ҚЎЙЛИҚОТА ЖОМЕ МАСЖИДИ (Миробод тумани Истиқбол кўчаси, 4/2) – ўрта асрларга оид мақбара ўрнида барпо этилган масжид. Дастлаб Аҳмад Яссавий авлодларидан бўлган, Самарқанд қозикалонининг ўғли Ҳофиз Қўйлиқий мақбараси бунёд этилган (15–16-асрлар). Ривоятларга кўра, у тўғрилик ва эзгуликни тарғиб этиб, чорвачилик билан машғул бўлган, қўйларни тез кўпайтириш йўлларини яхши билган. Шу минтақадаги аҳоли ҳам, асосан чорвачилик билан шуғулланган ва Ҳофиз Қўйлиқийнинг бу борадаги билимдонлиги туфайли, уни авлиё даражасида кўришган. 1854 йил йўл қурилиши натижасида мақбара зиён кўрган ва маҳаллий аҳоли томонидан Қўйлиқота қабри ҳозирги ўрнига кўчирилган. 1989 йилда аҳоли талабига кўра мақбара қайта таъмирланиб, масжид барпо этилган. Унда, асосан, Қўйлиқота ва Хонобод маҳаллалари аҳолиси намоз ўқийди.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил