Бош саҳифа » Биласизми? » Оилавий маросимлар (Тошкент шаҳри мисолида)

Оилавий маросимлар (Тошкент шаҳри мисолида)

ОИЛАВИЙ МАРОСИМЛАР – Тошкент аҳолисининг оилавий маросимлари узоқ даврлар мобайнида тараққий этган қадимги маданияти негизида халқ донишмандлиги ва анъаналаридан бири сифатида шаклланган.

Никоҳ билан боғлиқ тўй маросимлари. Никоҳ тўйи келинни танлаш ва унинг уйига совчиликка боришдан бошланади. Тошкентда қариндошлари ва қўшнилари билан этник ва табақавий эндогам никоҳ иттифоқини ҳам қўллаб-қувватлайдилар. Келинни танлашда унинг хулқи, ёши, ташқи кўриниши, яқин қариндош-уруғлари муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу жараёнлар «қиз кўриш», «уй кўриш» маросимлари орқали амалга оширилади. Келин танланганидан кейин «нон синдириш», «нон ушатиш» маросими ўтказилиб, унда келиннинг уйига кекса, ҳурматли аёллардан бири икки оила бирлиги ва келишуви белгиси сифатида нон синдирган. Тошкентда бу маросим аста-секин фотиҳа тўй билан бирга ўтказиладиган бўлиб, унга яқин қариндошлар, қўшнилар таклиф қилинган. Шу куни куёв томон келинга қалин, унинг ота-онасига эса сарпо юборган.

Қалин, шунингдек, куёв томондан келинга маҳр бериш одати миллий анъана сифатида янги кўринишлар касб этган ҳолда сақланиб қолди. Қалин пули келинни сотиб олиш учун эмас, балки келин томоннинг тўй харажатлари учун ёрдам сифатида берилиб, миқдори илгаригисидан анча кам миқдорга келди. Маҳр – куёвнинг келинга ажратган мулки (одатда, унинг яшаши учун умрбод шахсий мулк тарзида берилган уй). Никоҳ тўйининг ўзи ҳам бир қанча ўзгаришларга учради.

Барча тарихий босқичларда тўйнинг асосий негизи диний никоҳ ўқитиш ҳисобланган. Шўро ҳукуматининг тақиқларига қарамасдан, бу маросим доим ими-жимида ўтказиб келинган. 20-йилларда мажбурий никоҳ унсури сифатида ЗАГС дан қайд эттириш, кейинчалик никоҳ уйларида ЗАГСдан ўтиш жорий қилинган. 80-йилларда эса Тошкентда ЗАГСдан ўтиш никоҳ тўйининг ўзида ҳам ўтказила бошланди, айни вақтда диний никоҳ ҳам ўқитилмоқда.

Қадимдан мерос бўлиб келаётган тўй маросимлари исломгача ва исломдан кейинги удум, маросимлар билан қоришиб кетган. Исломиятдан аввал улар магик характерга эга бўлган. Жумладан, ёшларни ёмон кўздан ва бало-қазолардан асраш учун гулхан атрофида айлантиришган, бошлари узра катта ёпинғич тутишган. Махсус удумлар икки ёшнинг фаровон турмуш кечиришларини (ёшларга ширинлик ва тангалар сочилган), серфарзанд, ували-жували бўлишларини (болаларни тиззага ўтқазишган, пишган тухум билан меҳмон қилишган) таъминлаши лозим бўлган. «Кўрпа қавиш», «маслаҳат оши», «сабзи тўғрар», «мол ёяр» ва бошқа удумларни худди илгаригидек қариндошлар, қўшнилар даврасида ўтказиш анъанаси сақланиб қолган. Шу билан бирга бу удумларга бир қанча янгиликлар кириб келган, хусусан тўй танталарида аёллар ва эркаклар бирга қатнашадиган, тўйга професси­о­нал артистлар таклиф этиладиган бўлди.

Тошкентда 20-асрнинг 70-йиллардан бошлаб тўйлар илк маротаба ресторан ва кафеларда ўтказила бошланди. Келин-куёв либослари ҳам ўзгариб, келинларнинг қалин рўмоли ўрнини замонавий мода асосида фата эгаллади, бироқ куёв кийимида миллий чопон ва салла сақланиб қолди. Тўйга таклиф қилинадиганлар таркиби ҳам ўзгариб, унда қариндошлар, маҳалла, қўни-қўшни қаторида, ҳамкасб ва бирга ўқийдиганлар иштирок этадиган бўлди. Урушдан кейинги йилларда кўпгина архаик характердаги одат ва удумлар, маросим иштирокчилари ташаббуси билан янгиларига ўзгартирилди. 70–80-йилларда шаҳарнинг ёдгорлик ўрнатилган жойларига гул қўйиш, суратга тушиш, видео тасмага олиш, келин-куёвнинг бир-бирига узук тақиш анъаналари кириб келди. Шунингдек, шу йилларда Тошкентда келинга қилинадиган сеп таркиби ҳам анъанавий буюмлар қаторида, сервизлар, мебел гарнитурлари ва музлаткичлар ва бошқа билан бойитилди. Никоҳ тўйининг сўнгги босқичи келиннинг янги оилага кириб келиши, қариндошлар билан танишиши, «келин салом», «бет очар», «чаллар», «қуда чақириқ» билан якунланади. 20-асрнинг охирларида тўй маросимларининг кўп чиқимлилиги сабаб Тошкентда чаллар ва қуда чақириқ қўшиб ўтказиладиган бўлди.

Бола туғилиши билан боғлиқ маросимлар. Бунга азон, ақиқа тўйи, соч (кокил) тўйи, бешик тўйи, ўғил тўйи, мучал тўйи каби расм-русумлар киради. Бу маросимларда кўплаб анъаналар сақланиб қолган.

Аллоҳга шукроналик белгиси сифатида фарзанд туғилгандан кейин 20 кун ичида қилинадиган ақиқа тўйи, чақалоққа азон айтиш, чилла сақланган. Бешик тўйи аёлларнинг ўзига хос байрами ҳисобланиб, чақалоқнинг бувиси (она томонидан) шу куни уни бешикка белаган. Бу тадбир, одатда, турли магик маросимларни бажариш йўли билан ўтказилган. Гўёки, бу маросим ёрдамида чақалоқнинг ота-онаси ёвуз руҳларни ҳайдаган. Боланинг ёвуз руҳлардан ва кўз тегишидан сақлайдиган бирламчи туморлар, пичоқ, қалампир, исириқ ва бошқалар бўлган. Гўдакнинг бувиси неварасига аталган барча нарса (кийим-кечак, ўйинчоқ ва бошқа)ларни тайёрлаган ва қариндош-уруғлари ҳамда қўни-қўшнилари билан биргаликда шодиёна бўлаётган уйга йўл олган. У ўзи билан байрамона безатилган бешик ва чақалоқнинг ота-онаси, бобоси ва бувисига атаб бош-оёқ сарпо олиб борган. Анъанавий удумга кўра чақалоқни бешикка ётқизиш, эмизиш ва исириқ тутатишга риоя қилинган. Чақалоқ туғилганидан то бир ёшга тўлгунига қадар ҳам унинг соғ-саломатлигини сақлаш мақсадида турли урф-одат ва маросимлар ўтказилган. Гўдакнинг биринчи қадамини қўйиши, биринчи тишининг чиқиши ва сочини биринчи марта олиниши (соч тўйи) муносабати билан муайян маросимлар бажарилган. Бола 12 ёшга тўлиши муносабати билан эса оила даврасида Шарқ календарига кўра боланинг биринчи мучал тўйи ўтказилган. 20-асрнинг 2-ярмидан эътиборан боланинг туғилган кунини нишонлаш маросими кенг тарқалди. Инсоннинг 50, 60, 70, 80 ёшлик юбилейини ўтказиш оммавийлашди.

Тошкентлик ўзбекларнинг Оилавий маросимлари ичида аввалгидай энг катта тўй маросими ўғил тўйи ҳисобланади. Совет тузумида ушбу маросимни қанчалик йўқотишга ҳаракат қилинганига қарамай у барча оилаларда яширин равишда ёхуд қандайдир маросимларга (бобосининг юбилейи, туғилган кун ва бошқаларга) қўшилган ҳолда ўтказилиб келинган. Ўғил тўйида кўплаб урф-одат ва маросимлар бажарилган. Айрим жойларда ўғил тўйи 4–5 кун давом этган. 70–80-йилларда барча турдаги тўй маросимларини ўтказиш Тошкент аҳолисининг маълум қатлами томонидан ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликка йўл қўйилиши билан ажралиб турган. Бадавлат оилалар тўй маросимларини ўтказишда ўзларининг моддий имкониятларини бошқаларга кўз-кўз қилиш, жамиятдаги обрў-эътиборларини мустаҳкамлаш йўлида фойдаланганлар. Буларнинг барчаси аҳолининг қолган қатламида норозиликни келтириб чиқарган. Давлат ва жамоатчилик, маҳалла аҳли томонидан ушбу тенденция қораланиб, анъанавий маросим мазмун-моҳиятига кўпинча зид ҳисобланган исрофгарчилик ва дабдабабозликка чек қўйиш тўғрисида чора-тадбирлар кўрилган. 20-аср охиридан бошлаб Тошкентда ақиқа, бешик тўйи ва ўғил тўйи ягона тадбирга бирлаштирилиб, иқтисод қилинган пулларга оналар рўзғор буюмлари олишган.

Дафн ва таъзия маросимлари. Бу маросимлардаги диний анъаналар (жаноза ва бошқа) совет ҳукуматининг тақиқлашига қарамай аҳоли томонидан ўтказилган, чунки одамларнинг бу анъаналарга нисбатан эътиқоди кучли бўлган. Динга қарши кураш одамларнинг эътиқодини сўндира олмади. Уларнинг яширин тарзда ўтказилиши дафн маросимларидаги айрим урф-одатларнинг шаклан ўзгаришига олиб келди, холос. 80–90-йиллар бошларида Тошкент аҳолиси томонидан дафн-хотирлаш маросимларида учи, еттиси, йигирмаси, қирқи, йили, ҳайитларини ўтказиш кенг тарқалган. Улар баъзан ҳатто меъёридан ортиқча даражада ҳам ўтказилган. 90-йилларнинг 2-ярмида аҳолининг ўз хоҳиш-иродаларига кўра айрим урф-одатлар қисқарди ва айримлари бирлаштирилди. Тошкентда дафн маросимининг биринчи ойидаги ва йил маросими ўрнига эҳсон сифатида маросим ўтказиладиган бўлди. Тошкентликлар илгаригидек ўтганларни рамазон ва қурбон ҳайити кунлари ҳамда биринчи қор (қор ёғди) ва биринчи гул очилган вақтда (гул) оилалари даврасида хотирлашади ва рамазон ойида ифторлик қилишади.

Тошкентда никоҳ тўйи ва хатна тўйи (ўғил тўй) муносабати билан наҳорда ош бериш узоқ даврдан бери одатга айланган. Бу одатга ҳозир ҳам муайян ўзгаришлар билан амал қилиб келинади.

Жамоавий байрамларда ҳар бир оила фаол иштирок этган. Байрамлар ичида энг оммавийлашгани наврўз ҳисобланиб, бу куни сумалак, ҳалим ва чалпак каби маросимий таомлар пиширилган, базм уюштирилиб, беморлар ва қариялар ҳолидан хабар олинган.

Тошкентда Янги йил, Хотира ва қадрлаш куни, Конституция куни каби янги байрамлар ҳам кенг нишонланади. 1991 йилда Тошкент аҳолиси ҳаётига шаҳар майдонларида ўтказиладиган Мустақиллик куни байрами кириб келди. Бугунги кунда бу байрам маҳаллаларда, ишлаб чиқариш жамоаларида ва оилалар даврасида ўтказилади. У ўзбекларнинг қадимий миллий анъаналари ва урф-одатларини ўзида сингдирган ва ўзбек халқи миллий ўзлигининг шаклланиши, этник қадриятлари, тарихи ва маданиятига ҳурмат туйғусини уйғотишга хизмат қилади.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Туркестанские немцы

Post Views: 773 Немецкое переселение в Туркестан происходит в основном во второй половине XIX века, …

Битта мулоҳаза

  1. Yosh_Turkolog

    Juda kerakli maqola bolipti

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *