Тўрткўлтепа-1
ТЎРТКЎЛТЕПА-1 – шаҳар харобаси (3–6-асрлар). Янгийўл шаҳридан ғарбда жойлашган. Дастлаб (1934) Г.В.Григорьев, кейинчалик (1977) Ю.Ф.Буряков текширган. Тўрткўлтепа-1 майдони тўғри тўртбурчак (400 х 400 м) бўлиб, Қурқулдак сойининг сўл қирғоғида ўрнашган. Атрофи мудофаа девори билан ўралган (46–52 х 25–26 х 10–12 см лик йирик хом ғиштлар ишлатилган). Девор пойининг қалинлиги 8 м, сақланиб қолган баландлиги ҳам 8 м ни ташкил қилади. Деворнинг ички қисмида ёнғиндан жабр кўрган супалари бўлган хоналар очилган, улар жангчилар учун мўлжалланган. Сопол буюмлар Қовунчи II типига хос.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил






Изоҳлар