Бош саҳифа » Кутубхона » Паноҳ (ҳикоя). Хайриддин Султонов

Паноҳ (ҳикоя). Хайриддин Султонов

Ҳижрий тўққиз юз еттинчи йилнинг қаҳратон қишида темурийзода ҳукмдор Заҳириддин Муҳаммад Бобур Мирзонинг ишлари тараққийдан таназзулга юз тутган эди. Кеч кузакнинг рутубатли, совуқ изғиринлари эса бошлаганда у уч ойдан ортиқ давом этган қамал сўнгида – очлик, мискинлик, хор-зорлик ниҳоясида, ер юзининг сайқали бўлмиш шаҳри азим Самарқандни ғаддор душмани Шайбонийхонга ташлаб чиқди. Салтанат ва ҳарбу зарб борасида ҳали аччиқ тажрибалар орттириб улгурмаган ёш ҳукмдор омон қолгап етмиш-саксон чоғли навкари билан нажот излаб ота юрти Андижонга отланди. Аммо Самарқанд сарҳадларидан чиқиб улгурмаслариданоқ Андижондан нохуш хабар етди: Заҳириддин Муҳаммаднинг иниси Жаҳонгир Мирзо тожу тахтни эгаллаб, оғасини қилич яланғочлаб кутмоқда эмиш…

Киндик қони томган бу вилоят энди илгидан кетганини пайқаган Бобур Мирзо Андижон кўҳпояларидан бошпана топмоқ умидида шу томон юрди. Бироқ бу ерларда қашқирдек изғиб юргап Султон Аҳмад Танбалнинг таъқиб-таҳликаси туфайли яна ортга – Масчоҳ ва Ўратепага, ундан эса тоғ ошиб Даҳкат кентига қараб чекинмоққа мажбур бўлди.

Бобурнинг болалик осмонида бир вақтлар жуда эрта балқиган шамси саодат энди ундан буткул юз ўгиргандек эди…

– Чопар маҳтал бўлиб қолди, амирзодам!

Бобур Мирзо Қосимбекнинг ўктам овозидаги сезилар- сезилмас тоқатсизлик оҳангини пайқаб, хиргоҳ керагасидан кўзини олди. Падари бузрукворининг хизматида ҳам кўп саодатлар кўрсатган бир қари, соҳибтажриба бекнинг тулки тумоқ остидаги дўнг қаншари асабий тиришиб турарди.

– Чопар маҳтал бўлса… ижозат беринг-да, қўйинг! – деди Бобур тўсатдан кескин товуш билан. – Арслоннинг мўйлабиға қўл чўзмоқдан не мурод, ахир?!

Қосимбекнинг сийрак, сарғиш киприклари пирпиради:

– Англамадим, амирзодам

– Нечун англамайсиз? Ер остида илон қимирласа биладиган сиздек зукко, тезфаҳм кишининг англамаслиги… таажжуб!

– Амирзодам афв этсинлар, бироқ қулингиз ҳеч вақт тезфаҳмлик даъвосини қилған эмас! – деди Қосимбек юпқа лаблари гезариб.

– Чакки қилурсиз! Аркони давлатга, сиёсат дағдағасиға мансуб ҳар кимса беистисно тезфаҳм бўлмоғи лозим, – деди Бобур хиёл юмшаб. – Зеро, ҳар ишнинг заминида юз минг мулоҳаза вожиб. Бир бемулоҳаза ҳукм туфайли не балоларга дучор бўлдик, энди кўзни очмоқ даркор.

Қосимбек андак тараддудланиб, сўради:

– Қайси бемулоҳаза ҳукм, амирзодам?

– Сўроғингиз ажиб бир воқеани хотирамга келтурди, Қосимбек, – дея кулимсиради Бобур. – Бир куни Мир Алишербек билап Султон Ҳусайн Мирзо ўртасида бир суҳбат ўтдиким, Мирзонинг тезфаҳмлигига ва Алишербекнинг мутаассирлигиға далилдир. Алишербек сирли сўзларни Мирзонинг қулоғига пичирлаб айтди. Сўнг дедиким: «Сиз бу сўзларни унутинг». Мирзо шу ондаёқ дедиким: «Қайси сўзларни?» Алишербек бисёр мутаассир бўлиб кўп йиғлади…

Кўрдингизми, Қосимбек, Мирзонинг сўроғи тезфаҳмлиғиға далил бўлса, сизнинг тажаҳҳули орифона (тажаҳҳули орифона-кўриб  кўрмасликка, билиб билмасликка олиш) қабилидаги сўзларингиз бунинг аксидан далолат берадир.

Қосимбек оғир сўлиш олиб, совут-садоғини тузатиб қўйди.

– Маъзур тутинг, амирзодам, бироқ қулингиздан бу аччиқ кинояларга лойиқ не гуноҳ ўтди, билмасман.

– Бу аччиқ киноялар эмас, Қосимбек, – деди Бобур ўйчан, – бу аччиқ ҳақиқатлар, холос. Сизга киноя қилмоқ хаёли хотиримға ҳам келган эмас. Ахир, сизга теккан калтакнинг бир учи албатта бизга ҳам тегур. Фақат, Султон Аҳмад Танбалдек маккор тулкининг ширин сўзларига инониб ўтирганингиз бизни беҳад таажжубга солаётир.

– Амирзодам, фаҳми ожизимча, Султон Аҳмад Танбалнинг сулҳу салоҳ истаги чин кўринадир. Ҳозир унинг ҳам аҳволи бисёр танг. Лоақал муваққат тинчлик унга ҳам, бизга ҳам бениҳоя зарур. Мана, узр сўраб учинчи бор элчи юборибдир…

– Лафзсиз кимсаларнинг узрига не эътибор! – деди Бобур ва форсчалаб қўшиб қўйди: – Узраш баттар аз гуноҳ (узри гуноҳдан баттар)! Йўқ, Қосимбек, кўнглим сезаётир, Жаҳонгир Мирзога ҳам, Танбалга ҳам инониб бўлмас. Бу саргардонлиқтин кўра Тошкандға, хон додам қошиға борғаним маъқул. Хон додам ҳам, тағойиларим ҳам иш кўрган, пуртажриба кишилар. Шояд Тошканддан бир нажот етсаю бу саргардонлиқлар туш каби унут бўлиб кетса!

– Ҳар не сўзингиз – вожиб, амирзодам, – деди Қосимбек шошиб. – Аммо Тошканд бормоқдан, наздимда, бир маъно чиқмас. Шу чоққача ҳеч кимса мўғулдан мурувват ва яхшилик кўрган эмас. Инонинг, қулингизнинг хон додангизга ҳам, тағойиларингизга ҳам асло ғарази йўқтур. Бироқ мамлакатдорлиқ бошқа, қавму қариндошлик бошқа. Шунча йиллар мобайнида бормаған хон додангиз қошиға бу янглиғ ғариб аҳволда эмас, шаъну шукуҳ билан борсангиз ярашур. Сўнг эътимодли бекларнинг барчаси Андижон сари юрмоқ тарафдоридирлар. Дўст Носирбек ҳам, Қанбар Алибек ҳам… Сўзларимга шубҳа қилсалар, аларни чорлаб, кенгашиб кўрсинлар.

* * *

– Мухтасар сўз шул, беклар. Энди фикрингизни очиқ айтингиз: қаён бормоқ маъқул – Тошкандми, Андижон? Сўйланг, Дўст Носирбек!

– Андижон, амирзодам! Кўклам чиққунга қадар кўҳпояларда таҳаммул қилиб турмоқ лозим!

– Сиз не дейсиз, Қанбар Алибек?

– Андижонға қайтмоқ керак, амирзодам. Саргардонлиқ жонға тегди.

– Хисрав кўкалтош?

– Ўзга юртда шоҳ бўлгунча ўз юртимизда гадо бўлайлик, амирзодам!

– Хўп! Танбалнинг сўзига инонурмисизлар?

– Инонурмиз!

– Элчи худонинг номини ўртага қўйиб қасам ичди-ку, амирзодам!

–Хўп! Йўл тадоригини кўрингизлар: бахташ таваккал!.. Хўш, Қосимбек, тағин не дейсиз?

– Амирзодам, хаёлимға бир ғариб фикр келиб эди: элчиларни иззат-икром билан кузатурмиз, албатта. Бироқ ҳамиятга ҳамият билан жавоб қайтарсак, хўб оқилона иш бўлур эди, деб ўйлайман. Яъниким, алар бизга сулҳ, таклиф қилибдирлар, сиз ҳам нишонаи тасдиқ этиб бирор нимарса юборсангиз чакки бўлмас эди.

– Масалан? – Жаҳонгир Мирзо – кичик, сиз – улуғсиз, кичиклардин айб ўтганда катталардин афв лозим. Кийган либосингиздан бирини юборсангиз, оғалик-инилиқ қайта қарор топқанига бир ишора бўлур эди.

– Ҳа-а… Нима юборсак манзур бўлур экан?

– Кийганингиз бўлса кифоя, амирзодам.

– Ўзингиз соҳибтажриба кишисиз, Қосимбек. Мана шу хос бўркимни юборсам не дейсиз?

– Маъқул, амирзодам.

– Шояд шу билан…

– Иншооллоҳ, амирзодам. Энди Султон Аҳмад Танбалға ҳам бирор нимарса…

– Нима-нима?! Йўқ, Қосимбек, у ҳаромнамакка отимизнинг тезагини ҳам ҳайф билурмен!

– Амирзодам, сиёсатдорлиқ ҳамиша ҳам зўру зарб билан эмас, баъзан муросаи мадора билан ҳам амалга оширилажак. Шу бир арзимас илтифот билан барчамизнинг эминлигимизни таъмин этурсиз.

– Эҳ, Қосимбек!.. Майли, садқаи суханингиз… Нима юбормоқни маслаҳат кўрурсиз?

– Яроғларингиздан бирини юборсангиз, амирзодам. Икки ўртада адоват тугаб битганига, ҳамжиҳатлик ва иттифоқ барпо этмоққа умидвор эканингизга тасдиқ бўлур эди.

– Хўп! Мана шу ўгук ясси қиличимни кўринг-чи. Бултур Самарқандда ўзим учун ясаттириб эдим.

– Ўбдан кескир, нафис яроғ, амирзодам. Самимий тилакнинг бундан ортиқ исботи бўлмас. Дарвоқе, туғига алланечук калима ҳам нақш этилибдирми? Ҳа-а, «Заҳириддин Муҳаммад баҳодир!..»

– Самарқанддаги зафар хотирасиға усталарға буюрилиб эдиким, қилич тиғига бир тарих битгайлар.

– Амирзодам, мурувват ва ҳамиятингиз бундан ҳам ривож топсин, омин!..

Кун бўйи гупиллатиб ёққан лайлак қор кечга бориб тинди. Хуфтондан сўнг ҳаво очилиб кетди, осмонда баланд, ёруғ юлдузлар порлади. Изғирин баттар кучайиб, юз-кўзни ўйиб- чимчилаб ола бошлади.

Работи Рўзақ кентидан икки йиғоч берида тўхтаб, хуфтон намозини ўқидилар. Бобур Мирзо намоздан кейин тағин йўлга отланмоққа буйруқ бермоқчи эди, навкарларининг ҳорғин қиёфасини, йўл уриб ташлаган отларнинг абгор аҳволини кўриб, фикридан қайтди.

Муттасил саргардонлик, совуқ ва очлик бир ҳафтадан буён аскарларнинг тинка-мадорини қуритган эди, қуриб-қовжираб ётган пўпанак тол тагида ёқилган гулхан тафти бир зумда барчани элитиб, уйқу оғушига чорлади. Ҳамма жим, чарчоқ тилу забонларга ҳам гўё қулф солган, ҳеч кимсанинг гап-сўзга тоқати йўқ эди. Пакана, мўғул башара ўнбоши Соҳибқадам киши бошига бир кафтдан майиз билан яримтадан суви қочган кулча улашиб чиқди. Уч кун бурун тўқайда тасодифан отиб олинган жайрон гўшти кеча тугаган, шу сабаб бу оқшом қозон сувга ташланган эди. Аҳволнинг танглиги, истиқболнинг но- маълумлиги юракларида ғашлик ва қўрқув уйғотган навкарлар истар-истамас кавшаниб ўтиришарди.

Соҳибқадам беклар қурган даврага яқинлашиб, кўк чорсида қолган майиз ва кулчанинг ҳаммасини улар олдига қўйди-да, гулхан ёнида биқир-биқир қайнаб ётган қумғонни олиб келди. Бобур боядан бери уни жимгина кузатиб ўтирар эди.

– Тўхтанг! – деди у бармоғини тепага нуқиб. Сўнг чорсидан бир сиқим майиз билан яримта кулча олди-да, Соҳибқадамга юзланди. – Бизни ҳам бир навкар деб билинг, ўнбоши! Барчага баробар тақсим қилинг!

* * *

Тонг қоронғисида ҳамма Қанбар Алибекнинг жонҳолатдаги қичқириғидан уйғониб кетди:

– Ёғий етти, қўпунг!

Бобур Мирзо жанги жадалларда ҳам, сайру саёҳатларда ҳам ҳамиша совут-садоғини ечмай, қиличини белидан қўймай ухлар эди, сапчиб ўрнидан турди-ю:

– Қоровул қани?! Қосимбек, қайдасиз?! Жангдовул қайда?! – дея хиргоҳдан отилиб чиқди.

Ташқарида… қирғин-қиёмат бошланган, отларнинг кишнашию қиличлар жаранги, ярадорлар ноласи еру кўкни тутиб кетган эди.

– Амирзодам, отга мининг! Амирзодам! – Аллақаёқдан етиб келган Соҳибқадам Бобурни четроққа тортди.

Бобур эгарга минган заҳоти юз қадамча наридаги у тўртта душман суворийси гўё уни кутиб тургандай, бало-қазодек ёпирилиб келди. Олдинда, зулукдек ингичка қорабайирда Султон Аҳмад Танбал даҳшат солиб келарди!

– Ортга буринг, амирзодам! Ортга! – деб қичқирди Соҳибқадам оти билан Бобурнинг бедовини зўр бериб четга сураркан.

Бобур от жиловини бир силтаб тортди. Бедов аччиқ кишнаб кўкка сапчиди, душман қиличи Бобурнинг нақ қулоғи остидан шувиллаб ўтиб кетди. У отга қамчи босиб, рўпарасидаги қийғоч кўзли, гирдиғумдан келган навкарга камондан ўқ узди, аммо ғанимнинг юзтубан қулаганини кўрмади – боши узра кўтарилган қилични пайқаб, шартта сўл томонга бурилди. Шу асно кўзлари Султон Аҳмад Танбалнинг ёвуз ўт ёнаётган қисиқ кўзлари билан тўқнашди, сўнг эса нақ пешонаси олдида қиличнинг совуқ тиғи ярқиради. Таниш қилични кўрган замони Бобур аламдан қичқириб юборди.

– Аҳ, ит эмган Танбал! Кўппак Танбал, ҳаромнамак экансан! – деб қичқирди у ва шу ондаёқ дубулғаси бошидан учиб кетди… Қуршовдан омон чиққанлар қочгандан қочиб, қош қорайганда чор-девор бир қўрғонга етдилар. Кўпдан буён инсон қадами тегмаган бу вайрона қўрғонда бойқушлар совуқ ҳуҳулар, атрофни қоронғи зулмат босиб келар эди.

– Шунда тунармиз! – деди Бобур бўғиқ товуш билан.

Отдан тушдилар. Соҳибқадам шу заҳоти Бобур Мирзонинг жароҳатини синчиклаб кўздан кечирди, хуржунидан қандайдир қўланса малҳам олиб сурди-да, шоҳи қийиқ билан аста танғиб қўйди.

– Худойим бир асрабди, амирзодам. Анчайин манглайингизни ялаб ўтибди. Кўзнинг эгаси бор, деганлари рост экан, бир баҳя қолибди! –деди у бош чайқаб.

– Ўз қиличимни ўз бағримга санчдилар! – деди Бобур уҳ тортиб. – Шундоқ хиёнатдан сўнг инсон зотиға инониб бўлурми?!

Қирғин-барот жангларда қўрқув нималигини билмаган Қосимбекнинг ранги қув ўчган, сийрак мўйлаблари титраб, кўзини ердан узолмас эди.

– Умрим бино бўлиб бундоқ номардликни кўрмаган эдим, амирзодам, – деди у базўр. – Бу қилич менинг бошимни эмас, бошимдаги хом хаёлларни чопиб ташлади, – деди Бобур оҳиста.

– Бу қилич сизнинг Танбалдек қари тулки билан боғлаган ҳамжиҳатлик ришталарингизни ҳам буткул узиб ташлади, Қосимбек!

Қосимбекнинг ялпоқ юзлари бўзариб, залварли кафтини кўксига қўйди:

– Иқрорман, амирзодам, сизни бу мусибатли йўлларга гумроҳ қулингиз бошлаб эди. Муртад Танбал бизни тузоққа илинтирмоқ қасдида экан, ғофил қолдим.

– Майли, Қосимбек, энди афсус-надоматдан ҳеч наф йўқтур, – деди Бобур дубулғасини бошига кияркан. – Тангрининг иродаси. Фақат ўшанда сўзимизга кўнганингизда эди, бу маънисиз чопқин ҳам бўлмас, шундоқ ёвқур навкарларимиз ҳам беҳуда жувонмарг бўлмас эди… Бу кўргилик ҳам бизга аччиқ бир сабоқ бўлғусидир. Шояд, басир кўзларимиз очилса!.. Хўш, беклар, энди не дейсизлар, қайдин нажот топурмиз? Фикримча, Тошканддин ўзга жойда бизга паноҳ қолмади!

Алланечук саросима ичра бўшашиб турган беклар хомуш бош ирғаб қўйдилар.

* * *

Икки ҳафтадан сўнг, чаҳоршанба куни, намозшом чоғи Заҳириддин Муҳаммад Бобур Мирзо юпунгина кийиниб, бечораҳол қуролланган ўттизга яқин навкари билан Тошкентнинг шарқий дарвозаси олдига келиб тўхтади. Дарвозалар ёпилгунга қадар шаҳарга етиб олмоқ ниятида елдириб келинган отлар оппоқ кўпириб кетган, бетоқат пишқириб турар эди.

– Тўхтанг! Кимсиз?! – деб ҳайқирди минора тепасидаги соқчибоши.

– Андижондин Заҳириддин Муҳаммад Бобур Мирзо ҳазратлари хон додаларининг муборак даргоҳларига ташриф буюрдилар! – деб қичқирди Қосимбек узангига оёқ тираб.

– Уронни (парол) айтинг! – деб буюрди соқчибоши пинак бузмай.

Қосимбек саросималаниб, ён-верига аланглади. Навкарлар ҳам тараддудланиб, бир-бирларига қараб олишди. Бундан хавотирга тушган соқчибоши ўқ-ёйини тўғрилаб:

Уронни айтинг! деб баттар дағдаға қилди. Урон!

Шу ондаёқ кўҳна девор ортида шовқин-сурон бошланиб, тор шинаклардан юзлаб ўқ-ёй отларга қараб ўқталди. Бобур Мирзо тагидаги араби бедовни ўйнатиб, уч-тўрт қадам олға чиқди-да, кўзларини хиёл қисиб соқчи-бошига тикилди.

– Сайрам! – деди у қатъий, кескин оҳангда. – Сайрам!

Соқчибоши бирдан бўшашиб, ўқ-ёйини ерга қўяркан, пастга қараб пўнғиллади:

– Дарвозани очинғ!

…Дарвоза ёнида жимгина кутиб турарканлар Қосимбек хиёл энгашиб, Бобурга шивирлади:

– Тасанно, амирзодам! Хон додангиз ишни ўбдон пухта қилған эканлар. Аммо сиз кўпдин буён бунда бўлмағон эрсангиз, ўронни қайдин билурсиз!

– Нечун билмайин? – деб жилмайди Бобур. – Тошканд – онам Қутлуғ Нигорхонимнинг ота юрти-ку! Тошканд – менинг она шаҳрим-ку, Қосимбек!.. Қани, марҳамат!

Шу асно ҳориб-толган, қош-кўзини тўрт энли чанг босган қувғинди суворийлар қаршисида Тошкентнинг кўҳна мис дарвозаси залвар билан аста очилди…

 “ТОШКЕНТ” ДЕЯ АТАЛУР……

Методик-библиографик қўлланма
© Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2008 й.

Ўхшаш мақола

Кутубхоналар. А.С.Пушкин номидаги Самарқанд вилоят универсал илмий кутубхонаси

Post Views: 1 390 Самарқанд вилоят универсал илмий кутубхонаси 1911 йилда ташкил этилган. Ўша даврда кутубхона …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *