Мутафаккирлар. Абу Абдуллоҳ Рудакий (860–941)
Шарқда танилган мутафаккир Абу Абдуллоҳ Жаъфар Рудакий 860 йилда Самарқанд яқинидаги Панжрудак қишлоғида, деҳқон оиласида туғилди. Бу даврда Мовароуннаҳр Эрон, Ҳиндистон, Хитой, Миср ва Сурия билан савдо ва маданий алоқаларни яхши йўлга қўйган эди.
Х асрда Бухоро, Самарқанд, Урганч, Марв, Нишопур, Балх, Зарафшон водийсининг юқори қисми ҳунармандчилик, савдо ва маданий марказларга айланган эди. Айниқса, Бухоро шаҳри IХ–Х асрлардаёқ Шарқнинг энг йирик маданий марказларидан бири бўлган. Рудакий ёшлигиданоқ шеъриятга ихлос қўйди, ўз замонасининг машҳур чолғучиси Абул Аббос Бахтиёр қўлида мусиқадан маълумот олди. Дастлабки маълумотни ўз қишлоғида олган Рудакий ўқиш учун Самарқандга борди. У ерда чуқур билим олиб, тез орада адабиёт ва санъат соҳасида ҳам донг чиқаришга муваффақ бўлди.
Бухоро ҳукмдори Наср ибн Аҳмад Сомоний (914–943) даврида Рудакийнинг шоирлик шуҳрати Бухоро ва умуман Шарққа кенг тарқалди. Рудакий асарларига эътибор берилса, унинг астрономия ва қадимги юнон фалсафасини ҳам яхши тушунганлигини кўриш мумкин.
Сомонийлар давлатининг кўзга кўринган давлат арбоби Абуфазл Балъамий Рудакий ҳақида “У фақат машҳур шоир бўлибгина қолмай, балки ўз даврининг етук олими ҳам эди”, деб баҳо берган.
Наср ибн Аҳмад Сомоний Рудакийни ўз саройига таклиф этгандан сўнг, унинг ҳаётининг кўп қисми Бухорода ўтди. Унинг кўзи ожиз бўлган. Баъзи манбаларда, унинг онадан кўр туғилганлиги ҳақида нақллар бор. Рудакий қариган чоғида қувғинга учраб, ўз қишлоғига қайтган. У 941 йилда оламдан кўз юмди ва ўз ватанида дафн этилди.
Рудакийнинг адабий меросидан бизгача 2 қасида, 50 рубоий, шеърлар, достон ва бошқалар етиб келган. Аммо ХII аср шоири Рашид Самарқандийнинг таъкидлашича, биронта шоир Рудакий сингари кўп асар ёзган эмас. Муҳаммад Авфийнинг хабар беришича, Рудакий юзта тўплам (дафтар) ёзган.
Қадимги манбаларда Рудакийнинг “Офтоб даврони”, “Ароис ан-нафоис” (“Нафис куртаклар”) ва “Синбоднома” достонлари бўлганлиги ҳақида маълумотлар учрайди.
Рудакийнинг қасидаларидан “Менинг онам”, “Бухоро васфи” ва “Қариликдан шикоят” кабилар бизгача етиб келган. Рудакийнинг ижодида Х асрнинг ижтимоий ҳаёти ўз аксини топган. Унинг ҳамма асарларида халқнинг орзу-умидлари, манфаатлари ифода қилинган.
Рудакийнинг ахлоққа оид асарларида ақл-идрок, хулқ-атвор ва билим асосий ўринни эгаллаган. Мутафаккир билимни ҳамма бойликлардан устун қўяди. Унинг айрим насиҳатлари инсоннинг қандай ҳолатда бахтли бўлиш шароитларини аниқлашга ёрдам беради. Рудакийнинг фикрича, инсоннинг тўла бахтга эга бўлиши учун тўрт нарса керак: соғлиқ, яхши одоб, яхши ном ва ақл. У инсонларни воқеаларнинг ички моҳиятидан унинг ташқи томонини ажрата билишга чақиради. У яхшилик, сахийлик ва улуғворликни тарғиб қилади.
Рудакийнинг табиат гўзалликларини ифода этган асарлари жуда жозибалидир. Унинг асарларида Ватанга, халққа муҳаббат мавзуларигина ёритилмай, кенг фалсафий фикрлар ҳам баён этилган.
Буюк мутафаккир кишилар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳамкорлик кишилик жамияти учун муҳим аҳамиятга эга эканини бир неча бор таъкидлаб ўтган. Унинг қуйидаги сатрлари диққатга сазовордир:
Жаҳоннинг шодлиги йиғилса бутун,
Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун.
Рудакий ҳаётни устоз деб ҳисоблайди ва ундан таълим олишга ундайди:
Ҳар киши олмаса ҳаётдан таълим,
Унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим.
Рудакий асарларида инсон ақлу заковатига ишонч кучли. Асарларининг тили, бадиий ифода воситалари содда ва тушунарли қилиб ёзилган. У биринчи бўлиб, Х асрдаёқ форс мумтоз адабиётига асос солганлиги учун кўпгина Эрон олимлари форс шеъриятининг ватанини Мовароуннаҳр деб ҳисоблашади.
Табиатни, ватанни васф қилиш, ахлоқий панду насиҳатлар билан асарни безаш кейинги мутафаккирларга Рудакийдан анъана бўлиб қолди.
100 МАРКАЗИЙ ОСИЁ МУТАФАККИРЛАРИ
© Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси
© Тошкент ислом университети
© «YANGI NASHR», 2011






Изоҳлар