Оқтепа-2

ОҚТЕПА-2 – археологик ёдгорлик; қадимги Чочнинг шимоли-ғарбий туманига мансуб қалъа харобаси (милоддан аввалги 1-аср – милодий 4-аср охири). Ҳозирги Қозоғистон Республикасидаги Чордара шаҳридан 15 км жанубда, Сирдарёнинг ўнг қирғоғидаги тепаликда жойлашган. Оқтепа-2 антик давр қалъаси бўлиб, майдони 325х115 м, уч қисмдан: арк (75х90 м), аркнинг жануби-шарқидаги баландликда (баландлиги 20 м) бунёд этилган сарой, уч томони тупроқ кўтарма, тўртинчи томони Сирдарёнинг қия қирғоғи билан ўралган шаҳристондан иборат. Қалъа кўчманчилар билан чегара ҳудудида Сирдарё кечувини муҳофаза этиш мақсадида бунёд этилганлиги тахмин этилади. Хоразм археология экспедицияси (Б.И.Вайнберг, Л.М.Левина, 1961–62 йиллар) тадқиқ қилган. Мудофаа иншоотлари айни пайтда ҳам арк, ҳам шаҳарнинг ўзи учун қурилган. Шу билан бирга аркни пахса тагкурсида бунёд этилган қўшимча қалъа миноралари муҳофаза қилган. Тўғри бурчакли, чекка буржлари бўлиб, хочсимон хоналари тор туйнуклар билан ўзига хос ёритилган. Топилган сопол буюмлар Қовунчи маданиятига мансуб, баъзиларида эгасининг тамға белгилари бор, шунингдек, терракота ҳайкалчалар, жез ва темир қурол-яроғлар (пайконлар, камон, пичоқ ва ханжарлар), олтин, шиша ва сопол безаклар (зирак, мунчоқ, бўйинтумор ва бошқалар) чиққан.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

«Тараққий»

Post Views: 149 «Тараққий» – жадидлар газетаси. 1906 йил 14(27) июндан Тошкентда чоп этилган. Ношири …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *