ХIХ асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошларида Тошкент. Саноатнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши (1-қисм)
Россия империяси босқинчилик сиёсатининг асосий мақсади Туркистон ўлкаси бойликларини талаш, уни пахта монополиясига айлантириш ва Россияда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар учун янги бозор ташкил этишдан иборат эди.
Россия ҳукумати Туркистон ўлкасини босиб олган ерларида шу сиёсатни зудлик билан амалга ошира бошлади. Айниқса бу саноат соҳасида яққол кўзга ташланди. Чор ҳукумати Туркистон ўлкасига кириб келган рус ва чет эл саноатчиларини хар томонлама қўллаб-қувватлади.
Туркистон ўлкасининг бой захиралари рус тадбиркорларини эсанкиратиб қўйди. 1866 йилда Москва университети қошида Москва қишлоқ хўжалик жамияти ва табиатшунослик ишқибозлари жамиятининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда савдо ва саноат вакиллари иштирок этди. Ушбу жамиятнинг раиси И.Н.Шатилов савдо ва саноат намоёндаларининг рус қўшинларининг бошлаб берган ишини охиригача етказишлари кераклигини, яъни Россия учун Ўрта Осиё аҳамиятини мустаҳкамлаш зарурлигини уқтирди.
Россия империяси рус текстил саноати учун Туркистон пахтасини қўлга киритишни азалдан орзу қилиб келган эди. Ўлкада етиштиралаётган пахта Америкадан Россияга келтирилаётган пахтадан анча арзонга тушар эди.
Чор ҳукуматини маҳаллий пахта навлари қониқтирмади. Улар пахтадан яна кўпроқ даромад олиш ва унинг навларини кўпайтириш мақсадида ўлкада америка пахта навини ўзлаштиришга киришди.
Чор Россияси дастлабки йиларданоқ пахтадан яхши даромад ола бошлади. Шунинг учун ҳам улар пахта масаласига жуда катта эътибор берган. Ҳатто рус матбуотида: «Туркистон ўлкасининг тугамайдиган бойлиги бу пахта ва ипак бўлиб, улар ҳозир яхши ривожланмаган бўлсада, ақл-идрок билан иш тутилса Россиянинг фабрикалари пахта ва ипак билан таъминланади» деб бежиз айтилмаган эди. Яна чор ҳукумати чет элдан олинадиган пахтага бож солган бўлса, Туркистон ўлкасидан олинадиган пахтага бож солмади. Пахтадан олинадиган даромадни қандай бўлишини ҳисобини қилган рус саноатчиларида катта-катта пахта плантациялари пайдо бўлди.
Тошкент шаҳрининг «янги» қисми Туркистон ўлкасининг иқтисодий марказига айланди ва дастлабки европа типидаги саноат корхоналари айнан шу ерда ташкил топди.
Пахтадан мўмай даромад олишни мўлжаллаган рус тадбиркорлари зудлик билан пахта заводлари барпо этишга ҳаракат қилдилар.
Маълумки, пахта туб аҳоли томонидан оддий усул — чиғириқ ёрдамида тозаланар эди. Бу оғир, кўп вақтни оладиган меҳнат эди. Масалан, бир ишчи бир пуд ғўзани икки кун тозаларди, яъни биринчи куни чаноқдан пахтани ажратса, иккинчи куни пахта толасини чигитдан чиғириқ орқали ажратган. Шу тариқа икки кунда бир пуд ғўзадан 8-9 фунт тоза тола олинарди. Агар шу ҳисобдан келадиган бўлсак, мардикорнинг оиласи ҳосилнинг ўндан бир қисмини узлуксиз меҳнат қилиб 2-3 ойдагина уддалар экан. Бундан ташқари маҳсулот ишлаб чиқаришдан ташқари унинг устига катта устама харажат қўшилиши ҳам бор эди.
Қайта ишлашнинг маҳаллий усули ўлкада пахтачилик ривожланишига катта тўсқинлик қиларди. Пахта тозалаш заводларининг пайдо бўлиши ушбу соҳанинг ривожига ўз таъсирини ўтказди. Заводларда пахта хом ашёсини қайта ишлаш асосан пахта толасини чигитдан ажратиш ва қулай шаклда пресслашдан (тойлашдан) иборат эди.
Биринчи пахта тозалаш заводи Тошкентда 1879 йилда С.И. Назаров томонидан қурилди. Кейинчалик С.И. Лахтин, М.И. Никифоров ва бошқа саноатчиларнинг заводлари ҳам ишга тушди. Улар орасида Ю. Давидов ва Катта Ярослав Мануфактура савдо-саноат ширкатининг пахта тозалаш заводлари энг катта саноат корхоналаридан ҳисобланган. Шуни таъкидлаш жоизки пахта тозалаш заводларининг баъзилари пахта ҳосили бўлмагани сабабли мунтазам равишда фаолият кўрсатмаган.
Пахта тозалаш заводидаги иш жараёни қуйидаги тартибда олиб борилган: масалан, С.И. Назаров заводида 110 аррали 6 жин (пахта тозалайдиган машина) мавжуд эди. Ҳар бир жин маҳсулдорлиги бир аррага суткасига 3 пуд пахта ҳисобидан тўғри келарди. Жин буғда, арра эса қўлда ҳаракатга келтирилган. Заводда ҳаммаси бўлиб 12 киши ишлар, яъни ҳар жараёнга 6 тадан одам тўғри келган. Завод жиҳозлари аста-секин такомиллаша борган. Жинлар миқдори ва пахтани пневматик (сиқилган ҳаво билан ишлайдиган) усулида узатиш бўйича техник жиҳоз ортиб борди. Қўл ва винтли (парракли) тойлаш ишчи кучини кўп талаб қилгани сабабли механик двигателлар ёрдамида ҳаракатга келувчи гидравлик ускуналар билан алмаштирилди. Булар барчаси пахта тозалаш заводлари ишлаб чиқарадиган маҳсулот ҳажмини оширди.
1885 йилда 130 ишчи ишлайдиган беш пахта тозалаш заводида 311 928 рублга маҳсулот ишлаб чиқарилган эди. Кейинчалик савдо-саноат ширкатлари томонидан қурилган заводлар пайдо бўлди. Улар орасида Катта Ярослав Мануфактуралари ва Ўрта Осиё савдо-саноат ширкатлари бор эди.
1893 йил маълумотлари бўйича 8 заводда ҳаммаси бўлиб 1 663 400 рублли 263 400 пуд пахта тозаланган.
Шаҳарга 1898 йил А.Д. Рядов момиқ (пахта) фабрикаси очилди. У эски увадаларни ва пахта тозалаш заводи чиқиндиларини тозалаш билан шуғулланарди. Бундан ташқари бу ерда пахтанинг америка навидан момиқ ва туя жуни қайта ишланган. Завод обороти йилига 20 минг рублни ташкил этган.
Пахта заводларидан ташқари шаҳарда ёғ ишлаб чиқарувчи заводларга ҳам асос солинди. Биринчи ёғ заводи 1872 йил С.И. Краузе томонидан очилиб, бу ерда кунжутдан ташқари ёнғоқ ва ўрик мойлари ҳам ишлаб чиқилган. Ўзининг арзон нархи ва сифати билан кунжут ёғи бошқа писта ва кўкноридан тайёрланадиган ёғларни сотувдан сиқиб чиқарди.
Ёғ асосан пахта чигити, кунжут, зиғир ва бошқа маҳсулотлардан олинарди. Бундай заводлар сони кўпайиб борди. Шундай заводлардан бирида 1888 йилда 500 пуд зиғир, 300 пуд кунжут, 100 пуд каноп, 300 пуд пахта ёғи ишлаб чиқарилган. Ишлаб чиқарилган маҳсулот нафақат Тошкент шаҳрида балки Самарқанд ва Фарғона шаҳарларига хам жўнатилган. Бу заводлар уруғ тозаловчи машиналар, линтерлар, пресслар, элеватор, кунжара кесадиган машиналар ва ҳ.к.лар билан жиҳозланган.
1873 йилда шаҳарнинг «янги» қисмида Павел Гурдега тегишли тўқув фабрикаси ишга тушди. У ерда 60 дастгоҳ ўрнатилган бўлиб, унда 6 рус ва 54 ўзбек хизмат қиларди. Фабрикада хомашё ўрнида Тошкент, Қўқон ва Бухородан келтирилган калавалардан (пряжа) фойдаланиларди. Ундан 250 аршин тўрвабоп мато тайёрланиб, Туркистон ҳарбий округи индентант бошқармасига топширилган.
Ўша йили Жемчужников тўқув фабрикаси ҳам ишга туширилди. У ерда тик, рўмол, мато кабилар тўқиларди. Бу ерда 54 дастгоҳ бўлиб, шундан 50 таси асосан қўлда бошқариларди. Маҳсулот ҳажми йилига 4508 аршин бўлиб, 864 рублга тўғри келган.
Чор ҳукумати Туркистон ўлкасида тўқимачилик саноатини ривожлантиришга тўсқинлик қилди. Чунки бундай имконият Россиянинг тўқимачилик саноатини ривожланишига зарар етказишини жуда яхши тушунар эди. Шу билан бирга мустамлака ўлкани иқтисодий-ижтимоий ва маданий тараққиётдан жуда узоқда сақлаш чор ҳукуматининг асосий вазифаларидан бири эди. Шу сабабли ҳам тайёр пахта манбаига эга бўлган Туркистон ўлкасида тўқимачилик саноати ривожи хеч қандай чора-тадбир кўрилмади. Аксинча Россиядан тайёр ип-газламалар келтирилди.
Туркистон ўлкасида ишлаб чиқарилган ипак толаси қадимдан машҳур бўлиб келган. Унга талаб ҳатто Европа бозорларида ҳам кучли бўлган. Чор ҳукумати пахта билан биргаликда ипакчиликка ҳам катта эътибор берган ва ундан яхшигина даромад олган. Маҳаллий аҳоли бу иш билан азалдан шуғулланиб келгани ва тутзорларнинг кўплиги ипакчиликни ривожланишини таъминлаган.
1871 ва 1872 йилларда Тошкентда бир неча ипак йигирув фабрикалари очилди. Улар орасида И.И. Первушиннинг ипак ўраш фабрикаси бошқаларникига нисбатан мукаммалроқ бўлган. 1895 йилда шаҳарнинг «янги» қисмида 7 пуд ва эски қисмида 2060 пуд пилла етиштирилган.
Бу даврда чарм ишлаб чиқариш ҳам анча такомиллашди, туб аҳоли эса бу иш билан азалдан қўлбола усулда шуғулланиб келган.
Дастлабки европа типидаги кўн заводини 1868 йилда Салор бўйида М.А. Хлудов томонидан қурилган. 1877 йилда Кунайцев томонидан ҳам кўн заводи қурилди. Кейинчалик яна бир нечта кўн заводларига асос солинди. 1885 йилда шаҳарнинг “янги” қисмида 4 та шундай заводлар фаолият кўрсатган. Улар йилига 157 минг сўмлик 21 минг дона ошланган тери ишлаб чиқарган ва унда 4 уста ва 48 ишчи ишлаган. Бундай корхоналар Тошкентнинг “эски” қисмида ҳам очилиб, унинг асосчилари маҳаллий аҳоли вакилларидан эди. Масалан, 1886 йил Й. Каримбоев маъмуриятдан Салор бўйида кўн заводи қурилишига рухсатнома олган.
1891 йил маълумотлари бўйича 6 уста, 14 ишчи, 6 шогирд бўлган 4 заводда 320 минг рубллик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Бу шаҳар бўйича тери ишлаб чиқариш анча ривожланганидан гувоҳлик беради.
Ичак заводларининг асосчиларидан бири Г.В. Дюршмидт эди. У ичакларни тозалаш ва консервалаш билан шуғулланган. 1889 йилда бу завод маҳсулоти 84 минг рублни ташкил этди. Оренбурглик савдогар А. Ҳусаинов заводида 1898 йилда 16 200 рубллик ичакни қайта ишланган.
Туркистон ўлкасига рус хамда чет эл капиталининг кириб келиши саноат ишлаб чиқаришининг турли соҳаларининг пайдо бўлишига олиб келди. Рус саноатчиларининг иштаҳаси очилиб кетди. Улар нафақат саноатнинг бир тури, балки бир неча тури билан шуғуллана бошладилар, яъни бир неча завод ва фабрикаларга эгалик қилдилар.
Саноат корхоналари билан бир қаторда босмахоналар ҳам пайдо бўла бошлади. Биринчи босмахона ҳарбий маъмурият томонидан 1868 йилда қурилган эди. Иккинчи босмахона 1872 йилда Туркистон генерал-губернаторлиги томонидан очилди. 1872 йилда С.И. Лахтин босмахонасига асос солинди, у йилига 20 минг рубллик маҳсулот ишлаб чиқарган.
ХIХ аср охирларида О.А. Порцев ва ака-ука Каменскийлар И.И. Костелов, В. Ильин, П.Ф. Бритденбах ва бошқа типолитографиялари ишга тушди. 1895 йилда 2 типография ва 3 литография фаолият кўрсатиб, улар 18 740 рубллик маҳсулот ишлаб чиқарди.
Бу вақтга келиб пишиқ ғишт ишлаб чиқариш соҳаси ҳам анча ривожланганди. 1877 йилда В. В. Макаров ва С.К. Янчевскийнинг ғишт заводи қурилган бўлиб, у 1882 йилда 2 100 минг дона ғишт ишлаб чиқарган. Бу заводларда 2 уста ва 61 ишчи ишлаган. Бироқ заводлар ҳар доим ҳам мунтазам равишда ишламас, бунинг оқибатида айрим йилларда улар ишлаб чиқарган маҳсулотлар анча кам бўларди. Масалан, шундай йиллардан бирида 11270 рублга 1030 минг дона ғишт ишлаб чиқарилган.
ХIХ АСРНИНГ ИККИНЧИ ЯРМИ – ХХ АСР БОШЛАРИДА ТОШКЕНТНИНГ «ЯНГИ ШАҲАР» ҚИСМИ ТАРИХИ
Жаннат Исмоилова
ЎзРФА Тарих институти
ЎзР ФА Ўзбекистон тарихи давлат музейи
Тошкент – “Fan va texnologiya” — 2004
Ушбу қимматли манбанинг электрон вариантини тақдим этгани учун монография муаллифи Ж.Исмоиловага ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.






Изоҳлар