Қўйлиқ қишлоғи

Қўйлиқ қишлоғи (Селение Куйлюк) Тошкентдан 2 верста масофада жойлашган эди. XIX асрнинг охирларида Қўйлиқ Қурама (Кураминский) уездининг маркази ҳисобланган. Мазкур уезд Сирдарё ҳарбий губернаторининг 1868 йил 20 октябрдаги буйруғига бинан, Тошкент уездидан Тошкент шаҳри алоҳида маъмурий бирлик сифатида ажралиб чиққанидан сўнг ташкил этилган. Дастлаб Уезд бошқармаси Тўйтепада, кейинчалик эса, 1869 йили, Қўйлиқ қишлоғига кўчирилган ва бу ерда 1887 йилгача бўлган. “Туркистон ўлкасини бошқаруви ҳақидаги” 1886 йилги Низомга кўра Қурама уезди 1887 йили 1 январда Тошкент уезди деб номлана бошланди ва Уезд бошқармаси Қўйлиқдан Тошкентга кўчирилди. Қишлоқда бутун уезд учун битта дорихона ва унинг қошида тиббий қабул пункти, телефон тармоқлари, масжид, мадраса, пристав (уезд бошқарувчиси) идораси бўлгани маълум. Тошкент шаҳри билан боғловчи йўл “Қўйлиқ шохкўчаси” (кўпроқ шаҳар ҳудудидаги Салор ариғигача бўлган қисми) ва “Қўйлиқ шоссеси” (Салордан Чирчиққача бўлган қисми) деб аталган. Мазкур йўл шаҳарни уезд маркази билан боғлагани туфайли, унга маъмурият томонидан катта эътибор қаратилган. Кўпайиб бораётган европали шаҳар аҳолиси ҳам кўпроқ Никольское ва Қўйлиққа томон йўналишларда ўзига уй-жойлар қуриб ўрнашган. Жумладан, архив ҳужжатларидан маълум бўлишича, Қўйлиқ шоссесининг узунлиги Тошкентдан Чирчиқ станциясигача 10 верста 319 ½ сажен бўлган. Деярли бутун йўлга тош ётқизилган, Салордан Қўйлиққача бўлган қисмида шоссе 1877 йили қурилган ва 1878 йили унга тўққизта кўприк ўрнатилган. 1892 йилга келиб кўприклар сони 25 тага етган. 1905 йили шосседа мостовая қурилган. Вақти-вақти билан Қўйлиқ шоссеси ва ундаги кўприклар таъмирланиб турилган (1878–80, 1884, 1886–87, 1888, 1892, 1903, 1905, 1912 йилларда).

Х.Бўриева
Тошкент шаҳрининг тарихий топонимияси

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *