Салор

САЛОР – Тошкентнинг шарқий ва жануби-шарқий қисмидан ўтган канал. Ҳозирги Салор Бўзсув каналидаги Салор ГЭСнинг қуйи бъефидан бошланади. Узунлиги 60 км, кенглиги 10–15 м, чуқурлиги 1–2 м. Бош сув олиш иншооти 20 м3сек. сув ўтказишга мўлжалланган. Каналдан Дам ва Полвон каналлари сув олади, Тошкентнинг бир нечта саноат корхоналари, жумладан, Тошкент иссиқлик электр маркази сув таъминоти учун фойдаланилади. Канал Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Ҳамза, Миробод, Яккасарой ва Сергели туманлари ҳудудидан оқади.

Салор қадимда Бўзсувнинг чап соҳилидан, ҳозирги Салор ГЭСнинг қуйироғидан қазилган. Салорга Бўрижар, Қорасув оқовалари ҳам келиб қўшилган. Натижада Салорнинг суви бирмунча кўпайиб, ундан Куркулдак ва Ниёзбоши ариқлари чиқарилган. Салор, Куркулдак ва Ниёзбоши бўйларида милоддан аввал 1-минг йиллик ўрталари ва милоддан аввал 1-асрларда вужудга келган қадимги деҳқончилик маданияти ёдгорликлари кўп учрайди. Бу даврда Салор ва унинг шохобчалари бўйларида турли истеҳкомлар (Қовунчитепа, Куйгантепа, Ниёзбоштепа ва бошқалар) пайдо бўлган. 4–11-асрларда Салор бўйида Мингўрик, Бинкат, шунингдек, Данфиганкет, Шутуркет ва бошқа шаҳарлар вужудга келган. 11–12-асрларда Салор бирмунча кенгайтирилган, суви кўпайган; лекин 13-асрда мўғуллар ҳужумидан кейин қаровсиз қолган. Кейинчалик (19-аср) канал ўзани янгидан қазилган.

Сўнгги йилларда канал ўзанининг аксарияти таъмирланиб, айрим қисмлари қайта қурилди. Каналнинг Тошкент шаҳрида Мустақиллик кўчаси билан темир йўл бекати кўпригигача бўлган қисми тўлиқ қайта таъмирланди, ободонлаштирилди ва истироҳат боғлари ташкил этилди. Каналнинг сув ўтказиш қобилиятини ошириш (50 м3сек.гача етказиш), ўзанини бетонлаш ишлари олиб борилмоқда.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Тошкент герби

Post Views: 448 ТОШКЕНТ ГЕРБИ – илк ўрта асрлардаёқ Тошкентнинг ўзига хос рамзи юзага келган. …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *