Янги шаҳар (маълумот)

ЯНГИ ШАҲАР – Тошкентнинг чор Россияси томонидан босиб олинган (1865)дан кейин вужудга келган, европача услубда қурилган жануби-шарқий қисми, Эски шаҳардан Анҳор канали билан чегараланган мустақил аҳоли манзили сифатида барпо этилган. Янги шаҳар қурилиши тарихан шаклланган Эски шаҳарни ҳисобга олмай, ҳарбий истеҳком типидаги иншоотлар қуришдан бошланган. 1865 йил шаҳарнинг Қўймас дарвозаси рўпарасидаги тепаликда рус аскарлари учун ҳарбий истеҳком – Тошкент тупроққўрғони қурилди. Тупроққўрғон орқасида гарнизон казармалари солинди. Кейинчалик Анҳор канали чап соҳили бўйлаб Ўрда билан Тупроққўрғонни боғлайдиган йўл қурилган; бу йўл Янги шаҳарнинг биринчи кўчаси бўлиб, Черняев кўчаси деб аталган (ҳозирги Мустақиллик майдонидан ўтган). 1866–67 йилларда Янги шаҳарнинг биринчи қатъий лойиҳаси (муҳандис М.Н.Колесников) тузилди. Янги шаҳар қурилиши даставвал Обухов кўчаси (ҳозирги Навоий кўчасининг бир қисми) билан Сапёрлар кўчаси оралиғида олиб борилган. Эски шаҳардан бошланган Шайхонтоҳур кўчаси (ҳозирги Навоий кўчаси) Ўрдагача узайтирилди. Анҳор каналига Янги шаҳарни Эски шаҳар билан боғлайдиган ёғоч кўприк қурилган. Янги шаҳар қурилиши Тошкент Туркистон генерал-губернаторлигининг маъмурий марказига айланган (1867)дан кейин айниқса авж олди. Янги шаҳарда маъмурий, ҳарбий, молия, тиббий, қишлоқ хўжалиги ва бошқа бошқармалар жойлашган. Туркистон генерал-губернаторлиги тузилгандан кейин (1867) Янги шаҳарда Туркистон генерал-губернатори ва Сирдарё вилояти ҳарбий губернаторининг қароргоҳлари ва маҳкамалари (ҳозирги Мустақиллик майдони ҳудудида) жойлашди. «Шаҳар низоми» (1877) жорий қилингач, Янги шаҳарни бошқариш Шаҳар думаси қўлига ўтди. Шаҳар маҳкамаси аъзолари Дума депутатларидан сайланган. Янги шаҳар чор ҳукуматининг Бухоро, Хива ва Қўқон хонликларини босиб олишда ҳамда Ўрта Осиё ва Қозоғистонда мустамлакачилик ва миллий зулмни тобора кучайтириб боришда муҳим таянч жойи бўлди. Чор маъмурлари бу ердан туриб бутун Туркистон ўлкасини бошқарди ва бойликларини ўзлаштирди. Бу ҳол 1917 йилдан кейин ҳам давом этди.
Янги шаҳарда ҳарбий идоралар учун бир қаватли мустаҳкам уйлар, ҳарбийлар ва хусусий кишилар учун пахса ёки хом ғиштли уйлар кўплаб қурилган. Янги шаҳар ҳудудининг жадал суръатда кенгайиб бориши шаҳар планининг янги лойиҳасини тузишни тақозо қилди. 1870 йил меъмор А.В. Макаров Янги шаҳарнинг Шибли ариғининг чап соҳилига мўлжалланган (ҳозирги Шаҳрисабз ва Амир Темур шоҳкўчаси оралиғи) қурилишлари лойиҳасини радиал-ҳалқа схемасида тузган. Константин сквери (ҳозирги Амир Темур хиёбони) унинг маркази бўлиб, ундан Москва (ҳозирги Амир Темур шоҳкўчаси), Лагерь (ҳозирги Мустақиллик кўчаси), Кауфман (ҳозирги Сайилгоҳ ва Тараққиёт кўчалари), Қўйлиқ (ҳозирги Истиқлол кўчаси), Духовский проспекти (ҳозирги Амир Темур шоҳкўчаси) атрофга тарқалар эди. Янги шаҳарда турар жой ва маъмурий бинолардан ташқари корхоналар ҳам қурила бошлади. Закаспий – Тошкент (1899) ва Оренбург – Тошкент (1906) темир йўл қурилиши ўлкага монополистик капиталнинг кириб келиши, саноат ва савдо-сотиқнинг ривожланишига, айни вақтда кўплаб хом-ашё (пахта, ипак, олтин, қоракўл тери ва ҳ.к.)ни ташиб кетилишига имкон яратди. Янги шаҳарда саноат корхоналари, вино, ёғ-мой заводлари, темир йўл устахоналари очилди; унинг марказий қисмида банклар, савдо уйлари, меҳмонхоналар, ресторанлар қурилди. Янги шаҳарнинг савдо-хўжалик ҳаёти маркази Воскресение бозори бўлган. Айрим ободончилик ишлари ҳам амалга оширилган. 1882 йил шаҳар боғи барпо этилди. Йўлкалар ва кўприклар қурилди, кўчасининг четларига дарахтлар ўтказилди. 1893 йил Александр парки (ҳозирги Фидойилар хиёбони) барпо этилди. Катта кўчалар тунда керосин чироқлар билан ёритилар эди. Октябрь тўнтаришига қадар бажарилган шаҳар ободончилигига доир ишлардан энг йириги кўнка ва трамвай қурилиши бўлди.
1910 йил Янги шаҳарда 4702 уй (аксарияти бир қаватли) бўлиб, уларда 54,5 минг киши, аксарияти рус ва бошқа миллат вакиллари яшаган. Бинолар ичида князь Романов саройи (1889–90; меъморлар: А.Л.Бенуа, В.С.Гейнцельман), давлат банки (1895, меъмор В.С.Гейнцельман), Рус-Осиё банки (1910; меъмор И.А.Маркевич), «Регина» (1916, меъмор, Г.М.Сваричевский), «Националь» меҳмонхоналари ажралиб турар эди. Янги шаҳарда ўрта ўқув юртларидан гимназия, реал билим юрти, кадетлар корпуси, коммерция билим юрти, шунингдек, 30 қуйи ўқув юртлари бўлган. 1870 йил Туркистон оммавий кутубхонаси (ҳозирги Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси) очилди. Маданий муассасалардан 2 театр (қишки ва ёзги), ҳарбий ва жамоат мажлислари бинолари қурилди. Октябрь тўнтариши вақтида Янги шаҳар большевиклар уюштирган ғалаёнлар марказига айланди. 1917 йилдан Янги шаҳар билан Эски шаҳар расмий маъмурий бирликлар ҳисобланган. 1917 йил 28 мартда Янги шаҳар Ишчи ва солдат депутатлари Тошкент Кенгаши тузилди. 1929 йил Янги шаҳар ва Эски шаҳар кенгашлари Тошкент ишчи, деҳқон, қизил аскарлар деб аталмиш депутатлари шаҳар Кенгашига бирлашди, ягона шаҳар доирасида янги маъмурий бўлиниш жорий қилинди. 1939 йил биринчи марта Янги шаҳар ва Эски шаҳарнинг барча қисмларини ягона шаҳарга бирлаштириш кўзда тутилган Тошкентни реконструкция қилиш Бош плани лойиҳаси тасдиқланди.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *