Шош ҳаттотлари. Муҳаммад Юнус Котиб

Бизгача илмий мерос сифатида етиб келган қўлёзма асарларни ўрганар эканмиз, ўтмишда ҳаттотлик санъатини севган ҳаттотлар яшаганлигини кўрамиз. Уларнинг сермашаққат меҳнати туфайлигина ҳар хил асарларнинг қўлёзма нусхалари бунёд этилган. Шарқ олим ва шоирларининг асарларини ардоқлаган ва улардан нусхалар кўчирган ана шундай ажойиб ҳаттотлардан бири ҳаттот Муҳаммад Юнус котиб эди.

Буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий асарлари, ўз навбатида, Тошкентда ҳам асрлар оша, жуда кўп ҳаттотлар томонидан кўп нусхаларда кўчирилган. Улар орасида Алишер Навоий асарларининг Тошкентда атоқли ҳаттот Муҳаммад Юнус Котиб томонидан кўчирилган баъзи қўлёзма нусхалари ҳам бор. Муҳаммад Юнус Котибнинг ота-боболари ҳам ҳаттот бўлганлар. Унинг отаси Муҳаммад Бобожон ва ўғли Муҳаммад Яхё ҳам ҳаттот бўлганлар. У Шаҳрисабздан Тошкентга келиб қолади. Унинг кўчирган қўлёзма асарлари охирида келтирган маълумотларга қараганда, Тошкентда Қашқар маҳалласида бир неча йиллар давомида истиқомат қилган. Муҳаммад Юнус котиб насх, настаълик ва шикаста хатларни ёзишда моҳир ҳаттот бўлган. У фақат котиб бўлиб қолмай, ўз навбатида, араб ва форс тилларини ҳам яхши билган. Муҳаммад Юнус котиб Тошкентда яшаган вақтида Алишер Навоий асарларини кўчириш билан машғул бўлган. У Алишер Навоийнинг машҳур «Ҳамса», «Маҳбуб ул-қулуб», «Лисон ут-тайр», «Мажолис ун-нафоис», «Ғаройиб ус-сиғар» ва бошқа асарларидан бир нечалаб нусхалар кўчирган. Муҳаммад Юнус Котибнинг Алишер Навоий асарларидан Тошкентда кўчирган нусхалари орасида икки нусха — «Ҳамса» диққатга сазовордир.

Улардан бири (1278-1280) 1861-1863 йиллар орасида китобат қилинган. «Ҳамса»га киритилган ҳар бир достоннинг охирида, мазкур нусхани ҳақиқатда ҳам Тошкент шаҳрида шаҳрисабзлик Муҳаммад Юнус Котиб томонидан кўчирилганлиги кўрсатиб ўтилган.

Яна шу муқовага Муҳаммад Юнус Котиб томонидан кўчирилган Алишер Навоийнинг «Маҳбуб ул-қулуб», «Лисон ут-тайр» асарлари ҳам киритилган. «Лисон ут-тайр» асарининг охирида бундай деб ёзилган: «Бу муаззам ва мукаррам нусха Навоий ва Фоний тахаллусли Ҳазрат Амир Алишернинг «Лисон ут-тайр» асари, 1280/1863 йили Тошкентда фақир ва ҳақир Муҳаммад Юнус валади Муҳаммад Бобожон Шаҳрисабзий қўлида таҳрир топди».

Иккинчи нусха эса 1289/1872 — 1873 йили кўчирилган бўлиб, асар аввалида икки сахифасига бадиий лавҳа ишланган. «Ҳамса»даги беш достониинг аввалига ҳам алоҳида-алоҳида бадиий лавҳалар ишланган. Асар ажойиб настаълик хати билан Қўқон қоғозида ёзилган. Мазкур нусха охирида қуйидаги сўзлар келтирилган: «Алишер Навоий Ҳазратларининг муборак «Ҳамса» асари 1289/1872 — 1873 йили фирдавс монанд Тошкентнинг қошгарлик маҳалласида бу фақир шаҳрисабзлик Муҳаммад Юнус ибн мулла Бобожон қўлида анжомига етди». Шу муқовага бирга муқоваланган «Маҳбуб ул-қулуб» асари ҳам 1873 йили шу ерда мазкур котиб томонидан чиройли настаълик хати билан кўчирилган.

Қўлёзма асарларининг кўпида камтарлик юзасидан, ҳаттотлар ўз номларини келтирмайдилар. Ҳаттотлар бу асарни ўқиган кишилардан, агар уни кўчириш асносида бирон-бир камчиликка йўл қўйган бўлсалар, кечиришларини сўраш билан сўзни тамомлайдилар. Шунинг учун кўп қўлёзма асарларни қайси шаҳарда ва ким томонидан кўчирилганлигини аниқлаш қийин.

Баъзи котиблар жуда яхши иш қилганлар. Улар ўз номларини келтириш билан бир қаторда, мазкур қўлёзмани қайси шаҳарда кўчирганлини ҳам кўрсатиб ўтган. Муҳаммад Юнус Котиб томонидан кўчирилган Алишер Навоий асарларининг мазкур нусхалари охирида келтирилган маълумотлардан, уларнинг Тошкентда китобат қилинганлиги аниқ кўриниб турибди. Ҳатто бу асарлар Тошкентнинг қайси маҳалласида кўчирилганлиги ҳам аниқ кўрсатилган. Кўп йиллар давомида Тошкентда яшаганлигини ва анча асарларни Тошкентда китобат қилганлигини назарда тутиб, Муҳаммад Юнус Котибни бу рисолага киритдик. Муҳаммад Юнус Котибнинг Алишер Навоий асарларидан меҳр билан кўчирган қўлёзма нусхалари ҳозирда Ўзбекистон Республикаси ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзма асарлар хазинасида сақланмоқда.

Тошкент алломалари ва тарихий шахслари (иккинчи китоб)

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *