Бозоршаб

БОЗОРШАБ, б о з о р и ш а б (форсча тунги бозор) – ўтмишда Туркистоннинг йирик шаҳарларида, жумладан Тошкентда, одатда, кўпроқ байрам ва рўза кунлари уюштирилиб, оммавий кўнгил очиш кечалари билан қўшиб ўтказилган. Бозоршаб пайтида Шайхонтоҳур мажмуаси (ҳозирги Навоий кўчаси ўрни), Чорсу майдони (Регистон) безатилган, турли хил ширинлик-қандолат, мева-чева, озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳунармандчилик буюмлари сотилган. Карнай, сурнай ва ноғоралар одамларни Бозоршабга чорлаган. Майдонларга дорлар қурилиб, масхарабозлар, қўғирчоқбозлар ўйин кўрсатган, ўргатилган ҳайвонлар, айниқса, айиқ ўйини намойиш қилинган, полвонлар курашган. Чойхоналарда созанда, хонанда, аскиячи, қизиқчи, раққослар санъатларини намойиш қилган.

1829 йил Тошкентга келган рус зобити Н. Потаниннинг ёзишича, «рўза ойи тугаб, ҳайит байрами бошланганда, шаҳар атрофидаги тепаликларга чодирлар ўрнатилган, кўплаб аҳоли бир ҳафта мобайнида мусиқа, рақс, кураш, туяларни чоптириш ва уриштириш, така, қўчқор, бедана, каклик уриштириш билан машғул бўлишган».

Бозор иқтисодиётига ўтиш муносабати билан Тошкентдаги айрим бозорларда Бозоршабга ўхшаш тадбирлар ўтказиш расм бўлмоқда.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *