Бўстонлиқ хазинаси
БЎСТОНЛИҚ ХАЗИНАСИ – моддий-маданият ёдгорлиги (милодий 11-аср биринчи ярми). Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг Сижжак қишлоғидаги Кўкёнғоқ мавзеида, Писком дарёсининг ўнг соҳилида бўлган. 1965 йилда чўпон Қ. Эрматов топиб, Ўзбекистон халқлари тарихи музейига топширган. Бўстонлиқ хазинаси ҳар бирининг оғирлиги 200 г ли 8 та бурама билагузук, 8 та тумор сақланадиган қутича, 27 та қўнғироқча, 1 та булоқи (бурундуқ) ва бўйинга тақиладиган бир қанча занжирдан иборат; ҳаммаси кумушдан ясалган. Билаг-узуклар ўйма, чизма ва босма усулда ишланган бўлиб, икки учи илонбоши кўринишда, сирти турли геометрик шакл, нақш ва суғдча ёзувлар билан безатилган. Бу ерда олиб борилган археологик қазишлар жараёнида хумдонлар ва кумуш буюмлар ясаладиган устахоналар қолдиғи, тангалар, сирланган сопол идишлар бўлаги ҳам топилган. Бўстонлиқ хазинаси Тошкент воҳасининг қадимий аҳолиси маданиятини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил






Изоҳлар