Бош саҳифа » Тошкентликлар » Мунавварқори

Мунавварқори

МУНАВВАРҚОРИ, Абдурашидхонов Мунавварқори (1878–1931.23.4) – сиёсат ва маърифат арбоби, Тошкентда жадидчилик ҳаракатининг йирик раҳбари. 20-аср ўзбек миллий матбуоти ва янги усулдаги миллий мактаб асосчиси, янги миллий театр ташкилотчиларидан бири, адиб ва шоир. Тошкентнинг Шайхонтоҳур даҳасидаги «Дархон» маҳалласида зиёли оиласида туғилган. Дастлабки таълим-тарбияни онасидан олган. Сўнг ўз даврининг машҳур ўқитувчиси Усмон домладан илми қироат ва тажвидни ўрганиб, ҳофизи Қуръон бўлган. 1885–90 йилларда Бухородаги Мирараб мадрасасида таҳсил олган, аммо таҳсилни охирига етказмай, Тошкентга қайтиб, имомлик ва муаллимлик билан шуғулланган. Эшонқули додхоҳ мадрасасида таҳсилни давом эттирган. 1901 йилда усули жадид мактабини очган ва шу мактаблар учун махсус ўқув дастурини тузган, дарс­ликлар ёзган.

Мунавварқори 1904 йилдан ижтимоий-сиёсий, маданий ҳаётга аралаша бошлаган. 1906 йилдан «Ўрта Осиё­нинг умргузорлиги, тараққий», «Тараққий» газеталарида адабий ходим. Шу йили ношир ва муҳаррир сифатида «Хуршид» газетаси­ни ташкил этган. «Шуҳрат» (1907), «Тужжор» (1907), «Осиё» (1908) газеталарини ғоявий бош­қарган ва адабий ходим вазифасини бажарган. Сўнг «Садойи Туркистон» (1914–15) газетасида масъул муҳаррир муовини, «Ал-ислоҳ» журналида (1915–17) махфий муҳаррир, «Нажот» ва «Кенгаш» (1917) газеталарида масъул муҳаррир. Тошкентдаги турли жамият ва уюшмалар ташкилотчиси. У «Жамияти Имдодия» (1909), «Турон» (1913), «Туркистон кутубхонаси» (1914), «Умид» (1914), «Мактаб» (1914), «Кўмак» (1921) жамият, ташкилот, ширкат ва уюшмаларида муассис, муовин, раис, аъзо. Шўролар ҳукумати даврида Халқ дорилфунуни шўросининг раиси, Туркистон Маориф халқ комиссарлиги турк шуъбасининг иш юритувчиси (1918), Тошкент шаҳар маориф нозири. Шарқ халқлари съезди (1920, Боку) делегати ва ҳайъати аъзоси. Бухоро Халқ Совет Республикаси Маориф нозирлиги вақф бўлими бошлиғи (1920–21), Тошкент шаҳар ижтимоий тарбия бўлими мудири (1921), Академмарказ раиси (1922), Навоий номидаги мактаб, Наримонов номидаги педагогика техникуми, аёллар педагогика институтида муаллим (1923–25), Самарқанд шаҳар музейида илмий ходим, Ўзбекистон осори-атиқаларни сақлаш қўмитасининг Тошкент–Фарғона бўлимида масъул котиб (1927–28). Мунавварқори ижтимоий-педагогик фаолият билан бирга бадиий ижод билан ҳам шуғулланган. Унинг ихчам ҳикоялари, талайгина шеърлари ўша даврдаги матбуотда эълон қилинган ва ўзи тузган ҳамда ёзган дарсликларга киритилган. Шунингдек, у ўткир публицист адиб сифатида танилган. Мунавварқори ўз фаолияти давомида педагогик, матбуотчилик, муҳаррирлик, адиблик билан чекланмай, жиддий сиёсий фаолият ҳам олиб борган, шу сабабли мустамлака ҳукумати томонидан бир неча бор ҳибс қилинган.

Чор ва шўро ҳукуматлари олиб борган мустамлакачилик сиёсатига қарши изчил кураш олиб бориб, 1917–1924 йилларда «Шўройи ислом», «Турк адам марказият», «Иттиҳод ва тараққиёт», «Миллий иттиҳод», «Наш­ри маориф» каби жамият, фир­қа ва ташкилотлар фаолиятига раҳбарлик қилган. У виждон эркинлигини инкор этмаган дун­ёвий демократик давлат тарафдори бўлган. Шу сабабли Қўқон шаҳрида ташкил топган Туркистон мухториятини (1917) қўллаб-қувватлаган. Умр бўйи ўз ватанини мустақил кўришни истаган. Мунавварқори 1929 йил 6 ноябрда қамоққа олиниб, Москва шаҳридаги Бутирка қамоқхонасида қатл қилинган ва Ваганькова қабристонига дафн этилган. 1991 йилда расман оқланган. Тошкентдаги кўчалардан бири, Мирзо Улуғбек туманидаги маҳалла, Шайхонтоҳур тумани «Илғор» маҳалласидаги жоме масжиди Мунавварқори номи билан аталган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Ўзбекистон Олий судининг биринчи раиси ва унинг аянчли қисмати

Post Views: 2 858 Саъдулла Қосимов ёхуд «Қосимовчилик иши» Саъдулла Қосимов 1901 йил Тошкент шаҳрида дунёга …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *