Бош саҳифа » Тарих » Ўзбек миллий менталитети ҳақида баъзи мулоҳазалар

Ўзбек миллий менталитети ҳақида баъзи мулоҳазалар

XXI аср ўзбек халқи тарихи ва миллий қадриятларини ўрганиш соҳасида янги зарварақларни муҳрламоқда. Бугунги кунда тарихимизнинг номаълум босқич ва қирралари қайтадан кашф этилмоқда. Ўзбекистан мустақиллигидан сўнг ўзбек халқининг қадимий давлатчилик анъаналари, этник тарихи ва этногенезига бағишлаган қатор салмоқли тадқиқотлар яратилмокда[1]. Лекин, афсуски ҳозирги қадар ўзбек халқнинг менталитети, унинг ўзига хос томонлари, миллий ютукларимиз ва нуқсонларимиз борасида тадқиқотлар айтарли кўзга ташланмаяпти[2].

Тарихда маълумки, дунёдаги ҳар бир миллатнинг шу жумладан ўзбекларнинг ҳам ақлий руҳий қиёфаси яъни миллий менталитети ўзига хос тарихий, этниқ табиий-иқлимий шарт-шароитлар доирасида шакллангани боис, унинг жамиятда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий ҳодисалар, тарихий жараёнларга бўлган муносабати ҳам турли бўлиши шубҳасиз. Зеро, миллий ўзига хосликлар узоқ; тарихий даврдаги ижтимоий — иқтисодий, сиёсий жараёнлар, табиий географик ўрнашув, ўзаро этномаданий алоқалар, диний мансубликлар асосида қарор топади ва айнан мана шулар ҳамда халқнинг руҳийпсихологик карашлари негизида қадимий анъаналар, урф-одатлар ва маросимлар шаклланади.

Менталитет юқорида қайд этилган хусусиятлардан ташқари миллатларнинг ақлийинтеллектуал имкониятлари ва руҳий-психологик ўзига хосликларини қамраб олади. Характердаги ўзига хосликларнинг негизини эса шу халқнинг тарихий тажрибалари, урфодатлари, маросим ва маъракаларининг яҳлит тизими ташкил этади[3]. Бошқача қилиб айтганда, улар менталитетнинг харакатлантирувчи кучлари вазифасини ўтайди.

Ўзбек халқининг миллий менталитети ҳақида сўз юритишдан олдин шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, ўзбек халқи 4 та катта диний-мафкуравий босқични (зардўштийлиқ, буддавийлик, ислом, коммунистик) ўз бошидан кечирганлиги ва ҳар бир мафкуравий-диний таъсирлар даври тугагунча неча авлодлар алмашганини ва бу жараёнларнинг миллат феъл-атворида ўчмас из қолдирганини унутмаслик керак[4].

Ўзбеклар ўзига хос шаклланиш жараёнига эга халқдир. Тарих гувоҳлик берадики, ўзбек халқи мазкур ҳудудда яшаган туб ерли этнослардан томир олган; иккинчи илдизини эса қадимий туркий халқлардан бошлаган. Ҳар иккала асосий илдизларнинг бирикиши — ўзаро синтези ўзбек элатини ва кейинчалик ўзбек миллатини ташкил этган[5].

Ўзбек халқининг этник жиҳатидан кўп тармоқли ва сертомир эканлиги унинг менталитетида барча уруғ ва ижтимоий қатламлар учун умумий жиҳатлар, жамоа манфаатларини ҳимоя қилувчи фазилатнинг айниқса ривож топишни тақозо этиб келган. Халқимиз феълидаги бағрикенглик, ҳотамтойлик, меҳмондўстлик, ўзаро ҳамкорликда мойиллик, ғам-андуҳи пайтларда ночор кимсаларга ҳамдардлик, елкадошлик фазилатлари ана шу жамоавий якдилликни таъминлаш, тил ва дил, фикр бирлигини сақлаш эҳтиёжларидан туғилган ва сайқал топгандир.

Иккинчи гуруҳ, сабаблар доирасига муайян миллат истиқомат килиб келаётган ижтимоий-иқтисодийг жуғрофий-ҳудудий ва иқлимий омиллар таъсирини кўрсатиб ўтиш жоиздир. Маълумки, мамлакатимизнинг асосан текислик ва чўллардан иборат кескин континентал иқлимли, жуғрофий ҳудудда жойлашганлиги, жазирама иссиқ, ёз билан қаҳратон қишни, алмашиниши, баҳор ва кузнинг шиддат билан келиши ва кетиши халқимизнинг феъл-атворида аниқлик ва лўндаликни, тўпорилиқ қайноқ меҳрини, қаттиққўллик ва интизомни таркиб топтиргандир.

Хуллас, халқимизнинг интеллектуал маънавий қиёфаси-менталитетига баҳо беришда юқоридаги муҳим жиҳатларни эътиборга олиш зарурдир.

Ўзбекларнинг Мовароуннаҳр ва Хоразм ҳудудида, ҳамда уларга туташ минтақалардаги ўтроқ деҳқончилик ва ҳунармандчилик маданиятига эга автохтон халқ эканлигига халқимизнинг она табиатга, ерга, сувга, ҳавога, оловга бўлган чексиз ҳурмати ва уларни эъзозлаш билан боғлиқ турфа хил урф-одат ва маросимлари, анъанавий деҳқончилик ва ҳунармандчилик удумлари, кўп асрлик ислом шароитидан қатъий назар, ўзбек халқининг турмуш-тарзида, урф-одатларида сақланиб келаётган сон-саноқсиз зардўштийлик элементларида айниқса яққол ифодаланган. Шунингдек, бугунги кунда ўзига хос тарзда тарих ривожланаётган шаҳарсозлик ва меъморчилик анъаналаримиз, бой фольклор наъмуналаримиз, ёзма мерос, адабиёт, санъатга бўлган қизиқишларимиз, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги кураш, коинот ва замин, инсон ва ҳаво, ўлим ва абадият ҳақидаги асотир ва ривоятларимизда, асосан ўтроқ, маданият соҳибларига тегишли бўлган Наврўз, Меҳржон, Сада, Гул сайллари, Ҳосил байрами каби байрам ва сайлларнинг давомийлиги, ёинки инсоннинг қайғули онлари-мотам маросимларида махсус ўлик хизматчилари-гассоллар, гўрковлар ипггироки билан боғлиқ удумларимиз, расм-русмларимиз давом этиб келаётганлиги фикримиз далилидир.

Ўзбекларнинг бошқа асосий илдизи туркийлардан бошлаганлигига (туркийликка хос жанговарлик, мардлик, лафз ҳалоллиги) бағрикенглиқ саҳоватпешалик, ҳожатбарорлик каби ҳислатларимизда ўзининг ёрқин ифодасини топган. Биз буни айниқса халқимизнинг тўйтантаналарга ўта ўчлигида, йиллар мобайнида йиғиб — териб элга тарқатишдан завқ-шавқ олишида, аъза ва йўқлов маросимларини уюшган ҳолда ўтказишда, бола туғилишидан тортиб то мотам маросимларимизгача бўлган барча маросим ва урф-одатларимизда, кенг жамоатчилик ва маҳалла аҳлининг доимо бош-қош бўлиши каби удумларимизда кузатамиз.

Миллий менталитетимизда туркийларга хос жиҳатлар маънавий маданиятимизда, чиллақ чавгон, кўпкари, кураш каби миллий ўйинлармизда, «қулоқтишлар», «бешиккерти», «қалин», «тўққиз» каби расм-русм ва удумларимизда, қолаверса, отга бўлган ўзига хос меҳр-муҳаббат ва мотам маросимларда иштироки билан боғлиқ удумларимизда ёрқин ифодасини топган.

Шу ўринда шуни таъкидлаш жоизки, минг-минг йиллар давомида шаклланган миллий менталитетимиз бизга қўшни бўлган бошқа халқларга муаллақ ҳолдаг ўзга халқлардан айри ривожланмаган. Аксинча, миллий менталитетимизга биз билан қўшни бўлиб яшаб келган бошқа халқларнинг маълум маънода таъсири бўлган. Айниқса ўзбек миллий менталитетида форсий забон халқлар ва арабларнинг таъсири катта бўлган.

Ўзбек миллий менталитетига хос жиҳатлардан яна бири жамият ҳаёти, инсонлар турмуштарзини кўпроқ анъана урф-одатлар орқали бошқарилишидир.

Ўзбек халқи оила қуриш анъаналарига риоя қилишда, қиз узатиш ёки куёв танлашда ҳам қуда бўлмиш томон хусусида маълумотга эга бўлиб, уларнинг ижтимоий келиб чиқишини, жамоада тутган ўрнини ва обрў-эътиборини ҳисобга олади. Агар куёв ёки келин бўлмиш томоннинг ақли, одоби, ҳусни-малоҳати бир ҳисса бўлса, уларнинг қариндош-уруғлари, авлоднинг жамоадаги мавкеи ва бу хусусдаги жамоатчилик фикри иккинчи, аксарият ҳолларда, ҳал қилувчи омил вазифасини ўтайди. Фарзандларни яхшига қўшиш, бу борада хато қилиб қўймасликда жамоа, жамият раъйи, кўпчиликнинг кенгашли фикри муҳим роль ўйнайди. Шу боисдан ҳам, жамоатчилик фикрининг шахс турмуш тарзи, тақдирини белгилашдаги устуворлик мавқеи беқиёсдир. Шу ўринда «Ғарб қонунлари, шарқ урфодатлари билан бошқарилади» деган иборани эсламоқ жоиз. Дарҳақиқат, Шарқда, шу жумладан ўзбекларнинг турмуш тарзида ҳам кўплаб урф-одатлар қонунлар даражасида юқори туради. Жумладан, оила даврасида, ёинки, кенг жамоатчилик ўртасида ўтказиладиган барча маросимларимизда маҳалланинг бош-қош бўлиши, қўни-қўшничилик анъаналаримиз, оила-турмуш маросимларимиздаги кўплаб урф-одатлар қонун даражасида бажарилади.

Ғарбда шахс жамоага ўзлигини юзага чиқариш, истеъдоди ва имкониятларини намойиш этиш, муайян мақсадларга эришиш воситаси сифатида қарайди. Жамоа инсоннинг ички, ботиний дунёси, руҳияти ва шахсий ҳаётига мутлоқ аралашмайди[6]. Шарқда эса буткул бошқача манзарани кузатамиз. Шарқда жамоага асосий эътибор берилади. Ҳар бир урф-одат, маросим жамоа, маҳалла аҳли иштирокида ўтказилади. Жамоа инсонни ижтимоий назорат остида тутиб туриш, шахснинг жамоадаги мунтазам иштироки унинг умумий аҳлоқий меъёрлари доирасида иш тутаётганининг исботи сифатида талқин этилади. Жамоадан ажралган ҳолда иш тутиш инсоннинг ижтимоий бегоналашуви сифатида баҳоланади.

Халқимиз менталитетига мос ва хос бўлган ана шу жиҳатни Президент И.А.Каримов алоҳида таъкидлаб кўрсатган эди: «Ўрта Осиёда биз бутун тарих давомида жамоа бўлиб яшаб келганмиз. Баъзи Ғарб мамлакатларида эса якка яшашга интилиш кучли. Бу бизнинг республикамиз учун мос эмас. Айтайлик бизда маҳаллачилик анъанаси жуда кучли… Мен хусусиятлар тўғрисида гапирар эканман, Америкада шахс демократияси устувор бўлса, бизда бошқача меъёрлар асосида, яъни жамоа манфаатларига мос яшаш устунлигини айтмоқчиман»[7].

Дарҳақиқат, ўзбек халқи жамоа манфаатлари, жамоатчилик фикри доирасида, анъана ва урф-одатларга содиқдик негизларида бирлашишга мойил ва шунга интилувчи халқдир. Зеро, анъаналарнинг ўзи ҳам жамоатчилик фикрининг барқарорлашган ифодасидир.

Шу ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бугунги кунда ўзбек қадрини урф-одат ва маросимларимизнинг анъанавий ўзига хос томонлари жонланаётган бир тарихий жараёнда менталитетимиздаги жамоавийликка хос меъёрий боғлиқлик фазилатини сақлаган ҳолда, унинг бир қадар индивидуаллашуви, унда жавобгарлик ҳиссасини ривожлантириш, ўзи учун ўзи ҳисоб бера олиш, мустақил иш тутиш, шахсий масъуллик сингари хусусиятларни янада такомиллаштириш зарур. Шу ўринда афсус билан айтиш керакки, ўзбеклар бир юз эллик йиллик мустамлака даврида халқимиз йўқотган қадриятларни сақлаб қолишга эришилган қадриятлардан бир неча ҳисса кўп бўлган. Чор Россияси ҳамда Шўролар даврида халқимизга хос бўлган ҳамжиҳатлик, жанговарлик, ҳар ишда сўз ва амал бирлиги сингари фазилатларга жиддий зарар етказилди. Халқ орасида миллий бирликка интилишдан кўра; гуруҳий, этник маҳаллий ва ҳудудий айирмачиликка берилиш кучайди. Халқ миллий менталитети тақдирга тан бериш, ҳамма нарсага рози бўлиб кетавериш, лоқайдлик каби ҳислатлар авж олди. Узоқ давом этган собиқ совет давлатининг мафкуравий тазйиқлари оқибатида кўплаб диний ва миллий қадриятларимиз эътиборсиз қолди, узоқ тарихга эга бўлган муқаддас анъана ва маросимларимиз бидъат, «эскилик сарқити» деб камситилди, миллий удумларимизнинг тарихий асосларига ҳолисона баҳо берилмади. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, ўтмишдан мерос бўлиб ўтган ана шундай салбий ҳолатларга янгича нигоҳ билан қараш, аждодларимиз томонидан кўп асрлар мобайнида яратилган ғоят улкан, бебаҳо маънавий, маданий меросимизни, ўтмиш тарихимизни, қолаверса умуммиллий маънавий ислоҳотларни амалга ошириш асосий вазифалардан бири сифатида эътироф этилди ва улар давлат сиёсати даражасидаги ғоят муҳим вазифа қилиб белгиланди. Бугунги кунда ҳаётий заруратнинг ўзи халқимиз феъл атвори, менталитетини янгилашга жиддий эътибор қаратишга ундамоқда. Лекин, афсуски, бугунги кунда ер шарида кечаётган бошқа бир муҳим жараён, дунё бўйича кетаёттан глобаллашув жараёни натижасида жаҳон халқлари учун умумий этикет, умумий феъл-атвор, умумий минтелитет шаклланмоқда ва бунга бевосита жаҳон миқёсида кетаётган сиёсий, иқтисодий ва ахборот борасидаги глобаллашув анча кучли таъсир қилмоқда. Бундай глобаллашувни бир хиллашув муайян ижобий натижалар беришига қарамасдан, кўплаб салбий оқибатларга ҳам олиб келмокда. Бу шарқнинг гавҳари бўлган ўзбек халқининг миллий минталитетига ҳам бевосита, ҳамда билвосита таъсир кўрсатмокда. Натижада глобаллашув оқибатида ўзбекларнинг кўплаб миллий менталитетига хос талай қадриятлар, маросим ва удумларни унитилишига сабаб бўлмокда. Шу боис, бугунги кунда, халқимизнинг миллий менталитетини ўзида акс этгирувчи қадимий урф-одатларини, маросимларини сақлаб қолиш учун:

  1. Қадимий урф-одатларимиз, фольклор наъмуналимиз сакланиб келаётган минтакалар (Бойсун, Ургут, Шахрисабз кабилар)ни давлат мухофазига олиш ва махсус мақом бериш;
  2. Халқ менталитетини сақлаш мақсадида этноэкологик жамғармалар, ташкилотлар тузиш;
  3. Халқимиз миллий менталитига оид энг қадимий урф-одат ва маросимларни оммавийахборот воситалари орқали кенг тарғиб қилиш ҳаётий зарурият бўлиб қолмоқда.

Хулоса қилиб, айтиш мумкинки, бутун жаҳон бўйича улкан глобализацион жараёнлар кечаётган бир вақтда ўзбек миллий менталитетини тадқиқ қилиш, унинг нечоғлик умуминсоний қадриятларга мослигини кузатиш имконини беради. Шунингдек, халқимизнинг қадимий анъаналари, азалий урф-одат ҳамда маросимларига эга бўлиши билан биргаликда, ўзига хос ва ўзига мос миллий менталитетга эга халқ эканлигидан далолат беради.

А. Аширов (ЎзР ФА Тарих институти)

[1] Ўзбек халқининг қадимий давлатчилик ва этник тарихига бағишлаган адабиётлар тўғрисида қаранг: Азамат Зиё Ўзбек давлатчилиги тарихи. Т., 2000; Ртвеладзе Э.В. ва бошқалар. Қадимги Ўзбекистон цивилизацияси: давлатчилик ва ҳуқуқ тарихидан лавхалар.-Т., 2001; Ўзбек давлатчилиги тарихидан очерклар.Т.,2001; К.Шониёзов Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни. Т., 2001. Асқаров А.А. Ўзбек халқи этногенез ва этник тарихининг баъзи бир назарий ва илмий методологик асослари // Ўзбекистон тарихи 2002. №4. 54-60 бетлар

[2] Бу мавзуда социолог олимлар томонидан маълум тадқиқотлар бажарилган. Қаранг: М.Б. Бекмуродов, А.Бегматов Миллий менталитет ва раҳбар маънавияти.-Т.,2003. Бекмуродов М.Б. Ўзбек менталитети хусусиятлари // Ижтимоий фикр 1998 №1.49-53 бетлар. Ўша. муаллиф. Ўзбек менталитети: кеча ва бугун // Тафаккур 2002 №2. 10-15 бетлар

[3] Бекмуродов М. Ўзбек менталитети хусусиятлари // Ижтимоий фикр 1998 № 1. 49-бет

[4] Бекмуродов М. Ўзбек менталитети хусусиятлари.. 49-бет

[5] К. Шониёзов Ўзбек халқининг шаклланиши жараёни.. 8-бет

[6] Бекмуродов М. Ўзбек менталитета: кеча ва бугун…16-бет

[7] Каримов И.А. Бунёдкорлик йўлидан.-Т.: Ўзбекистон, 1996.- Т. 4.- 239-240 б

Ўхшаш мақола

Бодавлат, Оталиқ ғозий – Муҳаммад Ёқуббек ҳақида

Post Views: 580 Ёқуббек ботирнинг қабрда кесилган боши Қўқон хонлиги тарихида Муҳаммад Ёқуббек (халқ орасидаги …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *