Тахтапул
ТАХТАПУЛ – Себзор даҳасидаги қадимги маҳалла. Тешикқопқа (Дарвишакқопқа), Тарновбоши, Коҳота, Чилтўғон маҳаллалари билан чегарадош бўлган. Бир чеккаси шаҳар мудофаа деворига туташган; шаҳар дарвозаларидан бири – Тахтапул дарвоза шу ерда бўлган. Архив материалларига кўра, 4 қисмга (1-Тахтапул, 2-Тахтапул-мўғол, 3-Тахтапул, Юқори Тахтапул) бўлинган. Уларда жами 446 киши яшаган. 3 та мозор (Тахтапул, Кўктўнлиота, Азизлархўжа) бўлган. Аҳолиси, асосан, ўзбеклар бўлиб, савдо-сотиқ, шаҳар ташқарисидаги ерларида деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланган. Тошкентда баққоллик дўконлари, чойхоналар, 2 тегирмон, жувозхона ва бошқалар бўлган (20-аср боши).
ТАХТАПУЛ КЎЧАСИ – Шайхонтоҳур туманининг «Тахтапул» маҳалласи ҳудудида. Шайхонтоҳур ва Fафур Fулом кўчалари оралиғида. Узунлиги 1,5 км атрофида. Кўча жойлашган ҳудуд қадимда Тахтапул деб аталган ва шаҳарнинг шу номдаги қадимги дарвозаси ушбу кўча жойлашган ҳудудда бўлган. 19-асрнинг 1-ярмида ташкил топган. Дастлаб Туркқўрғон номи билан аталган. 1972 йил 25 апрелда театр режиссёри Зуҳур Қобулов номи берилган. 2008 йил 9 июндан Тахтапул номи билан юритилади. Йўналишида Гидрометеорология касб-ҳунар коллежи, 20-мактаб, 21-оилавий поликлиника, «Покиза» кафеси, дорихона, савдо шохобчалари, турли сервис хизмат кўрсатиш масканлари ва шахсий турар жой бинолари жойлашган. Таркибида 4 тор кўча бор. Яқинида Себзор даҳаси, тиббиёт касб-ҳунар коллежи, «Шаршара» кафеси, «Оталар чойхонаси» бор.
«ТАХТАПУЛ» МАҲАЛЛАСИ (Себзор даҳаси, Марказ-17/18, 35) – Олмазор туманидаги маҳалла. «Намуна», Чилтўғон маҳаллалари билан чегарадош. 1992 йил ташкил этилган ва «Қаҳрамон» номи берилган, 1997 йилдан «Тахтапул» номида. Аҳолиси 6830 киши, кўп миллатли. Маҳалла ҳудудида «Ат-Термизий» масжиди, ўрта мактаб, болалар боғчаси, енгил саноат коллежи, тўйхона мавжуд.
«ТАХТАПУЛ» МАҲАЛЛАСИ (Шайхонтоҳур кўч., 117а-уй) – Шайхонтоҳур туманидаги маҳалла. Лабзак, Коҳота, Туркқўрғон маҳаллалари билан чегарадош. Номи Кайковус каналига қурилган ёғоч кўприк билан боғлиқ бўлиши мумкин. Аҳолиси 3550 киши, асосан, ўзбеклар, шунингдек, 10 дан ортиқ миллат вакиллари яшайди. Маҳалла ҳудудида 22 та кўча, болалар боғчаси, ўрта мактаб, 2 та коллеж, болалар юқумли касалхонаси, «Истиқлол» ресторани ва кафелар, озиқ-овқат дўконлари жойлашган. Давлат арбоби Ҳуснитдин Асомов, дорбозчи Эркин Тошканбоев, Зариповлар сулоласи, ёзувчи Адҳам Раҳмат шу маҳаллада яшаб ўтган
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил






Изоҳлар