Манноп табиб

МАННОП ТАБИБ (Абдуманноп Абдунабиев) (1867–1950) – табиб. Тошкент шаҳрининг Себзор даҳасидаги Хўжатарашкан маҳалласида табиб оиласида туғилган. Отаси – Абдунаби, боболари Абдуллажон ва Маҳамадражаб ҳам табиб бўлган. Манноп табиб 1930–40-йилларда Тошкент аҳолиси ўртасида машҳур бўлган ва кўплаб беморларни даволаган. У хафақон, безгак ҳамда қорин, бош, қулоқ, кўз оғриқлари, оёқ-қўл чиқиши, синиши, яра-чақа касалликлари ва бошқа хасталиклар билан мурожаат этган беморларга шифо бахш этган. Кўп дардга даво топа олгани учун эл ўртасида машҳур бўлган. Беморларни даволашда ўз усули билан тайёрланган дори-дармонлардан фойдаланган. Манноп табиб беморларни халқ табобати усулида даволаётганлигидан хабар топган машҳур терапевт, ТошТИ проф. М.И.Слоним (1875–1945) Манноп табиб билан учрашган ва ундан куйдирги касаллигини даволаш бўйича маслаҳатлари олган. Манноп табиб врачлар билан бўлган мунозара ва тортишувларда экзема-мараз, қичима-қўтир, сариқ касал, бод, рак-қилтомоқ ва бошқа касалликларни халқ табобати усулларидан фойдаланиб даволаш ҳақида сўзлаб берган. Ёзувчи Мавлон Икром эсдаликларига кўра, Манноп табиб остеопороз (суяк бўшашиши) ва бошқа хасталикларни даволаганлиги учун унга давлат томонидан патент берилган ва беморларни эркин даволашга рухсат этилган. Ҳабибулла Қодирийнинг «Отамдан хотира» китобида баён қилинишича, Манноп табиб ўша даврдаги кўп ёзувчи ва шоирлар, зиёлилар, жумладан Абдулла Қодирий билан яқин муносабатда бўлган. Манноп табиб ҳақида халқ ўртасида турли ривоятлар мавжуд. Табибнинг невараси, тери-таносил касалликлари бўйича тиббиёт фанлари доктори Абдушукур Маннонов бобоси касбини эгаллаб, беморларга шифо бахш этиб келмоқда. Манноп табиб Захариқ қабристонига дафн этилган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *