Бурчмулла хазинаси – сўнгги жез даврига оид моддий маданият ёдгорлиги (милоддан аввалги 2–1-минг йиллик). Бўстонлиқ туманидаги Бурчмулла қишлоғи яқинидан топилган (1955). Бурчмулла хазинаси 1 найза учи, 4 пайкон ва 3 от югани тўқасидан иборат. Найза учи (узунлиги 31 см) икки тиғли, зўғатаси думалоқ, зўғата нови ён томонларида найза дастасига боғлашга мўлжалланган чап тешикчалар бор. Пайконлар 2 парракли, япроқсимон. Тўқалар тугмасимон бўлиб, 2 тасининг илгаги кичкина, 1 тасиники каттароқ. Бурчмулла хазинаси топилмалари Андроново маданияти ёдгорликларига ўхшайди. Бурчмулла хазинаси Ўзбекистон ФА нинг Археология институти фондида сақланади.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил