Мақсуд Шайхзода

ШАЙХЗОДА, Мақсуд Шайхзода [1908.25.10 (7.11) – 1967.19.2] – шоир, драматург, адабиётшунос, таржимон, педагог. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1964). Бокудаги дорилмуаллиминни тугатган (1925). 1927 йилда аксилинқилобий ташкилот аъзоси сифатида ҳибсга олиниб, 1928 йил февралда Тошкентга сургун қилинган. Ўрта Осиё университетининг Шарқ факультетида қисқа муддат ўқигани (1928)дан кейин «Шарқ ҳақиқати» (1929–32), «Қизил Ўзбекистон», «Ёш ленинчи» газеталари (1932), «Гулистон» журнали (1933–34) таҳририятларида хизмат қилган. Боку педагогика институтини тугатган (1934). Тошкентда Тил ва адабиёт институтида илмий ходим бўлиб ишлаган (1935 –38). 1938 йилдан Низомий номидаги Тошкент педагогика институтида ўқитувчи.

«Ўн шеър» (1932), «Ундошларим» (1933), «Учинчи китоб» (1934), «Янги девон» (1937), «Жанг ва қўшиқ», «Кўнгил дейдики…» (1943), «Ўн беш йилнинг дафтари» (1947), «Юрт шеърлари» (1948), «Йиллар ва йўллар» (1961), «Шеърлар» (1964) ва бошқа шеърий тўпламлари нашр этилган. У достон жанрида «Мерос», «Тупроқ ва ҳақ» (1936), «Овчи қиссаси», «Искандар Зулқарнайн» (1940), «Ўн бирлар» (1943), «Аҳмаджоннинг ҳикматлари», «Учинчи ўғил» (1944), «Нурмат отанинг туши» (1947) сингари лиро-эпик асарлар ёзди. Шайхзода қофиянинг янги бадиий имкониятларини кашф этиб, ўзбек шеъриятига янги вазн ва шакл кўринишларини олиб кирган. Шоир ижодига хос бу тамойил унинг, айниқса, «Тошкентнома» (1958) лирик достонида ёрқин ифодасини топган.

«Жалолиддин Мангуберди» (1944), «Мирзо Улуғбек» (1961) трагедиялари, бир қанча илмий мақолалар, монографиялар («Гениал шоир», 1941) муаллифи. У Ш. Руставелининг «Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон» (ҳамкорликда) эпоси, У. Шекспирнинг сонетлари, А.С. Пушкиннинг шеърлари, «Мис чавандоз» достони, «Моцарт ва Сальери» трагедияси, М.Ю. Лермонтовнинг шеърлари ва «Кавказ асири» достонини ўзбек тилига таржима қилган.

Шайхзода 1952 йилда ҳибсга олиниб, 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва 1954 йилда озод этилган. Чиғатой қабристонига дафн этилган. «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган (2001). Тошкентдаги кўчалардан бири Шайхзода номи билан аталган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

 

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *