Тошкандликлар. Муҳаммад Солиҳ

XIX асрда Тошкентда яшаб ижод этган тарихнавис олимлардан бири Муҳаммад Солиҳдир.

Муҳаммад Солиҳ Рахимхожа (Қорахожа) ўғли 1830 йили Тошкентнинг «Қорёғди» маҳалласида дунёга келади. Ёшлик вақтидаёқ илм олишга қизиқади, Тошкент ва Бухорода таълим олади. Айниқса тарихга қизиққанлиги учун Тошкент тарихи ҳақида асар ёзиш ниятида бўлади. У ўзигача бўлган тарихчиларнинг «Равзат ус-сафо», «Бобурнома», «Тарихи Муқимхоний», «Тарихи Абулфайзхон», «Туҳфаи хоний» каби тарихий асарларини мутолаа қилади ва ўзининг Тошкент тарихига бағишланган махсус «Тарихи жадидаи Тошканд» («Тошкентнинг янги тарихи») номли асарини ёзади. Ҳозирда бу асарнинг уч қўлёзма нусхаси Ўзбекистон Республикаси ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзма асарлар хазинасида сақланмоқда. Улардан бири Муҳаммад Солиҳнинг ўз қўли билан китобат қилинган нусха бўлиб, 1040 варақдан иборат. Ундан икки нусха кўчирилган. Улар қисқартирилган нусхалар бўлиб, биринчи нусха Набирахожа Сайидхожа ўғли, иккинчи нусха Муҳаммад Хасан ва Носиров Абдуллалар тарафидан кўчирилган. Мазкур асарда келтирилган маълумотларга қараганда, бу асарни Муҳаммад Солиҳ қарийб йигирма йил давомида ёзган ва ундан кейинги даврда ҳам баъзи тузатиш ва маълумотлар киритиб борган. У ўз асарининг охирида 1887 йилги воқеалардан ҳам баён этган.

Муҳаммад Солиҳ ўрта аср тарихчилари анъаналарига кўра, воқеаларни баён этишни қадим замонлардан бошлайди ва Қўқон хонлигининг ташкил топишига келгандан кейин бевосита Тошкент тарихини ёзишга ўтади. Муҳаммад Солиҳ асарнинг иккинчи ярмида асосан Тошкент тарихи ҳақида гапирса-да, Тошкент шаҳрига боғлиқ масалаларни Ўрта Осиёда содир бўлаётган бошқа воқеалар билан боғлиқ ҳолда баён этади. Масалан, Бухоро ва Қўқон хонликлари ўртасидаги курашлар, Қўқон хонлигининг Тошкент аҳолисига нисбатан тутган сиёсати, халққа кўрсатилаётган жабр-зулм ва унга қарши Тошкент аҳолисининг кўзголонлари ва норозиликлари ўз ифодасини топган. Шунингдек, мазкур асарда Тошкент шаҳрининг географияси ва топографиясига оид қизиқарли маълумотлар келтирилган. Шаҳарнинг ўн икки дарвозаси, уни ўраган девор, шаҳарнинг тўрт даҳаси, маҳаллалар, шаҳардаги мадраса, масжид, ҳаммомлар, шаҳарни сув билан таъминлаб турувчи ариқлар, анҳорлар, кўприклар, деҳкончилик маҳсулотлари ва бошқа қатор масалалар юзасидан қизиқарли маълумотлар келтирилган.

Муҳаммад Солиҳнинг «Тарихи жадидаи Тошканд» асарида келтирилган маълумотлар шунинг учун ҳам қимматлидирки, муаллиф бу баён этилган воқеаларнинг кўпини ўз кўзи билан кўрган, уларнинг ичида бевосита қатнашган ва уларнинг шоҳиди бўлган.

1941 йили академик Я.Ғ. Ғуломовнинг бу асар ҳақидаги бир мақоласи босилган эди. Шунингдек, баъзи асарларда ҳам бу асарнинг борлиги қайд қилиб ўтилган.

Тошкент тарихини ўрганишда катта илмий аҳамиятга эга бўлган бу тарихий асар жиддий ўрганилган эмас.

Бу қўлёзма асарнинг қисқача илмий таърифи «Ўзбекистон Республикаси ФА Шарқ қўлёзмалари тўплами» номли каталогда берилган.

Умуман айтганда, Муҳаммад Солиҳнинг «Тарихи жадидаи Тошканд» номли тарихий асари XIX аср Тошкентнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаёти тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Тошкент алломалари ва тарихий шахслари (иккинчи китоб)

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *