Бадриддин Чочий

XIV асрда Тошкентда яшаб ижод этган кўзга кўринган шоирлардан бири Бадриддин Чочийдир, яъни тошкентлик Бадриддиндир. Баъзи манбаларда Бадриддин Шоший ҳам деб кўрсатганлар…

Унинг таржимаи ҳолига оид маълумотлар жуда оз бўлганлиги туфайли Бадриддин Чочийнинг қайси йили туғилганлиги аниқ маълум эмас. У асосан Тошкентда яшаган, унинг 1332 йиллар атрофида Тошкентдан Ҳиндистонга боргани ва умрининг охиригача (1344) у ерда яшаганлиги ҳақида манбаларда келтирилган.

Бадриддин Чочийнинг Тошкетни ташлаб Ҳиндистонга кетишига, у даврдаги сиёсий ва ижтимоий аҳвол сабаб бўлган бўлса керак. Ҳиндистонда у ўз асарларини форс тилида ёзган. Бадриддин Чочий Бадр, Шоший тахаллуслари билан ҳам ижод қилган. Бадриддин Чочий ажойиб ғазаллар ёзиш билан бир қаторда, қатор қасидалар ҳам ёзган. Шоирнинг «Қасидаи шитоийя» («Қиш қасидаси»), «Қасидаи сайфийя» («Ёз қасидаси»), «Қасидаи рабиъийя» («Баҳор қасидаси») каби асарларида табиат гўзалликлари ва ҳар фаслнинг ўзига хос манзаралари тасвирланган. Ҳиндистонлик тазкиранавис олимлардан Мирхусайн Дўст ўзининг «Тазкираи Хусайний» асарида Бадриддин Чочий ҳақида бундай деб ёзади:

«Мавлоно Бадриддин Чочий ўз ватанидан Муҳаммадшоҳнинг ўғли Тўқлуқшоҳ даврида Деҳлига келади. У ўзининг шоирлик маҳорати билан ажралиб турган ва унинг девони таҳминан олти минг байтдан иборат бўлган».

Шунингдек, манбаларда Бадриддин Чочий «Шоҳнома» номли асар ёзганлиги ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган.

Бадриддин Чочийнинг қасида, ғазал ва рубоийларининг бир қисми Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланмоқда. Бундан ташқари, унинг шеърларидан бир қисми Авхададдин Анварий ва бошқаларнинг девонлари билан бир муқова қилинган қўлёзмада ҳам сақланиб қолган. Шунингдек, Бадриддин Чочий қасидалари Душанбе ва хорижий мамлакатларнинг қўлёзма хазиналарида сақланиб қолган.

Бадриддин Чочий шеърлари истиорага бой ва фалсафий тушунчаларни қамраб олган қийин услубда ёзилган.

Унинг шеърларида социал ҳаётдаги қийинчиликлар тўғридан-тўғри берилмай, сўз ўйинлари, ҳар хил тушунчалар орқали ифода этилган. Бадриддин Чочий асарларини ўрганган олимлар ўз асарларида буни таъкидлаб ўтганлар. Амин Аҳмад Розий ҳам ўзининг «Ҳафт иқлим» («Етти иқлим») асарида бу ҳакда тўхталиб ўтган. Шунингдек, Садриддин Айний «Намунаи адабиёти тожик» номли асарида қуйидагиларни ёзади: «Бадриддин Чочий асарларининг кўпчилигини шарҳсиз ва унда учрайдиган луғатларни ҳал қилмасдан туриб тушуниш қийиндир. Унинг шеъларидан кўриниб турибди-ки, таржима соҳиби ҳайъат ва нужум (астрономия) илмидан хийла хабардор бўлиб, нодир термин ва сўзлар хазинаси бўлган. Бу мажмуага унинг осон шеърлари танлаб олиб киритилди.

Баъзи шоирлар ва қасиданавислар ўзларининг бадиий маҳоратларини кўрсатиш учун айрим ғазаллари, рубоийлари ва қасидаларинигина шундай услубда ёзганлар. Аммо девонининг аввалидан охиригача шу услубда ҳали бирон-бир шоир ёзолмаган. Бадриддин Чочий гоҳо Бадр, гоҳо Бадри Чоч ва гоҳо Бадри Чочий тахаллусларида шеърлар ёзган».

Бадриддин Чочийнинг шеърларинй тушуниш қийин бўлганлиги учун Ҳиндистонлик олим, «Ғиёс ул-луғот» асари муаллифи Ғиёсиддин ибн Жамолиддин Бадриддин Чочий шеърларига махсус шарҳ, ёзган ва ўз асарини «Кошиф ас-асрор» деб атаган. Бу маълумот 1908 йили Ҳиндистонда босилган «Куллиёти Хоқоний»нинг охирида келтирилган.

Бу ҳакда Садриддин Айний ёзади: «Бадри Чочий, Шоший — Тошкандий 745/1344 йили вафот этган бўлиб, «Ғиёс ул-луғат» муаллифи Ғиёсиддин ибн Жамолиддин Бадри Чочий қасидаларига шарҳ ёзган. Бу шарҳни 1256/1840 йили ёзишга бошлаган ва 1257/1841 йили тамом қилган. Бу шарҳ Ҳиндистонда 1895 йили иккинчи марта нашр қилинган». Садриддин Айний Бадриддин Чочий қасидасига шарҳ ёзган Ғиёсиддиннинг ўз муқаддимасида ёзган қуйидаги сўзларни келтиради: «Маълум бўлсинки, бу девоннинг муаллифи Бадр тахаллусли Бадриддин Туроннинг Чоч шаҳридан бўлиб, 733/1332 — 1333 йили Деҳлига келади. У Султон Муҳаммадшоҳ ибн Ғиёсиддин Тўғлуқшоҳ хизматида бўлади, «Фахри замон» лақабини олган эди. Бу маълумотдан маълум бўладики, Бадриддин Чочий Ҳиндистонда 12 йил яшаган.

Замонасининг ажойиб сеҳргар шоири Бадриддин Чочий ўзи яшаётган даврнинг ижтимоий ҳаётидан четда қола олмаган. Унинг шеърларида лирика билан бир қаторда, у даврдаги социал ҳаёт ҳам ўз аксини топган. Ҳинд султонлари саройида яшаган Бадриддин Чочий бир шеърида ўзини ўраб олган муҳит ва одамлар ҳақида «дўстони замона бад аҳданд» (замондош дўстлар аҳдига бевафо, ёмон аҳдлидурлар) деб ёзган эди. Ўз даврида унинг ҳам асрлари Бадри Чочийни «Фахри замон» («Замон ифтихори») деб атаганлар. Бадриддин Чочий қасидаларини кўчирган ҳаттот ҳам бу борада, асарнинг охирида бундай деб ёзган: «… Таснифи Бадри Чочийки, лақаби он «Фахри замон» аст» (Бу Бадри Чочийнинг асари бўлиб, унинг лақаби «Фахри замон» («Замон ифтихори»)дир. Шунингдек, бу борада Шамсиддин Сомий «Қомус ал-аълом»да маълумот келтириб ўтган. Унинг ҳақиқатда ҳам ўз асрида буюк шоир бўлганлигига шоирнинг ўзи томонидан қилинган баъзи ишоралар ҳам бор. У бундай деб ёзади:

Мароке фахри замон хонда, шоҳи исломам,
Лақаб магўй бажуз булбули шакар гўфтор.

(Ислом шоҳи мени «Замон ифтихори» ҳисобласа-да, менга «ширинсухан булбул»дан бошқа лақаб қўйманглар).

Бундан маълум бўладики, Бадриддин Чочий бундай юқори мақтов ва унвонлардан кўра, ажойиб шоир бўлишнинг ўзи юқори туради, демоқчи бўлади. Амин Аҳмад Розий ўзининг «Ҳафт иқлим» асарида, аввало Шош шаҳрига таъриф беради, у ердаги ўсимликлар, сувлар ва тоғлар ҳақида тўхталади. Сўнгра Шош қадим шаҳарлардан бўлиб Банокат номи билан ҳам шуҳрат топган, ҳозирда Тошканд ва Тошкент аталади деб кўрсатади. Сўнгра X асрда Тошкентда яшаган иқтидорли олим ва шоир Қаффоли Шоший ҳақида гапиради. Бадриддин Чочийни «Бадр Шоший» деб кўрсатади ва унинг ҳақида бундай деб ёзади:

«Бадр Шоший латофат ва фазилат осмонида тўлин ой ва фасоҳат ва фатонат осмонида чарақлаган юлдуз бўлган.»

1908 йили Ҳиндистонда нашр қилинган «Куллиёти Хоқоний»нинг охирида келтирилган маълумотларига қараганда, Бадриддин Чочийнинг қасидалари луғат ва истилоҳлари (терминлари) билан Ҳиндистонда нашр қилинган. Бадриддин Чоний Ҳиндистонга келганда Амир Хисрав Деҳлавий (1253-1325) эндигина вафот этган эди.

Шу даврда Чочдан (Тошкентдан) Ҳиндистонга келган шоир Бадриддин Чочийнинг «фахри замон» лақабини олиши ўз даврининг ажойиб шоири бўлганлигини ифода этади. Буюк ҳинд шоири ва мутафаккири Амир Хисрав Деҳлавий ижоди Ўрта Осиё ва Хуросон шоирларининг ижодига ижобий таъсир кўрсатган бўлиб, ўз навбатида «замон ифтихори» лақабини олган Бадриддин Чочий ҳам унинг ижодидан баҳраманд бўлган.

Бадриддин Чочий ижоди билан жиддий шуғулланган шоир Абдулаҳад Анисий (Азизов) бундай деб ёзади: «Биз айтиб ўтмоқчи бўлганимиз Бадри Чочий (вафоти 1344) қасидачилик ривожланиб, мураккаблашиб, нависанданинг ўзи яшаган замон ҳаётига муносабатини ифодалашнинг энг нозик кўриниш ва усуллари вужудга келган даврда яшаб ижод этди… У яшаган даврда Ҳиндистонда Хисрав Деҳлавийнинг (1253-1325) таъсири жуда кучли эди… Ҳаётининг сўнги даврларини Деҳлида ўтказган Бадри Чочий ҳам бу соҳада Хисравга маълум даражада эргашган эди…

Бадри Чочийнинг ижоди ҳам кўпгина Шарқ мутақаддимин адиблари ва шоирларининг ижоди каби кўп қирраликдир… Бадри Чочий ҳаммадан аввал халқпарварлик, инсонпарварлик позициясида туради. Унинг учун инсон дунёдаги энг муқаддас мавжудотдир. У инсонни улуғлаб бундай деб ёзади:

«Дунёнинг аввалидан охиригача ўйладим, инсон навидан яхшироқ вужудни кўрмадим».

XIV асрда давр тақозоси билан Ўрта Осиёдан Ҳиндистонга қатор олимлар бориб қолган ва у ерда яшаб ижод этган эдилар. Шулар орасида тошкентлик шоир Бадриддин Чочий ҳам бор эди. Унинг ижоди Ўрта Осиё ва Ҳиндистон адабий алоқдлари тарихида ижодий аҳамиятга эга. «XIV аср Ўрта Осиё ва Ҳиндистон халқлари ўртасидаги маданий-адабий алоқаларни ривожлантиришда Бадриддин Чочийнинг ижоди катта роль ўйнаган».

Тошкентлик шоир Бадриддин Чочийнинг ижоди атрофлича ўрганишга лойиқдир.

Тошкент алломалари ва тарихий шахслари (иккинчи китоб)

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *