Бош саҳифа » Жадидчилик » Муфтизодалар қисмати (1-қисм). Салоҳиддин Муфтизода

Муфтизодалар қисмати (1-қисм). Салоҳиддин Муфтизода

1886 йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган Салоҳиддин Муфтизоданинг отаси муфти Абдумўмин (1918 йилда вафот этган) мадраса мударриси, билимдон ва ҳалол инсон сифатида ном қозонган эди. Шунинг учун у қозихона муфтиси бўлиши билан бир қаторда Тарнов боши маҳалласида ер ўлчовчилик вазифасини ҳам бажарган. Эски мактаб ва мадрасада таҳсил олган ўғли Салоҳиддин ҳам замонаси талаби билан рус-тузем мактабида рус тилини мукаммал ўрганади. У 1900-1905 йилларда мадрасада ўқиш даврида Валихўжа Маликов дўконида, сўнг икки йил Граммофон жамиятида ишлади.

С.Муфтизода Тошкент уламоларидан Зокир шайх Тиллашайх ўғли, Саъдийнинг Гулистонини ўзбекчага таржима қилган Муродхўжа Солихўжаев, биринчи ўзбек профессионал шахматчиси Азмуддинхон Хўжаев, Башруллохон Асадуллахўжаев, тилшунос олим Фахри Камол, савдогар маърифатпарвар Убайдуллақори Эрғозиев, Низомиддин Хўжаев, Саъдуллахўжа Турсунхўжаев каби ўз замонасининг етук инсонлари даврасида улғайди.

Салоҳиддин Муфтизода дастлаб, 1916-1917 йилларда Тошкентда таъсис этилган “Уламо жамияти”га аъзо бўлади ва Туркистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок эта бошлайди. У 1917 йилдан “Турон” жамиятига кириб, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Салимхон Тиллахонов каби жадид тараққийпарварлари билан Туркистон истиқболи йўлидаги муҳим курашга бош қўшади. Шундан сўнг, жадид матбуотида ўзининг фаол чиқишлари билан иштирок эта бошлаган. Жумладан, Россия империясидаги иқтисодий инқироздан фойдаланиб, ҳокимиятни қўлга олмоқчи бўлган большевиклар тарафдорларининг ғояларини ифодаловчи “Сукут қилинг! Соҳиби сарватларнинг нидоси” мақоласига қарши “Нажот” газетасининг 10-сонида ўз муносабатини билдиради. С.Муфтизода мақолада Муваққат ҳукуматнинг таназзули сабабларини таҳлил қилади. У муаммоларни тинч йўл билан ҳал этиш чораларини излайди. Аҳоли норозилигининг олдини олиш, халқнинг аҳволини енгиллаштириш мақсадида давлатманд инсонларга мурожаат этиб, бозорларни арзонлаштириш, фуқароларнинг энг ўткир муаммоларини зудлик билан ҳал этишга чақиради. Шунингдек, халқ орасида нотинчлик ва хукуматга ишончсизликнинг тарафдори бўлган кучларнинг (большевиклар) оғир вазиятдан фойдаланиб ҳокимиятга келишдек ғаразли мақсадларига етмаслиги учун барча чораларни кўришга даъват этади1. Бу шубҳасиз, С. Муфтизоданинг Россия империясида кечаётган ижтимоий жараёнларни чуқур англаганлигини кўрсатади.

Муфтизода ўз вақтида жадид тараққийпарварлари вакили сифатида Туркистондаги империяпараст кучларнинг амалга оширган миссионерлик фаолиятига қарши кескин кураш олиб борди. “Нажот” газетасининг 12-сонида чоп этипган “Таҳқиқсиз садоқат” мақоласида ўзини тараққийпарвар деб таништирган У.Ҳусайиновнинг “Туркистанский куръер” газетасини тараққийпарварлар учун хизмат қилган газета сифатида таништиришини танқид қилади. Муфтизода “Туркестанский куръер”нинг Туркистондаги миссионерлик фаолиятига оид мақолаларини мисол келтириб, Ҳусайиновнинг ҳаракатини тараққийпарварлик эмас, аксинча таназзулпарварлик деб баҳолайди2.

Салоҳиддин Муфтизода 1917 йил ноябрь ойида бир гуруҳ тараққийпарвар ёшлар қаторида Қўқонга бориб, Туркистон Мухторияти ҳукумати таркибига киради ва унинг матбуот хизматида фаолият кўрсата бошлайди. Мухторият тор-мор этилгач, у большевикпар таъқибидан Сибирга қочади ва бир муддат Томск шаҳрида яшайди. Салоҳиддин Муфтизода 1919 йил ғала-ғовурлари пайтида Тошкентга келиб, ВКП(б)га аъзо бўлади ва 1925 йилгача совет давлати идораларида ишлади. У дастлаб Тошкент шаҳар Халқ таълими бўлимида бошлиқ, сўнг Ўзбекистон ССР Халқ хўжалиги Комиссарлигида ўринбосар каби масъул лавозимларда фаолият кўрсатади. Шу билан бир пайтда у совет вақтли матбуот саҳифаларида мунтазам чиқишлар қилиб, халқнинг миллий бирлигини сақлаш, миллий ўзликни йўқотмаслик йўлида тинимсиз кураш олиб борди.

Салоҳиддин Муфтизоданинг “Шарқ душманлари қайтадан турмакда” номли мақоласи собиқ чор амалдори Николай Остроумовнинг Тошкентга қайта ташрифига бағишланади. Унда “Астроумоф, 50-60 йил ичида Туркистон халқининг ҳаммасини кўнғироқ остиға тўплаб бермакка қасам баробарида сўз берган эди. Шул мақсад билан ул чор замонасида кўп ишлади. Натижада бир киши бўлсин қўнғироқ чаладурғон бўлмади. Лекин, Астроумуф тўранинг Туркистонда кўрсатган жиддий хизматлари соясида биргина натижалик иши бўлган. У ҳам бўлса, Туркистонда умумий жадида мактабларига ерлик уламоларни шайтонга қарши бўлғондек қаршилаштириш ва Туркистон ўзгаришчилари бўлғон ёшларни (жадидларни муаллиф) “кофир” деб нафратлантиришдир. Усули жадида мактабларининг ҳаром эканлиги тўғрисида бўлғон шаърий ривоятларни “Бухородан олинғон”, деган сўз билан чиқоргучи киши шул Астроумовнинг ўзидир. Бу улуғ “мужтаҳид”нинг Туркистонға қайтадан келиши сабабсиз бўлмаса керак” дейди. Муфтизода ўз мақоласини “Остроумов ва унга ўхшаш мустамлакачиларга қайтадан Шарқда ўрун бермаслик лозим!” деган чақириқ билан тугатган эди3.

Салимхон Тиллахонов, Убайдулла Эрғозиев ва Ҳожихоновларнинг тергов баённомаларида эсланишича, Салоҳиддин Муфтизода 1921 йилдан “Миллий Иттиҳод” ташкилотига кирган ва унинг фаолларидан бўлган. 1925 йилдан большевиклар Тошкент шаҳрида янги йўл қурилиши баҳонаси билан халқимизнинг қатор табаррук қадамжоларини, қабристонларни бузиб юбора бошлади. С.Муфтизода халқнинг миллий қадриятларига нисбатан бундай беписанд муносабатга чидаб тура олмади. У Тошкенг уламолари билан шўро маъмурларининг бундай ножоиз хатти-ҳаракатларига қарши намойишлар ташкил этади. Бу эса советларнинг С.Муфтизодага қарши жиддий ҳужумига баҳона бўлади. Ҳатто, “Муштум” журналида аввалига карикатура, сўнг Ғ.Юнуснинг “Азозил ва Иблис” деб номланган буюртма мақоласи босилди. Унда Иблис (С.Муфтизода) ва Азозил (Исломхўжа Новча)ларнинг “қилмиш”лари танқид қилинади. Мақолада “…мозорларни бузиш ҳеч нарса эмас, бироқ мозорларни асори атиқа деб жар солаётган С.Муфтизоданинг ғавғоси ёмон оқибатга олиб келади”, дейилади. Афтидан, бу можаро ҳаммага маълум бўлиб кетгани учун аниқ далиллар келтирилмайди, фақат Ғ.Юнус мақолани “Иблис йўқ қилинди, Азозилнинг ҳам навбати келар!”4 деб якунлаган эди.

Шундан сўнг Салоҳиддин Муфтизода партиядан ўчирилиб, унинг учун кўпгина эшиклар бекила бошлади. У бор обрў ва мансабидан айрилиб ишсиз қолдирилди. Шундай бир шароитда у ўзининг бўш вақтини таржима ишига бағишлаб, бир қатор асарларни ўзбек тилига ўгирди5. Бироқ, бу ҳам узоққа чўзилмади. 1932 йил 25 ноябрда уни ГПУ ходимлари сўнгги иш жойи ЎзССР давлат кино бошқармасида таржимон бўлиб ишлаб юрган вақтида қамоққа оладилар. С.Муфтизодага ЎзССР ЖКнинг 57-10 ҳамда 58-10 моддалари, яъни совет давлатига қарши тарғибот олиб бориш айби қўйилади.

1933 йил 4 майда ўтказилган ОГПУ судида С.Муфтизода ўзига кўйилган айбларнинг барчасини асосли рад этгач, отув хукмини 10 йил қамоқ жазосига алмаштиришади. У жазо муддатини тўлиқ КарЛаг (Карело-Фин АССР)да ўтаб, 1942 йил Тошкентга қайтади. С.Муфтизода 1942-1946 йиллар Тошкентда яшайди, бироқ 1946 йил унга Тошкентда яшаш учун рухсат йўқлигини маълум қилишади. Салоҳиддин Муфтизода 1946 йил февралдан Бўстонлиқ туманига кўчиб ўтади. У ерда кутубхоначи бўлиб тинч эмин ҳаёт кечира бошлаган онда, изидан яна “кимлардир” тушади. Уларнинг “шарофати” билан 1948 йилнинг охирида С.Муфтизода ишидан ҳайдалади ва унга яна ҳеч жойда иш беришмайдилар. 1949 йил 8 март куни Бўстонлиқ тумани, Искандар посёлкаси, Пекарная кўчаси 8-уйда яшаётган Салоҳиддин Муфтизодани яна қамоққа олишга қарор қиладилар. Унга Совет ҳукуматига қарши тарғибот олиб борганлик, яъни “СССР энди АҚШ, Англиялар билан урушади ва бу урушда ютқазади”, деб айтган сўзлари асос қилиб кўрсатилади. 1949 йил 11 март куни тўлдирилган шахсий анкетасидан унинг хотини ҳали энг каттаси 10 ёшга ҳам тўлмаган 3 фарзанд билан қолиб кетгани англашилади. Ўтказилган тинтув вақтида унинг 1-УШ № 500993 рақамли паспорти, оила аъзоларига тегишли 4 дона сурат ва 20 та ҳужжат олинган ва улар 1949 йил 7 май куни махсус қарор асосида ёқиш йўли билан йуқотилади.

1949 йил 8 март куни ўтказилган илк сўроқда С.Муфтизода: “1946 йил февралдан Тошкентда яшашга рухсат йўқлиги учун Бўстонлиқда яшаяпман. 1946 йил февралдан 1948 йил ноябргача кутубхонада ишлардим, сўнг бўшатишди, ҳозир ишсизман” дейди. 1949 йил 15 ва 18 март кунлари ўтказилган сўроқларда у тўлиқ ўтмишини, КарЛагдаги кечган захматли ҳаётини ҳикоя қилади.

1949 йил 21 мартдан сўроқ мавзуси ўзгаради ва унинг қанақадир аксилсовет тарғибот олиб борганини муҳокама қила бошлайдилар. Шундан сўнг 1949 йил 25 март, 30 март, 2 апрель ва 10 апрель кунларда ўтказилган сўроқ баённомалари ҳам унинг аксилсовет ташвиқоти масаласига бағишланди. Бироқ С.Муфтизода ўзига қўйилган айбларни асосли ва ишончли тарзда тўлалигича рад этади. Табиийки, 1930 йилларнинг даҳшатли тегирмонидан омон чиққан бу инсонни осонликча айбдор қилишнинг имкони йўқ эди.

Аслида, С.Муфтизодага қарши тергов материалларини тўплаш анча олдин бошлаб юборилганди. 1949 йил 16 февраль куни терговга чақирилган Абдували Расулмуҳаммедов номли “ишончли шахс” С.Муфтизода ҳақида куйидагиларни ҳикоя қилади: “Муфтизодани болалигидан биламан, Тошкент мадрасаларидан бирида ўқиган, отаси муфти эди. Сўнг рус-тузем мактабида ҳам ўқиган. Кўқон Мухторияти хукуматининг аъзоси эди. “Сельмаш” чойхонада советлар халқни эксплуатация қилиб, ҳаммани нонга зор этди. Адолатсизлик, динсизлик оқибатида советлар бутун дунёнинг нафратини олган. Коммунизм инсониятга ҳеч қандай яхшилик келтирмайди. Аксинча, халқнинг қадриятларига зид равишда қизларимизнинг очиқ-сочиқ юриши уларнинг ахлоқининг бузилишига олиб келади, деган эди. Яна С.Муфтизода: “САДУМ (Ўрта Осиё Диний идораси) ташкил этилганда мени чақиришганди. Мен рад этдим. Чунки, советлар САДУМни ҳам, унга тайинлаган муфтисини ҳам ўзининг қўғирчоғига айлантириб олган” деганди, бошқа нарса қўшимча қила олмайман”,- деб кўрсатма беради.

1949 йил 9 майда Салоҳиддин Муфтизода учун Айблов баённомаси эълон қилинди. Судда Садриддин Камолов, Сара Муталова, Рашид Исломов, Фатхулла Ибрагимов, Абдували Расулмуҳаммедов ва Шоабдукарим Шоабдурасуловлар иштирок этадилар. Бироқ, судда айблов ўз исботини топмади. 1949 йил 19-20 август кунлари Бўстонлиқ туман, Гўзалкент кўрғонида бўлган қайта суд С.Муфтизодани ЎзССР ЖКнинг 58-10 I қисмига асосан яна бир бор 10 йил қамоқ жазосига ҳукм этади. Ҳукм 1949 йил 8 мартдан ҳисобланиб, 1959 йил 8 мартгача ижрода бўлиши буюрилди. Унинг ёзган кассацион шикояти инобатга олинмади.

1954 йил 20 октябрда С.Муфтизоданинг Қозоғистон ССР бош прокурорига, 1956 йил 25 сентябрда СССР КГБ раисига ёзган аризалари асосида унинг иши қайта кўриб чиқишга тортилди. 1978 йил 6 январга келибгина ҚозССР Олий Судининг Салоҳиддин Муфтизодани тўлиқ оқлаш тўғрисидаги қарори унинг ўғли Муҳаммедов Ҳамидга юборади. 1992 йил 16 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий Суди С.Муфтизоданинг оқланганлигини тан олди ва маълумотномани Юнусобод массив, 4-квартал, 13-уй, 2-хонадонда истиқомат қилувчи ўғли Муҳаммедов Ҳамид Абдуллаевичга йўллайди.

Бахтиёр ҲАСАНОВ,
тарих фанлари доктори

Баҳром ИРЗАЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

1 Нажот. 1917 йил 28 апрель

2 Муфтизода С. Таҳқиқсиз садоқат. Нажот. 1917 йил, 6 май

3 Муфтизода С. Шарқ душманлари қайтадан турмақда // Туркистон. 1922 йил, 22 октябрь

4 Азозил ва Иблис. Муштум. 1925 йил, 15 июнь

5 Сайфуллина Лола. Янги турмуш йўлида (С.Муфтизода таржимаси). Т.: “Ўздавнашр”. 1927.

Ўхшаш мақола

Туркистон Мухторияти ва унинг қонга ботирилиши тарихидан (1-қисм)

Post Views: 124 1917 йил ёз ойларида Давлат думасига бўладиган сайлов олдидан номзодлар кўрсатиш учун …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *