Бош саҳифа » Тошкент тарихи » ХIХ асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошларида Тошкент. Ободончилик ва маиший хизмат (1-қисм)

ХIХ асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошларида Тошкент. Ободончилик ва маиший хизмат (1-қисм)

Шаҳар “янги” қисми пайдо бўлганининг дастлабки йилларидаёқ унинг ривожланиши учун ободончилик бўйича қатор тадбирлар амалга оширилди. Энг аввало ирригация тизимини қуриш бўйича катта иш олиб борилди.

1865 йилда ҳарбий ҳаракатлар даврида, Тошкентни босиб олиш арафасида Черняев фармойиши билан Чирчиқнинг ўнг соҳилидаги Ниёзбек тўғони буздирилиб, шаҳарнинг “эски” қисми сувдан маҳрум этиб қўйилган эди. Бундан шаҳарнинг “янги” қисмига ажратилган ҳудуд ҳам азият чекди. Шу боис 1868-1869 йиллар тўғонни тиклаш бўйича катта ишлар олиб борилди. Унда 12 минг одам, жумладан туб аҳолидан ҳам кўплаб кишилар иштирок этди. Шу билан баробар Салор дарёсида ҳам тўғон барпо этилиши билан Шибли ариғига ҳам сув кела бошлади. Булар барчаси Тошкентнинг ҳам “янги” ҳам “эски” қисмини сув билан таъминлашда катта аҳамиятга эга эди. Шаҳарнинг асосий сув томири Бўзсув (Анҳор) бўлиб, ундан Салор, Шивли, Қорасув, Гадраган, Кайковуз суғориш каналлари тармоғи ўтиб, умумий узунлиги 210 верстни ташкил этарди. Гадраган шаҳарнинг “янги” қисмини суғорарди ва Шиблининг чап соҳили билан чегараланар, Саперная кўчасидаги эски мозор охири берк кўчагача борарди. Ундан Косқяновская ва Андреевская кўчаларини дала ҳовли қисимигача давом этарди. Фаустовская берк кўча атрофидан генерал-губернатор дала ҳовлисигача ва қалъа ҳудудидаги ерларни Ракат дарёси суғорарди. Шибли ариғи Духовская кўчаси ва Салор ва Шибли ариғлари ўртасидаги анҳорга, Саперная кўчаси қисмига, Дала ҳовли (Дачная) кўчасига, Мирзаободга, Эскимозор берк кўчасигача бўлган ҳарбий госпитал ва Эскигоспитал кўчасига сув берарди. Оққўрғон ариғи ҳам муҳим сув манбаи ҳисобланарди. У Шибли ўртасидаги ерларни, Пушкин ва Қўйлиқ кўчаларини, қисман Москва кўчаларини суғорарди.

Бундан ташқари шаҳар “янги” қисми Дархон, Посра, Қорасув, Полвон, Чилдахтурхан ва бошқа ариқлар сувидан фойдаланарди. Улардан турли кўчалар, боғлар, ҳовлилар, хиёбонларга кўплаб катта-кичик ариғлар тармоғланиб кетарди.

Шундай қилиб, шаҳар “янги” қисмининг марказий минтақалари сув билан яхши таъминланган бўлиб, у ерларни ўзлаштириш ва ободонлаштиришга қулай имконият туғдирди. Бунда шаҳар думаси фаолияти катта рол ўйнаган, у ирригация ишларига ўз бюджетининг талай қисмини ажратган. Масалан, бу мақсад учун 1909 йилда 46973 руб, 1914 йилда 56000 руб харажат қилинган. Сув тақсимлашни йўлга қўйиш учун махсус катта ва кичик ариқоқсоқоли лавозими таъсис этилган. Шаҳар ҳокими Н. Маллицкий гувоҳлик беришича, “шаҳар жамоатчилик бошқаруви оқилона ишлатилган урф-одатларни ва маҳаллий ирригациянинг бутун тизимини сақлаб қолди, унга фақат иншоот ва техника ҳисоби ҳамда смета учун гидротехник мутахассислигини қўшди, холос. 1909 йилда гидротехник қидирувлар ёрдамида Бўзсув ариғининг иккинчи боши яратилди. Шундан буён жазирама ёзда сувдан фойдаланиш танаффуси кузатилмайдиган бўлди, илгарилари бу танаффус 1,5-2 ойга чўзиларди.”

Шундай қилиб, сувдан фойдаланишда эски, маҳаллий усуллар асос қилиб олинганди, у янги усуллар билан яхши уйғунлашиб, ўлка сув хўжалигида тараққиётидаги муҳим ҳодиса бўлди.

1868 йилда шаҳар “янги” қисми учун шаҳар ташқарисидан оқиб ўтувчи дарёдан ажралиб чиққан Оққўрғон каналидан сув қувури (водопровод) ётқизиш лойиҳаси тузилган эди. Бу қувур тахмина қиймати 48000 руб эди. Бир верст узунликдаги қувур 6 йил қурилди. 1873 йилда бу ишга бош-қош бўлган Глинка-Янчевский генерал-губернаторга қилинган ишлар смета қийматидан ошиб кетганини айтади. Шундан келиб чиқиб, генерал-губернатор қўшимча яна 13509 руб пул ажратади. 1875 йилдагина қувур қуриш ниҳоясига етгани ва ундан фойдаланиш мумкинлиги эълон қилинди. Бироқ текширув чоғида қувур мустаҳкам қурилмагани, ўз вазифасини бажара олмаслиги ва қурилиш ишлари ўлда-жўлда олиб борилгани маълум бўлди. Қувурни мустаҳкамлаш ва ишни охирига етказиш учун яна 100000 рубл керак бўлишини аниқлашгач иш тўхтади. Шаҳар сув қувурисиз қолди. 1882 йилда бу иншоот фойдасизлиги туфайли 745 рублга сотиб юборилди. 1884 йилда қувур қурилиши тўлалигича шаҳарга юклатилди ва кейинчалик батамом йўққа чиқди.

Шаҳар аҳолиси ариқ сувларидан, шунингдек насосли қудуқ ёки артезан қудуқлар сувидан фойдаланарди. Сувни бочкаларда сувкашлар таширди. У челаклаб сотиларди. Головачев булоқларидан 20 минг челак сув олинарди. Шаҳарнинг “янги” қисмида 1889 йилда 80 қудуқ бўлиб, шулардан 70 таси хусусий ва 10 таси жамоатники эди. 1909 йилда қудуқлар миқдори 472 тагача ортди. Ўша йилнинг ўзида шаҳарнинг турли жойларида 10 та ёпиқ қудуқлар қурилиб, уларнинг бир қисми қониқарсиз аҳволда эди.

Сув таъминотининг барча манбалари санитарияга хилоф аҳволда бўлиб, аҳоли ва ҳарбий қўшин орасида ичтерлама (қорин тифи) касали тарқалишига сабаб бўлган. Масалан: 1890 йилда Тошкент гарнизони орасида 350 касалланиш ҳолати аниқланган бўлиб, шундан 47 таси ўлим билан тугаган. Бу ҳол шаҳар думаси мажлисида сув қувури қуриш масаласини қайта-қайта кўтарилишига сабаб бўлган. Турли вариантлар таклиф этилган. Жумладан, 1910 йилда Н. Маллицкий сув қувури зарурлигини уқдирган, у оқава қувурсиз (канализациясиз) бунақа сув қувури қурилишининг ўзиёқ тупроқнинг ифлосланишига, ҳаво ва ер ости сувининг заҳарланишига олиб келишини тушунтирган. Аммо бунга 10-15 млн.рубл маблағсиз эришиб бўлмаслиги, шаҳар бюджети бундай ҳаражатни кўтара олмаслигини айтган. Шу боис шаҳар ҳудудида сув қувури эмас, бир қанча сув тарқатувчи будкалар қуриш таклиф этилган.

