Данфиғонкет

Данфиғонкет – ўрта асрларда Чочдаги шаҳар (4–12-асрлар). Араб географлари асарларида (10-аср) Шутуркетдан икки фарсаҳ шарқда, Буюк ипак йўлининг Чинончкет (Чиноз)дан Чоч пойтахти Бинкатга борадиган савдо йўлида жойлашгани қайд этилган. Унинг харобалари ҳозирда Югантепа номи билан машҳур бўлиб, Янгийўл шаҳрининг жанубий чеккасида, Чирчиқ дарёсининг ўнг қирғоғида, Ниёзбоши қишлоғи яқинида жойлашган. Ёдгорликни дастлаб археолог Г.В.Григорьев (1934) ўрганиб қайд қилган. Ушбу ҳудудда кенг кўламдаги турар жой уйлари қурилиши муносабати билан археолог М.С.Мершчиев қазишма ишлари ва археологик кузатиш ишлари олиб борган (1953–54). Данфиғонкет харобаси алоҳида, айлана шаклдаги қалъа ёки қаср жойлашган тепалик (диаметри 150 м дан ортиқ) ва унга жануби-ғарб томондан ёндашган, чор атрофи махсус мудофаа девори, айлана шаклдаги бурж-мўлалар билан ўралган (узунчоқ томонида 7 бурж, қисқасида – 6 бурж), квадрат шаклидаги қишлоқдан иборат. Жануб томондан дарвоза ўрни аниқланган. Қалъада қазилган стратиграфик шурф (материкка қадар бормаган) ва шаҳристондаги қазишмалар натижасида 4–7-асрларга оид сопол идишлар чиққан. Улар Қовунчи маданияти ва Турк хоқонлиги даврига мансуб бўлган. Тепа қисмида турар жойлар, кулоллар устахоналари, хумдонлар (9–12-аср) аниқланган. Шаҳарнинг ғарбий қисмида темирчилик устахоналарининг темир қуйиш асбоблари, шлаклар ва бошқалар топилган. Шаҳар чеккаларидан зардуштийларнинг дафн қутилари – оссуарийлар чиққан. Бу ердаги дастлабки истеҳком милодий 1-минг йиллик ўрталарида вужудга келган. 6–8-асрларда шаҳарга айланиб, Динбагнкат – «дин ибодатхонаси шаҳри» деб аталган. Исломдан аввал бу ерда катта ибодатхона жойлашганлиги тахмин қилинади.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

«Туркистон альбоми»

Post Views: 323 «ТУРКИСТОН АЛЬБОМИ» – Туркистон ўлкаси, унинг ижтимоий ҳаёти, аҳолининг турмуш тарзи, маданияти …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *