Генерал Жўрабек

Жўрабек 1840 йили Китоб беклигига қарашли Гулгунпуш қишлоғидаги Қаландар қори ўғли хонадонида туғилган. 1852 йили Бухоро амири Нас­рулло Шаҳрисабзга бостириб кириб, шаҳар аҳлини асир олади. Улар орасида 12 ёшли Жўрабек ҳам бор эди. Тўрт йил амир хизматида бўлган Жўрабек, унинг ишончини қозонади ва тўқсабо (полковник) унвонини олишга эришади. Ўн олти ёшида эса тан олинган лашкарбоши лавозимини эгаллайди.

Амир Музаффар Бухоро амирлиги сарҳадларига тобора яқинлашиб келаётган чор Россияси қўшинларига қарши жанг эълон қилганда Жўрабек ва Бобобек бошлиқ Китоб ва Шаҳрисабз бекликлари Бухоро амири билан ўзаро низолари бўлса-да, бирлашиб жангда қатнашиш истагини билдирадилар.

Зирабулоқ яқинида бўладиган урушга тайёргарлик кетаётганида Самарқандда рус чоризмига қарши халқ қўзғолони бошланади. Самарқанднинг озодлиги учун курашаётган минглаб кишилар Жўрабек ва Абдумалик тўра бошчилигида Шаҳрисабздан келаётган 20 минг кишилик қўшин ва қасоскорларга қўшилиб, Самар­қанддаги қўзғолончилар сафини тўлдиради. Натижада Самарқанд чоризмга қарши умумхалқ курашининг ўчоғига айланади.

Аммо Фон Кауфман ҳийла ва катта куч билан Бухоро амирига адолатсиз сулҳга имзо чектириб, Россия империясининг измига бўйсундиришга эришади. 1870 йилнинг кузига келиб Китоб ва Шаҳрисабз бекликлари ҳам босиб олинади. Озодлик ҳаракати йўлбошчилари — Жўрабек ва Бобобек эса Қўқон хонлиги ҳудуди ор­қали Қашқарга ўтиб, у ерда куч тўплаб, душманга зарба бериш ниятида чекинишади. Бироқ, Қўқон хони Худоёрхон уларни ўз ҳудудида қўлга тушириб, Фон Кауфман ихтиёрига топширади…

Профессор Ш.Юсуповнинг ёзишича, асир сифатида Тошкентга генерал-губернатор ихтиёрига мажбуран жўнатилган Жўрабек билан Бобобек бу ерда анча вақт уй қамоғида сақлангач, Россия фуқаролигини қабул қилишга ва чор ҳукумати армияси хизматига ўтишга мажбур бўлишади. Шу тариқа Жўрабек 12 йил Туркистон генерал-губернаторлиги маъмуриятида таржимонлик қилади. Сўнг бу икки бек Қўқон хонлигининг Ўзган, Хўжанд шаҳарларини истило қилишда ҳамда М.Д.Скоблев отрядида Андижонни штурм қилишда қатнашади. “Китоб тумани” тўпламида таъкидланишича, Жўрабек Скоблев экспедициясига қўшилиб, Қўқон хонлигини қон тўкмасдан забт этишда ўзининг тактик маҳоратини намойиш этади…

Аммо кўп ўтмай Жўрабек чор Россиясининг Туркистон халқларига нисбатан амалга ошираётган сиёсатининг асл моҳиятини тушуниб етади ва унда норозилик кайфияти шакл­лана бошлайди. Айниқса, Фон Кауфман вафот этиб, унинг ўрнига 1882 йилда генерал-губернатор этиб тайинланган генерал-лейтенант М.Г.Черняев даврида бу яққол сезилади. Жўрабек генерал Черняев фаолиятини очиқча танқид қилади, у тутган йўл адолатсиз эканини айтади. Черняевга нисбатан Туркистондаги норозилик уни 1884 йилда ўз юртига кетишга мажбур қилади. Ундан кейинги генерал губернаторлар Жўрабекнинг маҳаллий аҳоли ўртасидаги обрў-эътиборини инобатга олиб, у билан муносабатини яхшилашга уринадилар…

Кўплаб хизматлари учун 1876 йилда Жўрабекка подполковник, 1880 йилда полковник, 1901 йилда генерал-майор ҳарбий унвони берилади. Академик В.В.Бартольд “Туркистоннинг маданий ҳаёти” асарида генерал Жўрабек билан суҳбатда бўлгани ҳақида ёзади. Жўрабек шундай дейди: “Подшо (рус подшоси) ҳукмронлиги худди мўғул ҳукмронлигига ўхшайди. Уларда ҳам, русларда ҳам юқори лавозимларга ёмон кишилар — худбин, шахсиятпараст ва молпарастлар тайинланган”.

1906 йил генерал Жўрабек Тошкентдаги Қорасув канали ёнидаги боғ ҳовлисида номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилади. Унинг ўлимини тарихчилар ва тадқиқотчилар турлича талқин қиладилар. Кимдир бу ишда Туркистон генерал-губернаторининг қўли борлигини айтса, баъзилар бунга унинг жадидлар отаси Исмоилбек Гаспирали билан махфий учрашувлари сабаб бўлган, дейишади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Жўрабекнинг сирли ўлими чор Россияси ҳукуматига бориб тақалади!

Манба

Қўшимча сифатида: Генерал Жўрабек томонидан Тошкентда масжид қурдирилган. Шунингдек, генерал Жўрабекнинг қадимий шарқ қўлёзмалари кутубхонаси бўлган, академик В.В. Бартольд ушбу кутубхонадан кўп бора фойдаланганлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд. 

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *