«БОТАНИКА» ИЛМИЙ-ИШЛАБ ЧИҚАРИШ МАРКАЗИ, Ўзбекистон Республикаси ФА «Ботаника» илмий-ишлаб чиқариш маркази (Дўрмон йўли кўчаси, 32) – 1940 йил Ботаника институти номи билан ташкил этилган. 1941 йилдан Ботаника ва тупроқшунослик институти деб номланган. 1950 йилдан мустақил Ботаника институти. 1998 йил институтга Ботаника боғи қўшилгач, Ботаника институти ва ботаника боғи деб аталди. 2001 йилдан ҳозирги номда. Институтда табиий шароитда ўсадиган ўсимликлар дунёси ҳар томонлама ўрганилиб, муҳофаза қилиш, қайта тиклаш, улардан оқилона фойдаланиш, ўсимликлар интродукцияси биотехнологияси, ўсимликлар қоплами, экология, табиатни муҳофаза қилиш, палеоботаника, ўсимликлар хомашёси, анатомияси, цитоэмбриологияси, Орол денгизи атрофидаги қуриб қолган ерларни қайта ўзлаштириш, чорва моллари учун ем-хашак базасини ташкил этиш, экологик хариталар тузиш ва бошқалар устида илмий текширишлар олиб борилади. Институтда 6 жилдли «Ўзбекистон флораси», 10 жилдли «Ўрта Осиё ўсимликлари аниқлагичи», «Ўзбекистон Қизил китоби» каби 120 дан зиёд монография ва тўпламлар тайёрланган. Таркибида Ботаника институти (12 лаборатия билан), Ф.Н.Русанов номидаги Ботаника боғи, Марказий гербарий (1,4 млн.дан зиёд ўсимлик нусхалари сақланади) бор. Марказда аспирантура, докторантура, ихтисослаштирилган илмий кенгаш фаолият кўрсатади. Марказда 165 илмий ходим, жумладан 1 академик, 15 фан доктори ва 26 фан номзоди ишлайди.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил