқулур” [“Турон” газетаси, 1917 йил, 2-сон].

Натижа шундай бўлдики, Мирмуҳсин Шермуҳамедов “Тошкент уламолар жамияти” ҳайъати ва раиси муфти Садриддин аълам томонидан ўлимга ҳукм этилди ва уларнинг талаби ҳамда генерал-губернаторликнинг фаол аралашуви билан “Турон” газетаси фаолияти қаттиқ назорат остига олинди, Авлоний муҳаррирликдан четлатилди ва бундан буён газета нашр этмаслик ҳақида тилхат беришга мажбур қилдилар. Мирмуҳсин дўстлари ва қариндош-уруғлар ёрдамида зиндондан қочишга муваффақ бўлди, бир неча йил яна Уфада фаолият кўрсатди. Норбековларнинг “Мактаб кутубхонаси” нашриёти фаолияти тўхтатилди.

Комилбек ва Каримбеклар ўзлари яшаб турган маҳалла аҳллари билан ҳам ҳеч қачон алоқани узган эмаслар. Уларнинг Сағбон маҳалласидаги тенгдошлари билан ҳам яқин алоқаси, улфатчилиги бўлган. Айниқса, Шораҳмат, Шотурсунқори, Шоакрам каби маҳалла зиёлилари, Мастонжон боғбон, бободеҳқон Умархон, Абдушукур, Тожибой, Жўримбой каби ҳунарманд-косиблар, боғбонлар, савдогар бойлардан Сиддиқбой, Тиллабой (академик Обид Содиқов ва профессор Раҳим Тиллаевларнинг оталари ва бувалари – У.Д.) кабилар уларнинг жўралари эди. Адам Субутой Долимов Комилбек ва Каримбек отамнинг Сағбон маҳалласидаги дўстлари билан бўлиб ўтган бир улфатчиликлари ҳақида гапириб берган эдилар. Эҳтимол, бу воқеани ўзбек халқ оғзаки ижоди намуналарини, кўпроқ халқ ибораларини, мақолларини мукаммал билувчи, адам билан бирга уларни “Кенг уйнинг келинчаги” номи билан нашр эттирган раҳматли Шотурсунқори ота Шомақсудов (1890 –1979) адам Субутой Долимовга айтиб берган бўлишлари мумкин: “1920-йилларнинг бошлари эди. Шотурсунқори ака Тошкент шаҳридан ташқарида – “Хотин кўприк” мавзесидаги шинам боғида улфатларининг навбатдаги гапини ўтказадилар. Мевалар ғарқ пишган, айниқса, қипқизил жоноқи олмалар ҳушбўй ҳид таратади: тўрт томони мевали дарахтлар билан ўралган, тангадек ерига офтоб тушмайдиган катта чорсу супа отларда, извошларда шаҳардан чиққан меҳмонлар билан тўла, ичкари қўрғонда қўш қозонларда турли овқатлар қайнаяпти. Супа тўрида болишга ёнбошлаб ўтирган Комилбек ака бармоғидан чиройли узугини олиб, рўмолчаси билан арта бошлайди. Буни зимдан кузатиб ўтирган жўраларидан Тожибой:

— Бек, нега мунча узугингизни кўз-кўз қилиб қолдингиз? – дейди пичинг аралаш.

Комилбек дарров хушёр тортиб:

— Йўғе, ундай эмас, шунчаки артаяпман-да, — дейди.

Тожибой шу гапини яна такрорлагач, Комилбек бармоғидаги узугини олиб, супа ёнида оқиб турган ариққа отиб юборади. Бу воқеани кузатиб турган Шотурсунқори аканинг укаси Шоакрам ва улфатда хизмат қилаётган уларнинг яқин қариндоши Ҳожибой дарров сувни тўхтатиб, ариқ лойининг ичидан узукни топиб берадилар ва меҳмонларни ҳижолатдан чиқарадилар”.

Бу ҳақда Шотурсунқори отанинг ўртанча ўғли Анвар Шомақсудов ҳам ўзининг “Дилдан тилга кўчган қиссалар” рисоласида айтиб ўтган [Анвар Шомақсудов. Дилдан тилга кўчган қиссалар. Т.: 2004, 13 – 14-бет].

Бу узук атоқли давлат арбоби Файзулла Хўжаев томонидан қадрдон дўсти Комилбек Норбековга эсдалик сифатида тақдим этилган бир неча каратли қимматбаҳо бриллиант узук эди. 1918 йилнинг март ойида Колесов воқеаси туфайли Бухоро амири Олимхон томонидан “ёш бухороликлар” партияси аъзолари таъқиб остига олинган, Садриддин Айний 75 дарра урдирилиб, ўлим ҳолига келтирилган, баъзилари ўлимга ҳукм қилинган бир вақтда Файзулла Хўжаев ҳамда унинг сафдошлари Бухородан кетишга ва Тошкентда жон сақлашга мажбур бўладилар. Файзулла Хўжаев бир неча ой Комилбекнинг шаҳар ташқарисида, Чимбой махалласидаги боғ ҳовлисида Бухоро амирлиги айғоқчиларидан яшириниб яшашга мажбур бўлади. Бу ҳақда Комилбек ва Каримбек Норбековларнинг фаолиятини чуқур ўрганган жадидшунос олим Сирожиддин Аҳмад қуйидагиларни ёзади: “Бухоро жадидлари Колесов воқеасидан сўнг Тошкентга бошпана излаб келадилар. Файзулла Хўжаев бир неча ой Комил Норбековнинг боғида яшириниб ётади” [Сирожиддин Аҳмад. Қаюм Рамазоннинг ушалмаган орзуси. Т.: 2005, 16-бет].

Файзулла Хўжаев 1918 йил ноябрь ойида Москвага кетиш олдидан Комилбекка юқорида тилга олинган узукни, унинг ҳар қанча қаршилигига қарамай, эсдалик сифатида тақдим этган экан.

Давоми бор…

Улуғбек Долимов
«Аҳли ирфон»

Тошкент, «Академнашр», 2015

Ушбу китобни тақдим этган Элбек Долимовга миннатдорчилик билдирамиз

Ўхшаш мақола

Сулола. Долимовлар шажараси. 20-30-йиллар

Post Views: 302 1924 йилда Долимбек учинчи фарзанди Насира (1902 – 1984)ни Муҳаммад Солиҳ (келажакда …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *