Бош саҳифа » Биласизми? » Тошкент газеталари тарихи

Тошкент газеталари тарихи

Тошкентда Марказий Осиёда илк газеталар – «Туркестанские ведомости» («Туркистон ведомостлари») ва «Туркистон вилоятининг газети» 1870 йилдан чиқа бошлаган. Туркистон генерал-губернаторлиги томонидан ташкил этилган мазкур нашрлардан кўзланган мақсад мустамлакачиларнинг ерли халқларга ўзларининг сиёсатларини тарғиб ва ташвиқ этиш бўлган. Мазкур газета ҳарбий округ штаби ҳузуридаги босмахонада нашр этилган. Уларнинг ҳар иккиси ҳам 1917 йилгача чоп эттирилгани боис Туркистон матбуоти тарихида узоқ муддат давомида узлуксиз фаолият кўрсатган даврий нашрлар саналади.

Мазкур газета ўлкадаги даврий матбуотнинг шаклланиши ва ривожланиши учун туртки бергани билан ҳам аҳамиятлидир.

«Туркистон вилоятининг газети» ўзбек публицистикасининг шаклланишига йўл очди. Зокиржон Фурқат, Сатторхон Абдуғаффоров, Исҳоқхон Ибрат, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва бошқа зиёлиларнинг бу газетадаги чиқишлари натижасида Туркистон ўлкасида жаҳолатга қарши кураш, оммани, айниқса, ёш авлодни ҳар томонлама илм-маърифатли қилиб тарбиялашга интилиш ҳаракатининг кучайишини таъминлади. Бошқача айтганда, мазкур нашр маърифатпарварларнинг фикр ва сўз айтиши учун илк минбар вазифасини ўтади.

19-асрнинг 90-йиллари Туркистонда матбуот соҳасида ўзига хос янгиланиш жараёнлари кузатилди. Ана шу даврдан эътиборан ўлкада рус тилидаги дастлабки хусусий газета ўз фаолиятини бошлади. Тошкентда нашр қилинган «Окраина» (1890–1907), «Русский Туркестан» (1898–1907) газеталари дастлабки хусусий нашрлардир. Бу газеталар либерал-буржуа йўналишига эга бўлиб, ўлкадаги рус тадбиркорларининг манфаатларини ўзида акс эттирган. Бу каби газеталар генерал-губернаторликнинг расмий нашрларидан фарқли равишда, кишиларни сиёсий, иқтисодий ва адабий ҳаётга алоқадор ахборот билан таъминлаш баробарида жамиятдаги ижтимоий муносабатларни танқид қилиш орқали мавжуд муаммолар ечимини излагани билан ҳам аҳамиятлидир.

20-асрнинг бошида Тошкент рус сиёсий матбуоти тармоғида ишчилар ҳаракатининг пайдо бўлиши заминида туғилган социал-демократик нашрлар ҳам жой ола бошлайди.

Чоризм маҳаллий халқлар онги ва билим савиясининг юксалишидан манфаатдор бўлмаган. Шу боис ҳукмрон сиёсат миллий онгнинг юксалишига хизмат қиладиган воситаларнинг, жумладан, миллий тилдаги даврий нашрларнинг юзага келишига иложи борича йўл қўймади. 1906 йилга қадар бутун ўлкада ягона «Туркистон вилоятининг газети»дан бўлак маҳаллий тилда биронта газета нашр қилинмагани ҳам бунинг далилидир.

Тошкентда ўзбек тилидаги дастлабки мустақил даврий нашрларнинг пайдо бўлиши 1905–07 йиллардаги 1-рус инқилоби даврига тўғри келади. Бу, шубҳасиз, ўлка ижтимоий ҳаётида тарихий аҳамиятга эга муҳим воқеа эди. Инқилобий ҳаракатлардан саросимага тушган чоризм турли ислоҳотлар соясида матбуот соҳасида ҳам ён беришга, сўз эркинлигини қисман бўлса-да таъминлашга мажбур бўлди. Ўлканинг зиёлилари бундан фойдаланиб, даврий нашрлар чиқариш тўғрисида чор маъмуриятидан рухсатномалар олишга эришдилар. Тошкентда дастлабки ижтимоий-сиёсий ва адабий мазмундаги ўзбекча даврий нашрлар ташкил топди. Уларнинг ташкилотчилари, муҳаррирлари ва етакчи муаллифлари, асосан, 20-аср бошида Туркистонда юзага келган жадидчилик ҳаракатининг ғоявий йўлбошчилари, маҳаллий саноатчи бойлар бўлган. Хусусан тошкентлик Сайидкарим Сайидазимбой 1907 йилда тижоратчиларнинг махсус «Тужжор» газетасига асос солди. Бир йилдан сўнг рус тилида шундай газета («Туркестанская торгово-промышленная газета») чиқарилди. Жадидлар истилочилар ва уларнинг маҳаллий малайлари томонидан топталган Туркистон ўлкасини обод ва тараққий этган юртга айлантириш, халқни жаҳолат, илмсизлик ва хурофот ботқоғидан қутқариб, илм-маърифатли этиш орзусида кенг фаолият олиб бордилар. Зеро, улар бундай эзгу ниятларга эришишда матбуот қудратли таъсир воситаларидан бири эканини яхши англаган.

Тошкентда ташкил этилган даврий нашрлар фаолиятини йўлга қўйишда маҳаллий рус матбуоти ҳамда Россиянинг турли ҳудудларида татар тилида нашр қилинган газетанинг, хусусан, маърифатчи Исмоилбек Гаспринский муҳаррирлигида чиққан «Таржумон» газетанинг иш тажрибасига таянилган.

Ўзбекистонда чинакам миллий матбуотнинг юзага келиши 1906 йил 27 июнда Тошкентда чоп этилган «Тараққий» газетаси билан боғлиқ. «Садои Туркистон» (1914–15) газетани савияси, омма онгига таъсири жиҳатидан ўзбек матбуоти тарихидаги энг ибратли нашр-лардан деб ҳисоблаш мумкин.

Бироқ бу газетанинг фаолияти машаққатли кечди. Чор цензураси уларни қаттиқ исканжага олди. Тошкентда чиққан «Тараққий», «Хуршид» (1906), «Шуҳрат» (1907), «Осиё» (1908) газеталари «номатлуб» йўналиши учун Туркистондаги чор маъмурияти томонидан ёпиб қўйилди. Бошқа нашрларнинг тез-тез молиявий тангликка гирифтор бўлиши ҳам улар фаолиятининг тўхташига сабаб бўлди. Тошкентда маърифатчилар томонидан асос солинган ўзбек матбуоти ўз йўлидаги жиддий тўсиқ ва ғовларга қарамай миллий онг, тил, адабиёт ва журналистикани шакллантиришга муайян таъсир кўрсатди.

1917 йил Февраль инқилоби Туркистондаги ижтимоий муносабатлар, шу жумладан, матбуот ривожига ҳам таъсир кўрсатмай қолмади. Миллий бирлик ҳаракатини авж олдиришга, ўзбек халқининг истиқлолга эришиш йўлидаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга 1917 йилда ташкил этилган «Нажот», «Турк эли», «Турон», «Улуғ Туркистон» газетаси ўзига хос ҳисса қўшди. Янгиланиш ва ислоҳотлар талаби билан майдонга келган мазкур нашрлар ўлкада совет ҳокимияти ўрнатилган даврда бир муддат чиқишда давом қилган бўлса ҳам, бироқ кўп ўтмай, янги ҳукмрон мафкура етакчилари томонидан «аксилинқилобчи»ликда айбланиб, фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди.

Тошкентда партия-совет матбуотининг дастлабки намунаси рус тилидаги «Наша газета» бўлиб, унинг 1-сони 1917 йил апрелда чиқди. Ушбу газета 1919 йил 12 апрда «Известия», 1922 йилдан «Туркестанская правда» номлари билан чоп этилди. 1924 йил ноябрдан «Правда Востока» газетаси чоп этила бошланди. Бу газета 1991 йил сентябрдан ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий газета мақомида (1994 йилдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси муассислигида) чиқмоқда.

Тошкентда 1918 йил 24 январда «Продовольственное дело» (Озиқ-овқат қўмитаси нашри), 1918 йил мартдан «Голос крестьянина» (Ўлка деҳқонлар кенгаши ижроқўмининг нашри), 1918 йил апрелдан «Народный университет» (Туркистон халқ университети ва Туркистон Республикаси халқ комиссарлиги нашри) чоп этилди.

Ўзбек тилидаги биринчи совет газетаси 1918 йил 21 июндан дастлаб Туркистон Мухтор Совет Социалистик Республикаси Миллий ишлар халқ комиссарлигининг нашри ҳисобланган ва кейинчалик партия газетаси мақомини олган «Иштирокиюн» («Коммунист») газетасидир. Газета кейинчалик «Қизил байроқ» (1921–22), «Туркистон» (1922–24), «Қизил Ўзбекистон» (1924–64), «Совет Ўзбекистони» (1964–91) номларида босилди. 1991 йил сентябридан «Ўзбекистон овози» номи билан Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг расмий нашри сифатида нашр этилаётир.

Ўзбекистон ССР ташкил бўлганидан кейин, 1925 йилдан аҳолининг турли қатламларига мўлжалланган республика миқёсидаги газеталар: «Ёш ленинчи», «Комсомолец Востока», «Камбағал деҳқон», «Қизил юлдуз», «Батрак», «Ишчи», «Пионер Востока», «Ленин учқуни», «Узбекистанская правда», «Маданий инқилоб» ва бошқалар айнан Тошкентда чиқа бошлади. 30-йилларга келиб матбуот буткул сталинизм жарчисига айланди. Барча масалалар бўйича у фақат партия раҳбариятининг расмий йўл-йўриқлари ва нуқтаи назарини ифодалади, шу йилларда бутун мамлакатда амалга оширилган ялпи қатағон учун мафкуравий замин ҳам яратди.

Шу даврда матбуотни ташкил этиш ва тараққий топтиришда хизматлари сингган Усмонхон Эшонхўжаев, Абдулҳамид Сулаймонов (Чўлпон), Абдулла Қодирий, Зиё Саид, Мўмин Усмон, Маннон Ромиз, Аъзам Аюбов, Абулҳай Тожиев, Муҳаммад Ҳасанов, Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов, Қосим Сорокин, Қурбон Берегин ва б. истеъдодли журналистлар, муҳаррирлар, публицистлар ўзлари ташкил этган матбуотда «халқ душманлари», «партияга қарши троцкийчи-зиновьевчи-бухаринчи гуруҳларнинг ҳамтовоқлари», «ашаддий миллатчилар» деб ноҳақ бадном қилинди ва сталинча қатағон қурбонига айландилар.

1941–45 йиллардаги уруш даврида барча жабҳалар сингари матбуот тармоғи ҳам бирмунча қисқарди, Тошкентда чоп этилган қатор газеталар фаолияти вақтинча тўхтатилди. Чиқиб турган газеталарнинг ҳажми ва нусхаси камайди.

Урушдан кейинги даврда Тошкентда матбуот тараққиёти, асосан, шаҳар ҳамда йирик корхона, завод, илмий ва таълим муассасалари газ.лари ҳисобига янада кенгайиши, мавжуд газеталар нусхасининг кескин кўпайиши, матбуот моддий-техника базасининг мустаҳкамланиши билан характерлидир.

20-асрнинг 80-йиллари 2-ярмига келиб «қайта қуриш» деб ном олган давр матбуотида сўз эркинлиги ва ошкоралик эпкинлари кузатила бошлади. Бошқача айтганда, собиқ советлар ҳокимиятининг заифлашуви, иқтисодиётнинг издан чиқиши, жамиятда юзага келган турфа хил муаммолар кишиларни ҳаётга ҳаққоний кўз билан қарашга ундамоқда эди. Шу даврда, гарчи коммунистик партия назорати остида иш олиб борса-да, даврий матбуотда миллий ўз-ўзини англаш ғоялари билан суғорилган долзарб, муаммоли, мушоҳадага бой мақолалар чоп этилди. Тарихнинг ана шу бурилиш палласида кўплаб етук ўзбек зиёлиларининг она тилимиз, миллий қадриятларимиз, ўзликни англаш, истиқлол руҳидаги таъсирчан, баҳс ва мунозараларга чорловчи мақолалари чоп этилди. Бироқ чалажон ҳукмрон партия матбуотдаги муросасиз ва кескин чиқишларга нисбатан ўзининг тазйиқини турли воситаларда намоён этди.

Журналистика устидан партия яккаҳокимлигининг барҳам топиши натижасида матбуот тизимида янги нашрлар пайдо бўлди. Тошкентда 1991 йил 1 январдан Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши (Олий Мажлиси) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Халқ сўзи», «Народное слово» газеталари нашр этила бошлади. Эндиликда ташкилотлар, партиялар, ҳаракатлар, уюшмалар, айрим жамоалар, фуқаролар ҳам оммавий ахборот воситасини таъсис этиш ҳуқуқига эга бўлдилар.
Истиқлол туфайли даврий матбуотнинг аҳамияти ҳар жиҳатдан юксалди. Мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотлар натижасида янги-янги нашрлар таъсис этилди. Жумладан, Тошкентда «ХХI аср», «Ҳуқуқ», «Ҳуррият», «Моҳият», «Жамият», «Uzbekiston Today» сингари газеталар нашр этилмоқда. Аксарият газеталар сиёсий партиялар, вазирлик, ташкилот ва йирик компаниялар томонидан таъсис этилган бўлиб, мамлакатимизнинг сиёсий, иқтисодий, маданий, маърифий ва б. манфаатларига хизмат қилмоқда. Булардан ташқари, мустақиллик йилларида кўнгилочар нашрлар сони ҳам кўпайди.

Ҳозирги пайтда Тошкентда 19 номда республика газеталари, 2 вилоят газетаси («Тошкент ҳақиқати» – «Ташкентская правда»), 2 шаҳар газетаси («Тошкент оқшоми» – «Вечерний Ташкент»), 44 кўп тиражли газеталар нашр этилади.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

1926 йил, Боку. Биринчи Бутуниттифоқ туркологик съезди (видео)

Post Views: 122 1926 йил 26 февраль – 5 март кунлари Озарбайжон ССР пойтахти Боку …

Битта мулоҳаза

  1. Uzbekiston gazeta va jurnallari necha tilda nashr etiladi

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *