Канпирдевор
КАНПИРДЕВОР, Кандипарак, Девори кан(м)пирак – Ўрта Осиёда деҳқончилик воҳаларини кўчманчилар ҳужумидан ҳимоя қилиш мақсадида барпо қилинган мудофаа иншоотлари тизимининг харобалари. Маъноси «қазилган» (чоҳ) демакдир. Талаффузда «н» билан «м» алмашуви кузатилади. «Пир» сўзи эса қадимда пайрйа – айлана, ўров маъносида. Демак «кан(м)пир» сўзининг ўзи «хандақли девор» дегани. «Девор» сўзи «канпир» сўзининг туб маъноси унутилганда қўшилган. Ўрта Осиёнинг турли вилоятларида (Бухоро, Суғд, Усрушона, Fарбий Фарғона), жумладан Тошкент воҳасида Канпирдеворлар бўлган. Хусусан, қадимда Тошкент воҳасини шимол тарафдан ўраган Канпирдевор (8-асрнинг 70-йиллари) Хўжакент (Сойлиқ)дан Сирдарёгача чўзилган бўлиб, харобаларининг кенглиги 10–15 м, баландлиги 1–2 м. 8–9-асрларда Ўрта Осиёда араблар ҳукмронлиги даврида Бухоро, Суғд, Усрушона воҳалари атрофидаги Канпирдеворлар бир-бири билан туташтирилиб, ягона мудофаа тизими вужудга келтирилган. 10-асрда (сомонийлар даврида) Канпирдеворлар ўз аҳамиятини йўқотиб, харобага айлана бошлаган. Унинг айрим қисмлари излари археологлар томонидан Чиноздан Қовунчигача бўлган оралиқда кузатилган.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил






Изоҳлар