Лайлакқўнди (Лайлакли) масжиди, Охунгузар-1 масжиди (Зарқайнар кўчаси боши) – Тошкентнинг Эски шаҳар мавзеидаги меъморий ёдгорлик (1775). Бозорга яқин бўлганлиги учун нафақат масжид, балки карвонсарой вазифасини ҳам ўтаган.

Масжид пойдевори пишиқ ғиштдан 1,5–1,75 м қалинликда тикланган. Деворларининг қалинлиги 1 м ни, ташқи деворлар баландлиги 5,8 м ни ташкил қилади. Таъмирлаш-тиклаш ишлари жараёнида ўтказилган археологик қазишмалар натижасида 17–19-асрларга оид сопол буюмлар – нақшинкор коса, лаган парчалари, узунлиги 36,5 см, ички диаметри ўлчамлари 12,5 ва 15 см бўлган сув ўтказиш қувури топилди. Шўролар даврида Лайлакқўнди масжидидан жамғарма касса ва омборхона сифатида фойдаланилган. Олд томонини тўсиб туриш мақсадида хўжалик моллари дўкони қурилган. 2005 йил июнь–сентябрь ойларида масжид биноси қайта тикланган. Унинг ёнига 8 устунли ўймакор ёғоч айвон қурилди, атрофи ободонлаштирилди.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил