Бош саҳифа » Биласизми? » Дунёга машҳур Занданийчи матоси ҳақида

Дунёга машҳур Занданийчи матоси ҳақида

1. Занданийчи, Занданечи – Ўрта Осиёнинг бой безакли ипак матоси, у Ғарбда энг кенг тарқалган бўлиб, бир вақтлар машҳур тўқимачилик ишлаб чиқариш маркази бўлган – Бухоро яқинидаги Зандана қишлоғида ишлаб чиқарилган ва у “Занданада ишлаб чиқарилган” деган маънони беради. Кейинчалик мамлакат бўйлаб занданийчи матоси ишлаб чиқарувчи марказлар пайдо бўлган ва ривожланган. Шундай бўлса-да, бошқа жойларда ҳам унинг асл номи сақланиб қолаверган.

2. Наршахининг ёзишича, бу мато Ҳиндистон ва Ироққа юборилган, чунки у ўта пишиқлиги, ҳарир ва гўзаллиги билан ўша давр зодагон табақалари томонидан юқори баҳоланган. Ҳатто Европа қироличалари ҳам Занданийчи матосидан кўйлак кийишни яхши кўрганлар. Улар учун махсус қимматбаҳо мато етказиб турилган.

3. Наршахийнинг хабар беришича, ҳатто араб халифаси маъмурлари солиқларни пул билан эмас, машҳур Зандана матоси ва ва гилам билан олишган.

4. Аслида ипакнинг ватани Хитой бўлса ҳам Занданичи ипак матолари Ғарб ва Шарққа сотилиши билан бирга Хитойнинг ўзига ҳам тарқалиб кетган. Хусусан, парча деб номланувчи Зандана матоси 718-719 йилларда Бухоро шаҳридан Хитой императорига юборилганлиги ҳақида маълумотлар бор.

5. VI – VIII асрларда ишлаб чиқарилган Занданийчи матолари парчалари Ғарбий Европанинг бир нечта музейларида бугунги кунда сақланиб қолган. Белгиядаги Юн шаҳри соборида сақланаётган ушбу ноёб ипак мато парчасини ўрганаётган санъатшунос олим, француз тадқиқотчиси Д. Шепард унда сиёҳда битилган божхона ёзуви ва муҳрини топди ва уни ўқишга муваффақ бўлди. Ушбу парчада сўғд ёзувида бўлиб, матонинг узунлиги, ҳажми, вақти ҳақидаги маълумотнома бор.Ушбу муҳрнинг ўқилиши кўп ноаниқликларга ойдинлик киритди. У Европанинг қатор мамлакатларида сақланаётган Занданийчи матосини аниқлашга муваффақ бўлди. У Шарқий Туркистондаги Дун-Хуан манзили топилмалари орасида шундай матолар борлигини аниқлади.

6. Занданачи матоси кўндаланг қаторларда жойлашган медалонлардан иборат нақшлар билан безатилган. Медалонлар оралиғига ўсимлик тасвири туширилган. Бошқа турдаги безаклар ромб, квадрат, геометрик ифодаланган гуллар ва ҳоказолардан иборат. Д. Шеперед “занданачи” матосининг тилларанг, тўқсариқ, оқ, кўк, қизил ва яшил каби ўзига хос ранглигини таъкидлайди.

7. Ана шундай матолардан тикилган кийимлар Суғд, Тохаристон ва Марказий Осиёнинг бошқа вилоятларидаги сарой ҳамда қўрғонларнинг деворий расмларида акс эттирилган қабул ва байрам манзараларида кенг намойиш этилган. Улар милодий 6-8 асрларга тааллуқлидир. Жумладан, Афросиёбда очилган деворий суратларда улуғ зотлар кийимлари безакларининг ниҳоятда хилма хиллигини кўриш мумкин.

Ўртасига учар отлар, қўйлар, афсонавий маҳлуқлар (муқаддаси учар итлар), товуслар ва ҳоказолар тасвири туширилган доиралар тарзидаги безаклар ана шу кийимлар учун хос. Шундай кийим тикадиган устахоналар барча йирик шаҳарларда бўлган, археологлар очган устахона харобалари, ишлаб чиқариш анжомлари шундан далолат беради.

8. “Байт ат-Тураз” Бухоро қалъасининг шарқий дарвозасида жойлашган бўлиб, у ерда Х-ХI асрларда энди унча қимматбаҳо бўлмаган ипак ва пахтадан тўқилган матолар ишлаб чиқарилган тўқимачилик корхонаси бўлган. Чунки вақтлар ўтиб ҳунармандлар бозорбоп ва пахта билан тўқилган матоларни ишлаб чиқаришга ўтгандилар.

9. “Бобурнома”да таъкидланганидек, “Самарқанднинг яна бир матои қирмизи маҳмалдурким, атроф ва жавонибга элтарлар”. Бобур даврида унинг такомиллашган турлари Самарқандда машҳур бўлган.

10. Археологик қазишмалар натижасида Шимолий Кавказда шунга ўхшаш мато парчалари топилган. Ўн тўртинчи ва ўн олтинчи асрларда Занданийчи матоси пахтадан ишлаб чиқарилгани учун ҳам харидоргир бўлган. Занданийчи матоси ўрта асрларда Ғарбий Европа шаҳарларида, шу жумладан Болтиқбўйи мамлакатида фуқаролар учун энг арзон, табиий ва севимли импорт матолардан бири ҳисобланарди. ХVII асрда Россияда Ўрта Осиёдан келадиган барча матолар “Зенден” номи билан машҳур бўлган.

Шоҳиста Ўлжаева

Ўхшаш мақола

Қабри Мадина шаҳрида бўлган Бухоро хонлари

Post Views: 606 Марказий Осиё давлатчилиги тарихидан маълумки, давлат ҳукмдорлари кўп ҳолларда тахтдан воз кечса …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *