Бош саҳифа » Ислом институти

Ислом институти

ИСЛОМ ИНСТИТУТИ, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти (Зарқайнар 18-берк кўчаси, 47а -уй) – олий диний ўқув юрти. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бош­қармаси раиси, муфтий Зиёвуддинхон Эшон Бобохон ўғли ташаббуси билан масжид имом-хатибларининг малакасини ошириш курслари (1970) негизида 1971 йил Тошкентда ташкил этилган. Дастлаб Ислом олий маъҳади деб номланган. 1991 йилдан ҳозирги номда. Ташкил этилганда буюк муҳаддис Имом Бухорий номи берилган. Ўзбекис­тон мусулмонлари идораси тасарруфида. Динлар тарихи ва назариясини чуқур эгаллаган, ислом дини асосларини ўзлаштирган диний ходимлар тайёрлайди. Институт битирувчиларига исломшунос, имом-хатиб ва араб тили ўқитувчиси ихтисослиги берилади.

Ислом институти

Ислом институти

Институтда 4 та кафедра мавжуд: диний фанлар (фиқҳ, усул ул-фиқҳ, ақоид, ҳадис, мусталаҳ-ул-ҳадис, тафсир, фароиз, хатоба каби диний фанлар ўқитилади), ижтимоий фанлар (фалсафа, маънавият асослари, социология, Ўзбекистон тарихи, ислом тарихи, мазҳаблар ва фирқалар тарихи, динлар тарихи, сиёсатшунослик, иқтисодиёт назарияси, экология асослари ва бошқа фанлар ўқитилади), таҳфизул-Қуръон (Қуръони карим қироати, тажвид, улумул-Қуръон каби фанлар ўқитилади), тиллар (она тили, араб тили, инглиз тили, форс тили, рус тили, балоғат ва хаттотлик каби фанлар ўқитилади). Кутубхонасида 20 мингдан ортиқ асар сақланади.

Ислом институти (www.qadriyat.uz)

Ислом институти

Институтда илмий кенгаш, ўқув-услубий кенгаш, мураббийлар кенгаши, талабалар кенгаши фаолият олиб боради. Институтда 130 дан ортиқ талаба ўқийди, 42 ўқитувчи ишлайди (2008). Институт ташкил этилгандан бери уни 1700 дан ортиқ киши битириб чиқди. Институт ҳудудида тарихий ва меъморий ёдгорлик – Намозгоҳ масжиди мавжуд.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*