Тошкент ҳайвонот боғи
Юнусобод тумани ҳудуди, Боғишамол кўчаси, 232а манзилда жойлашган. 1924 йил Ўрта Осиё давлат университети (САГУ) олимлари томонидан ташкил этилган. Ҳайвонот боғи ташкил этилишига Туркистон генерал-губернатори боғи, Сирдарё вилояти губернаторининг Садовий (ҳозирги Ўзбекистон овози) кўчаси охирида жойлашган дала боғи ҳамда князь Николай Константинович томонидан Романов уйи ҳовлисида, «Хива» кинотеатрида кўнгилхушлик учун жамланган ёввойи ва йиртқич ҳайвонлар, қушлар асос бўлган.
1921 йилнинг март ойида Туркистон генерал-губернаторлиги боғи ўрнида Ботаника боғи ташкил этилиб, тажриба ва илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун Ўрта Осий давлат Университети тасарруфига берилди. Университет олимлари томонидан Ботаника боғи ҳудудида ҳайвонлар кўргазмаси ташкил этилиб, унинг негизида Тошкент ҳайвонот боғи ташкил этилган. Тошкент ҳайвонот боғи ташкил этилишида университетнинг зоолог олимлари Н.А. Кайзер, Н.Н.Кузнецова, В.Б.Тризна сингари олимларнинг хизмати катта бўлган. 1938 йил Тошкент ҳайвонот боғи мустақил муассаса сифатида тўлиқ шаклланиб бўлгач, собиқ Сирдарё вилояти губернаторининг 4 га боғига кўчирилган.
Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган «Флора ва фаунанинг йўқолиб бораётган турлари билан халқаро савдо қилиш тўғрисида»ги халқаро Конвенция (СИТЕС) талаблари ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 1 апрелдаги «Биологик ранг-барангликни сақлаш бўйича миллий страгеяси ва ҳаракатлар режаси тўғрисида»ги 139-сонли қарори Тошкент ҳайвонот боғининг асосий меъёрий ҳужжати ҳисобланади. Ҳар тамонлама ривожланиб ва шаклланиб бораётган Тошкент ҳайвонот боғи фаолияти учун тегишли шарт-шароитлар яратиш мақсадида, мустақиллик даврида замон талаблари асосида Тошкентнинг шимолий-шарқида, Ботаника боғи ёнида 22,8 га ҳудудда янгитдан Тошкент ҳайвонот боғи ҳудуди бунёд этилди.
Янги ҳуддуд таркибида маъмурий бино, аквариум, террариум, маймунхона, тўтихона, майда сут эмизувчилар, инсектарий павильонлари, сут эмизувчилар, қушлар, сувда сузиб юрувчи қушлар, туёқлилар ва филхона вольерлари ташкил этилди. Янги Тошкент ҳайвонот боғининг очилиши маросими 1997 йил 1 сентябрь куни бўлиб ўтди. Тошкент ҳайвонот боғи 2000 йилдан бошлаб нуфузли «ЕАРАЗА» — Европа-Осиё ҳайвонот боғлари аквариумларининг ҳудудий ассоциацияси аъзоси ҳисобланади. Тошкент ҳайвонот боғи «ЕАРАЗА» орқали кўплаб хорижий давлатлар ҳайвонот боғлари билан яқиндан алоқа ўрнатиш, ортиқча ҳайвонлар билан бепул манфаатли айирбошлаш ҳамда қимматбаҳо маълумотлар олиб туриш имконига эга бўлди. 2007 йилнинг 12-18 апрель кунлари янгитдан ташкил этилган Тошкент ҳайвонот боғининг 10 йиллиги нишонланди.
Тадбир доирасида Тошкентда илк бор «ЕАРАЗА»нинг навбатдаги йиллик конференцияси бўлиб ўтди. 2009 йилгача ортиқча ҳайвонларни ўзаро манфаатли айирбошлаш йули билан Малайзия, Москва, Боку, Алмата, Кишинёв, Рига, Николаев, Большеречье, Новосибирск, Чимкент ҳайвонот боғлари билан 46 турга оид 123 та ноёб ҳайвонлар Тошкент ҳайвонот боғига келтирилди. Айни пайтда Тошкент ҳайвонот боғи Россия Федерациясининг Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Самара, Калининград, Николаев, Белоруссиянинг Минск, Украинанинг Киев, Харьков, Қозоғистоннинг Олмаота, Чимкент, Молдованинг Кишинёв, Чехия Республикасининг Хомутов, Вишков, Прага, Плзень, Словакиянинг Братислава, Малайзиянинг Куала-Лумпур, Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли ва дунёнинг бошқа қатор ҳайвонот боғлари билан яқиндан дўстона алоқалар ўрнатган.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2008 йил 28 январда «Тошкент ҳайвонот боғи коллекциясини янада бойитиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори қабул қилинди. 2010 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Тошкент хайвонот боғида ноёб ҳайвонлар, қушлар, балиқлар тури 450 тани, уларнинг умумий сони эса 5000 тани ташкил этди. Ҳайвонот боғида «Қизил китоб»га кирган сут эмизувчилар, судралиб юрувчилар, қушлар, балиқлар, ёввойи ва йиртқич ҳайвонлар оиласига мансуб қатор ҳайвонлар тури сақланади. 1995 йил 16 декабрь куни «Ўзбекистон маркаси» нашриёти томонидан Тошкент ҳайвонот боғига бағишланган почта маркалари муомалага чиқарилди. Тошкент ҳайвонот боғи ўз сайти ва электрон почтасига эга.
Эргаш Исматуллаев
09.03.2010 й.






Изоҳлар