Яқин ўтмиш. Туркистон вилояти газети

«ТУРКИСТОН ВИЛОЯТИНИНГ ГАЗЕТИ» – Туркистонда 1870 йилда рус истилочилари томонидан нашр этилган маҳаллий тилдаги илк босма газета. Туркистон генерал-губернаторлигининг нашри. «Туркестанские ведомости» газетасининг ўзбекча варианти. Дастлаб шу газетага илова тариқасида чиқарилган. 1883 йилдан мустақил газета «Туркистон вилояти газети» бирмунча вақт (1872 йил июлидан 1873 йилнинг февралига қадар) Петербургда нашр этилган. 1885 йилдан газетанинг бир томони «Туркестанская туземная газета» номида рус тилида чиққан. Фаолияти 1917 йилда тўхтатилган. «Туркистон вилояти газети»га 1871–1883 йилларда генерал-губернатор таржимони Шоҳимардон Иброҳимов, 1883 йил бошларида Муҳаммадҳасан Чанишев, 1883 йил ўрталаридан 1917 йилга қадар Н.П.Остроумов муҳаррирлик қилган. Саҳифаларида чор Россиясининг Туркистондаги мустамлакачилик сиёсати тарғиб қилинган, маҳаллий аҳолини «оқ подшо» ва унинг Туркистондаги амалдорлари амр-фармонларини сўзсиз бажаришга ундалган. Газетада расмий материаллардан ташқари, пахтачилик, ипакчилик ҳақида, фан, техника, адабиёт ва санъатга доир материаллар ҳам эълон қилинган. Газетада Сатторхон Абдуғаффоровнинг сиёсий публицистик мақолалари, Фурқат ва Муқимийнинг маърифатга ундовчи шеърлари ва ҳажвий асарлари босилган. Шунингдек, рус ёзувчилари И.А.Крилов, А.С. Пушкин, Н.В.Гоголь, И.С. Тургенев, Л. Н.Толстой асарларидан илк таржималар босилган.

«Туркистон вилояти газети» 500–700 нусхада нашр этилган. «Туркистон вилояти газети» нусхалари Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида ва Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивида сақланади. Газетадаги материаллар 19-аср охири ва 20-аср бошларида Туркистон халқлари ҳаёти, маданиятини ўрганишда муҳим манба саналади.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *