Ниёзбек қалъаси
НИЁЗБЕК ҚАЛЪАСИ – Чирчиқ дарёсининг ўнг қирғоғидаги қалъа харобаси (ҳозирги Чирчиқ шаҳри ҳудудида бўлган). Тошкент ва унинг атрофини сув билан таъминловчи қадимий ирригация иншооти – Бўзсувни душмандан ҳимоя қилиш мақсадида қурилган. Қалъа номи Муҳаммад Солиҳхўжанинг ёзишича, Тўлабийнинг ўғли Ниёзбек номи билан боғлиқ бўлган. Ниёзбек қалъасини 1935 йилда археолог В.Д.Жуков тадқиқ қилган. Қалъа тўғри тўртбурчак шаклида бўлиб, атрофи тупроқ кўтарма билан ўралган. Қалъанинг устки қисмидан Қўқон хонлиги (19-аср) даврига оид материаллар топилган. Генерал М.Г.Черняев бошчилигидаги чоризм қўшинлари Тошкентни қамал қилган пайтда (1865) харобага айлантирилган. Ниёзбек қалъаси эгалланиши билан Тошкент аҳолиси сувсиз қолган.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил






Изоҳлар