Шаҳар бошқармаси 1912 йилда Тошкентга москвалик мутахассислар муҳандис И. М. Бирюков, А. В. Кондрашев ва Ф. О. Голцманни таклиф этишади. Турли манбалардан сув олиб ўрганилади. 1914 йил баҳорида сув қувури ётқизиш масаласи мутахассислардан иборат махсус ҳайъат томонидан кўриб чиқилади. Улар таклиф этган лойиҳа 180 минг рубл бўлиб, шундан 5000 рубли тўланган эди, жумладан маслаҳат учун 3000 рубл сарфлашганди. Сув қувури қурилишини 25 йилга мўлжалланганди.

Сув қувури билан бирга оқава (сув) қувурлари, қуриш масаласи ҳам муҳокама қилинганди. Бу йўналишда шаҳар бошқармаси яна бир қанча ишлар қилди, бироқ бари муваффақиятсизлик билан тугади. Масалан, дума Тошкентга Москва оқава қувурлар бўйича бош муҳандис ёрдамчиси Н. А. Алексеевни таклиф қилди, у ҳеч бўлмаганда касалхона ва Воскресенский бозори атрофидаги жойларда оқава қувурлари қурилиши бўйича дастлабки хомчўтни қилиши лозим эди. Бироқ бу уриниш ҳам зое кетди. Маблағ ва ашё етишмаслиги сабабли шаҳарда канализация ва сув қувури қурилмай қолди.

Дастлабки йилларда шаҳарни ободонлапштириш ишлари ҳам айтарли яхши эмас эди. 1866 йилда ташкил этилган шаҳар қўмитаси асосан ер тақсимлаш ва унинг эвазига пул ундириш ишлари билан шуғулланган. Қўмитанинг ўз молиявий маблағи унча катта эмасди. 1867 йилда кўчаларни тозалашга – 25 рубл, 1868-1869 йилларда кўприклар қуришга 559 рубл, 1869 йилда кўча ёқаларига кўчат ўтқазишга 1700 рубл, шаҳар қўмитасини таъминлашга 350 рубл ажратилганини айтиш кифоя. Кўриниб турганидек, бюджетнинг катта қисми шаҳарни кўкаламзорлаштиришга сарфланган.

Шаҳарнинг «янги» қисмида на тротуарлар, на тош йўл бор эди. Сув сепилиб турилишига қарамай ёзда чанг бўларди, чунки кўча ҳаракатларидан, кўча ва майдонларда бинолар камлигидан чанг тез ҳавога кўтариларди. Қишда арава ва отлар лойга ботар эди, бир жойга бориш ғоят қийин бўлиб кетарди. Гоҳо тунда аравада меҳмондан уйига қайтаётган эски шаҳарликлар аравани қолдириб, қоронғида яёв қайтган вақтлари ҳам бўлган.

1868 йилда биринчи бўлиб Черняев кўчасига тош ётқизилди. 70-йиллардан бошлаб кўчаларга тош ётқизиш, йўлкалар ва ўтиш жойлари барпо этиш хийла жонланди. Кўчаларнинг икки-учтасидан ташқари шаҳарнинг барча кўчалари қишда лойлигидан юриб бўлмас, ёзда чанг бўларди.

80-йилларда кўчалар режалаштирилди ва 52 верст узунликдаги кўчага шағал тўшалди. Шағални шундай тўшаб қўяверишнинг натижаси яхши бўлмади, йўллар тезда бузилар ва йўлларда чуқурликлар ҳосил бўлар, қишда сув-лойга тўлиб қоларди. Шу боис шаҳар бошқармаси арзонига учиб кўчаларга шағал ётқизмай, тош терилган кўчаларни қура бошлади.

1884 йилдан 1888 йилгача кўзда тутилган 67 верст ўрнига атиги 27 верст кўчага шағал тўшалди. Соборная, Салор проспекти, Константинов хиёбони, Қўқон ва Хива кўчаларининг бир қисми бўйлаб 550 сажен йўл қайтадан тикланди.

1890 йилда кўчаларни таъмирлаш ва қуриш ишлари (шоссе) тўхтатилди. Бироқ Духовская, Маҳрам, Шайхонтоҳур кўчаларидан кўнка ўтказилиши муносабати билан тош ётқизилди. Бундан ташқари, Молия (казенная) палатасидан Кауфман кўчасигача бўлган Хива кўчасига ҳамда Романов кўчасининг бир қисмига ҳам тош терилди.

1906 йилда юкли ҳаракат ўсиши ва икки темир йўл линияси очилиши муносабати билан Константинов хиёбони ва Тошкент жанубида кўчаларни қайтадан тартибга солиш ҳақида фикр юритила бошланди. Шундан кейин кўчаларга тош териш шаҳарнинг ҳар иккала қисмида ҳам кенг қулоч ёйди. 1906 йилда 4029, 1907 йилда эса 6224 кв.сажен кўчага тош терилганди.

1907-1908 йилларда шаҳар кўчаларига тош териш бўйича бош режа тузилган. 1908 йилда 10 283, 1909 йилда 16 342, 1910 йилда 16 427, 1912 йилда 24 455, 1913 йилда 22 654, 1914 йилда 21 983 квадрат сажен йўлга тош ётқизилган. 1914 йил маълумотларига кўра Тошкентдаги умумий тош ётқизилган ҳудуд тахминан 168 000 кв. саженни ташкил этган.

Шаҳар “янги” қисмини ҳамма кўчаларини лойиҳаси билан 273 минг кв. сажен йўлга тош териш кўзда тутилган. Шаҳарда йўлкалар умуман йўқ эди. Фақат 1910 ва 1911 йиллардагина йўлкалар қуриш ҳақида мажбурий қарор қабул қилинган эди. Бу қарор ишни ривожлантиришга имкон туғдирди. Тротуарларга тош териш уй соҳиблари зиммасига юклатилди.

Маълумки, Тошкентнинг “янги” ва “эски” қисмида кўплаб катта ва кичик ариқлар бўлган. Уларга кўприклар қуриш анча маблағ ажратишни тақозо этган, чунки бусиз кўнгилдагидек йўл қуриш имкони бўлмаганди. Шу йўналишда дума бир қанча ишларни амалга оширди. 1907 йилда шаҳарда 348 кўприк бўлиб, шундан 13 таси бетон, 4 таси тош кўприк эди, 1914 йилда улар сони 450 тага етди.

Шаҳарнинг «янги» қисмини кўкаламзорлаштириш бўйича айниқса Бўзсув ва Шибли ариқлари оралиғида кўп ишлар қилинган. Тошкент “янги” қисмига асос солинган дастлабки йилдаёқ бу ерларда турли навдаги дарахт кўчатлари ўтқазилган. Бу борада бир муаллиф: “Яйдоқ, қуёшда тандирдай қизиган, янтоқ босган далада дастлабки Тошкент аҳолиси уйлар қурар экан, дов-дарахт ва сояни жуда қадрлар эди, уларнинг қилган биринчи иши дарахт ўтқазиш бўлди”. 1867 йилдаёқ шаҳар яшил либосга чулғанганган ва кишида ажойиб таассурот қолдирарди. Кейинчалик маъмурият ва шаҳарликлар ҳам кўчалар, майдонлар, хиёбонларни кўкаламзорлаштиришни кенг қулоч ёйдириб юборганлар. Натижада шаҳар “янги” қисми ўзининг кўркамлиги ва ҳамма жойда ҳавосининг тозалиги билан шуҳрат қозонди. Гувоҳнинг айтишича, турли навдаги дарахтлар шаҳарни катта боққа ўхшатиб юборди деб тасвирласа, яна бир муаллиф эса Тошкентнинг ихчам ва ғиштли уйларини бағрига олган дарахтзорлар ҳавони мусаффо қилиб туради, деб ёзган эди.

Мингўрик боғи шаҳарликларнинг ягона сайр қиладиган жойи бўлиб, у XIX асрнинг 20-йилларида вужудга келган. 1843 йилда боғ ўртасида йўл ётқизилди ва аста-секин боғ йўқолиб кетди. Унинг ўрнига бошқа боғ ва хиёбонлар юзага келган.

1882 йилда шаҳар бошқармаси ташаббуси билан «янги» қисмда шаҳар боғи яратилиб, (ҳозирги Шаҳар ҳокимияти боғи ўрнида) майдони 17 600 кв. саженни ташкил этган. Боғга асос солишда шаҳарнинг турли вакиллари иштирок этган. “Боғ яратиш, -деб ёзганди бир муаллиф, -тантана билан бошланди ва дастлабки икки дуб дарахти боғ ичкарисидаги дарвоза олдига боғ яратувчилар И.И. Краузе ва А.С. Введенский томонидан ўтқазилди. Улкан мажнунтолларни тантанага таклиф этилган меҳмонлар ўз қўллари билан ўтқаздилар”.

1883 йили Александровский боғига (ҳозирги Мовароуннахр кўчаси) асос солиниб, унинга майдони 12 880 кв. саженни ташкил этган. Генерал-губернатор А.Б. Вревский номига қўйилган.

Кауфман хиёбони «янги» шаҳар марказида жойлашган бўлиб, бу хиёбондан радиус йўналишида Кауфман проспекти (Сайилгоҳ), Пушкин, Қўйлиқ (Й.Охунбобоев) кўчалари тарқалган. Хиёбон марказига Кауфман ҳайкали қўйилган. Хиёбонда турли нав дарахтлар, жумладан қайрағочлар экилган. Ҳар йили бу ерда турли қизиқарли кўргазмалар ўтқазиб турилган.

Ўрда хиёбони 1890 йилда Романов (Буюк Турон) кўчаси ва Обух проспекти кесишган жойда, кичкина ўрда бозори ўрнида барпо этилган. Черняев уйи атрофида Черняев боғи вужудга келган. 1911 йили Дума қарори билан 1-полкка бу ерда черков қуришга рухсат берилган.

1839 йилда Иосиф-Георгиевский собори қошида яна бир хиёбон пайдо бўлган. Бу ердаги майдонда Тошкент гарнизони қўшинларининг байрам парадлари ўтказиб турган.

Пушкин хиёбони 1904-1905 йилларда Хива бозорчаси ўрнида генерал Шороховнинг шахсий маблағи ҳисобига барпо этилган. Бундан ташқари, генерал-губернатор уйи ва дала ҳовлиси қошида, расадхона қошида, турли муассаса ва идоралар қошида боғлар бўлган.

Шаҳардаги ариқларнинг ҳар икки томонидан оқ терак, оқ акация, қайрағоч, хитой шумтоли, тут ва тол экилган. 1908 йилнинг ўзида ариқлар четига 7 118 туп дарахт ўтқазилган.

1868 йилда Москва (ҳозирги Амир Темур) ва Воронцов (ҳозирги Х.Сулаймонова) кўчалари муюлишида ҳарбий йиғилиш (ҳозирги ТДЮУ) биноси қурилди, 1893 йилдан эса жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятини бошлади. Шаҳарнинг «янги» қисмидаги (эски шаҳарда боғлар йўқ эди) боғларда турли халқ ўйинлари ташкил этиларди: арғамчи ўйинлари, мукофотли от пойгалари, қоп ичига кириб югуришлар ва ҳ.к. Бу ерга эски шаҳар аҳолиси ҳам келиб турган.

1912-1915 йилларда кўпгина боғ ва хиёбонлар зарурий маблағлар ва эътибор йўқлигидан ҳувиллаб қолди.

ХIХ АСРНИНГ ИККИНЧИ ЯРМИ – ХХ АСР БОШЛАРИДА ТОШКЕНТНИНГ «ЯНГИ ШАҲАР» ҚИСМИ ТАРИХИ

Жаннат Исмоилова

ЎзРФА Тарих институти
ЎзР ФА Ўзбекистон тарихи давлат музейи
Тошкент – “Fan va texnologiya” — 2004

Ушбу қимматли манбанинг электрон вариантини тақдим этгани учун монография муаллифи Ж.Исмоиловага ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Ўхшаш мақола

«Туркистон альбоми»

Post Views: 310 «ТУРКИСТОН АЛЬБОМИ» – Туркистон ўлкаси, унинг ижтимоий ҳаёти, аҳолининг турмуш тарзи, маданияти …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *