Бош саҳифа » Биласизми? » Тарихи Алиқули (Алимқули) амирлашкар. 6-фасл

Тарихи Алиқули (Алимқули) амирлашкар. 6-фасл

VI. АМИРЛАШКАРИ МАРҲУМ ИҚОН МУҲОРИБАСИГА ОТЛАНГАНЛАРИ БАЁНИ ТУРУР

Андин сўнг, Амирлашкар Иқон ғазотига тараддуд қилдилар. Биз унинг асбобу анжомларини ростлаб, тамоми аскария ва тўпу тўпхона билан Сариоғоч йўлидан Чимкентга кирмай, Арсан бўйига қўниб, ундан кўчиб, Чилик қишлоғига, кейин кўчиб Иқонга қўндик. У мавзеда намози шомдан сўнг, хуфтон вақтига яқин бир мунча ўрус аскари Туркистондан чиқиб келиб, Иқон яқинига қўнди, деб хабар келди. Амирлашкар марҳум: “Сиз қўшу пилта ва хазиналарни Иқон ичидан ташқари олиб чиқиб, хабардор бўлунг”, деб буюрдилар.

Камина Иқон ичидан чет мавзега қўш ва хазиналарни олиб чиқиб, ул кеча ҳушёрлик ва бедорлиғ билан бўлдим. Эртаси Амирлашкар хизматларига келиб кўрдумки, Ўрусиянинг юз нафарга яқин одами бир жойда тўпдур. Бизнинг аскарларимизнинг тамоми атроф ва жавонибларини олиб, аммо тўпу милтиқ ўқидан ҳеч ким уларга яқин боролмайдур. Ночор қорабўйра қилмоқ тараддудига тушиб, шоҳу намад ва самону арқон жамъ қилиб, тамоми аскария ўруслар атрофу жавонибидан қорабўйрани андак-андак суруб, ани паноҳида аскар ҳам Ўрусияга яқинлашиб ва ноҳоят яқин бўлғондан сўнг, аскария қорабўйра орқасидан чиқиб, Ўрусия қўшинига ҳужум қилдилар. Русиядан ажал етгани ўлиб, боқимонда елик нафардан ортиқроқ ўрус тўпини кўзига суғорон пўлод сих қоқиб, ўзлари қўлдан чиқиб, соний оҳисталик билан Туркистон тарафига юрдилар. Мусулмон аскари уларни атроф жавонибларини қуршаб, саъй тараддуд қилдилар. Аммо Русиянинг низомлик ва қонун билан отадурғон милтиқи ўқидан уларни олмоқ муяссар бўлмай, саломат Туркистон вилоятига кириб кетдилар. Амирлашкар тамоми Иқон фуқаросини амволу асбоб ва мутўу ашёлари билан тамоман Иқондан кўчтириб, теваю отларга юклаб, борғон йўлимиз билан Тошкандга қайтди. Иқон фуқароларини Тошкандга жойлаб, Марғилон ҳокими Қўш парвоначини Тошкендга ва Тошканд ҳокими Мирзо Аҳмад қушбегини Марғилонга ҳоким қилдилар. Андин сўнг, ўзлари мурожаат айлаб, доҳили дорус-салтанати Хўқанд бўлдилар.

Бир неча муддатдан каминаи ҳақир ҳамиша сулҳ орзуйини қилар эрдим. Яна фурсат топиб, жаноби Амирлашкар хизматларига бориб: “Ҳозир қиш фасли ва урушу муҳориба йўқ, тинчлик ва хотиржамлик маҳалидур. Шу вақтда бир хушёр одам Тошканд бориб, Чернаеф жондорол билан мусолиҳа важҳидан сўзлашса, ямон бўлмаса керак”, деб арз қилдим. Жаноби Амирлашкарга мақбул бўлиб, “Бу ишга ўзингиз муносиб ва лоиқ”, деб каминани Тошкандга буюрдилар. Камина Тошканд бориб, ўз жонибимдан қилмай, Мулло Нурча закоти тилидан Чернаеф жондорол номига сулҳ важҳидан ниҳоят мулоим ва муҳаббатангиз хат ёзиб, савдогар аҳлидан Мулло Абусаид ҳожи ва Муҳаммад Каримбекни элчилик тариқасида Чимкентга юбордим. Жондороли мазкур буларни иззат ва икром айлаб, китобатларини кўриб, “Менга бу хатни ёзмоқ учун Мулло Нурча закотининг ҳадди сиғмас. Хат егаси ким эканини ўзим билурман. Мендан салом айтурсизлар”, деб ширин ва дилписанд иборат билан хат ёзиб, элчиларни қайтарди.

Ҳосил (ул-калом), бир-икки ва уч дафъа одам бориб келғондан сўнг, бир дафъа Чернаеф жондорол каминага ёзибдурки, “Ман ўйлайманки, сулҳу ошти ва яраш сизларни тилларинда бор, аммо дилларингда йўқ. На учунким, икки подшоҳ орасинда ҳар қанча уруш ва муҳориба бўлса ҳам, савдогарни бормоқ-келмоғи манъ бўлмаса керак. Сизлар бу йил савдогарни юбормадинглар ва ҳам Чимкентга ўрук ва майиз бермакни манъ қилдинглар”, деб ёзибдур.

Камина жавоб бердимки, “Расму қоида шу эрдики, Тошканд, Хўқанд ва тамоми Туркистону Фарғона савдогарлари юкларини боғлаб тайёр бўлганда, сизлар тарафидан тожирлар тевалар билан келиб, йўл юкларини кира қилиб, олиб кетардилар. Бу йил тожирлар юбормадингиз, тамоми мусулмонлар моли киракашсиз қолиб, кўп зарар бўлди. Мулоҳиза қилмоқ керакким, савдогарни манъи бизларданму ё сизларданму? Аммо ўрук ва майиз бўлса, бу йили Тошканду Хўқандда қиш ниҳоят қаттиқ бўлиб, дарахтларни совуқ уриб, мева жинси ниҳоят оз ва қийматдур. Шу сабабли, савдогар ўзи бормади, ҳеч ким манъ қилган эмас”.

Алқисса, орамизга китобат бирла ошнолиғ ва муҳаббат тушгандан сўнг, камина ёздимки: “Икковлон сабабимиз бирла икки подшоҳ ораларига сулҳ воқеъ бўлса, тамоми халқуллоҳга нафъу фойдаси етса керак. Аммо, аввалан, чегара муқаррар ва муайян бўлса, яхши бўлур эди”.

Чернаеф жавоб ёздиларки: “Сизнинг муродингиз сарҳаддин Чимкентдур. Бу иш ҳаргиз бўлмаса керак, чунки мен Чимкентни кўп меҳнат ва машаққатлар билан олдим ва уни тобеъ бўлғонини импротури аъзам хизматларига арз қилғонман. Мундоғ жойни сарҳад қилмоқ мумкин эрмас. Лекин чегара Шаробхона бўлсин. Шаробхонадан Чимкент тарафига мусулмон аскари ва Тошканд тарафига Русия аскари ўтмасин. Бу маънода хон ва Амирлашкардан хат олиб беринг, ман ҳам импротури аъзам қўлларини қўйдуруб бериб, мустаҳкам қилайлик”, дебди.

Камина бу мусолаҳани (сулҳни) давлати азим ва катта ғанимат фаҳмлаб, жаноби Амирлашкар хизматларига ариза ёзиб, жондорол хатини қўшиб бердим. Ўзим шукронага ҳазрати Занги ота зиёратига машғул бўлдим. Ул мавзеда Баҳром отлиғ ғулом жаноби Амирлашкар хизматларидан муборакнома келтурди. Мазмуни шулким: “Мусолиҳа ишини мавқуф қўюб, ўзингиз Тошканддан Шодибек додхоҳ, Хайр Муҳаммад ёвар ва Чордара ҳокими Берди Мурод эшикўаларни ҳамроҳ олиб, Хўжанд (келиб), мани дуо қилинг”.

Камина ночор битган ишларни ташлаб ва тайин қилғон одамларни олиб, Тошканддан жўнаб, Кировучига, Кировучидан саҳар вақтида жўнаб, аввали вақти пешин Хўжанд дарёси лабига бориб, дарёдан ўттим. Амирлашкар арк остидаги боғда истироҳатга машғул эканлар. Шарафи қадамбўси учун боғга кирдим ва удайчилар Амирлашкарга хабар бермоқ учун журъат қилмадилар. Ночор камина туҳфа ва пешкашимни олиб, боғ оморати тарафига муяважжуҳ бўлдим. Бу аснода якбора Амирлашкари марҳум иморат эшикини очиб, баланд овоз билан: “Сизга истиқбол чиқсам”, деб илтифот қилдилар. Камина шарафи қадамбўс ҳосил қилганимда, муборак қўллари билан қўлимдан олиб, арк тарафига мутаважжуҳ бўлиб, аркка олиб кирдилар. Алҳосил, пешин хангомидан то хуфтан вақтигача хизмати шарифларида бўлиб, бўлган тамоми воқеот ва ҳодисотни арз қилдим. Жаноби Амирлашкари марҳум ниҳоят хурсанд бўлиб дедиларким: “Бу муҳосила ниҳоят яхши ва писандидадур ва мундан яхши маслаҳат йўқ. Аммо, бир нукта мени қабул қилмоқдин манъ қиладур”.

Фақир арз қилдимки: “Ул нуктани камина ҳам англасам, ямон бўлмас”. Марҳамат қилдиларки: “Бу мусолиҳа, албатта, халқуллоҳ манфаати ва юртосойиши, дину миллат ривожи эрур. Аммо… бу мусолиҳани қилсак, одамларимиз нодонликдан, Амирлашкар ва шиғовул деган икки малъун ўз осойиши ва айшу ишратини кўзлаб, бу қадар мусулмонларни ўрусга ташлаб, сулҳ қилдилар. Агар булар ғайрат ва ҳамият қилсалар, ҳаммамиз ғазотга отланиб, бул тараф Ўрунбурхга ва ул тараф Симифулод, Шамайгача олар эрдук”, деб ўзимизга ва ўлганимиздан сўнг, фарзанду набираларимизга лаънату нафрат юборсалар керак. Эмди уруш бўлса, мендан бошқа киши ўлмай, танҳо мен ўлуб, халқ ҳалос топар. Мунча нафрин эшмак нима ҳожат эмди. Бизга мусолиҳа важҳидан сўз қилманг, токи савдом қўзғолиб, суфрам ғалаба қилмасун”, дедилар.

Камина ҳам сўзлашга мажолим қолмай, сукутдан ўзга чора топмадим. Алҳосил, Хўжанд ҳукуматидан Аҳрорхон тўрани олиб, ўрнига Тоғайқули додхоҳ ўғли Муҳаммад Айюб мирзони насб айлаб, доруссалтанатга Хўқандга мурожаат қилдилар. Ҳўқандга келғондан сўнг, сипоҳия ва аскария либосу сарпо бермак тараддудиҳа тушиб, сарпо бериб турган вақти Тошканд ҳокимидан “Чернаеф жондорол тамоми Русия аскари ва тўпу тўпхонаси билан Тошканд қасдида Чимкентдан чиқти”, деган хабар келди.

(давоми бор)

Муҳаммад Юнус бин Муҳаммад Амин

Манба: Muhammad Yunus Toib. Tarixi Alimquli amirlashkar//Sharq yulduzi. –1996. -№ 1-2.

Ўхшаш мақола

Азербайджано-узбекские связи в 1917-1920 годах

Post Views: 92 Национально-освободительная борьба против царизма в Азербайджане и Туркестане в начале XX века …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *