Мирмуҳсин (1895-1929)
МИРМУҲСИН (тахаллуси; асл исм-шарифи Шермуҳамедов Мирмуҳсин) (1895–1929.4.8) – журналист, ёзувчи. Ўзбек матбуотининг асосчиларидан бири. Тошкентда туғилган. Бекларбеги мадрасасида таҳсил олган. 1913 йилдан матбуотда қатнашган. 1916–17 йилларда Уфадаги «Олия» мадрасасида ўқиган. 1917 йил Тошкентга қайтган. 1917 йил Февраль инқилоби муносабати билан «Турон» газетасига ёзган «Тарихий икки воқеа» мақоласи катта жанжалга сабаб бўлган. Себзор қозикалони ҳукми билан Мирмуҳсинга ўлим жазоси берилган. Лекин бу ҳукм қамоқ жазоси билан алмаштирилган. Мирмуҳсин қамоқдан қочиб, Уфага кетган. Фуқаролар урушида жангчи-журналист сифатида иштирок этган. 1920 йилнинг бошларида Тошкентга қайтиб, дастлаб «Иштирокиюн», сўнг «Қизил байроқ», «Туркистон» ва бошқа газеталарда муҳаррирлик қилган. Мирмуҳсиннинг ҳозирча маълум шеърлари 700 мисра атрофида. Бундан ташқари, у ҳикоялар, мақолалар ёзган. «Бефарзанд Очилдибой» (1914) романи муаллифи. Адиб илм-маърифат орқали ҳамма одамлар бахтли, ҳаёт эса фаровон бўлишига астойдил ишонади («Миллий адабиёт», «Аҳволи одамдан бир намуна», «Адабиёт» ва бошқалар). Халқнинг оғир ва машаққатли, фожиага тўла турмушини тасвирлайди («Ашъор», «Бизни»). Мирмуҳсиннинг «Йигирманчи асрда Туркистон бобой», «Зиндон» (1914) каби ҳикояларида тараққиётдан орқада қолган Туркистон қиёфаси, идора усулига оид қарашлари баён этилган. У Октябрь тўнтаришининг дастлабки йилларида шўроларга ишонган, улар тарафида туриб курашган. Бироқ шовинизмнинг «йўқсуллик» рангига бўялиб, янада кескинроқ тус олгани, миллий-диний қадриятларнинг оёқости қилингани Мирмуҳсин умидларини пучга чиқарди. Мақолаларидаги қувонч ва кўтаринки руҳ йўқолиб, умидсизлик кучайиб борди, алданганини чуқур ҳис этди ва булар охир-оқибатда ҳаётининг бевақт, фожиали якунланишига олиб келди. Тошкентдаги кўчалардан бирига Мирмуҳсин номи берилган.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил






Изоҳлар