Александр Бёрнснинг 1838 йил 01 февралдаги ҳисоботида Қўқон хонлигидаги айрим жараёнлар
Александр Бёрнснинг шахси кўпчиликка маълум. Унинг биргина “Бухоро саёҳатномаси” асари муаллиф тириклигидаёқ катта шуҳрат қозонган.
Александр Бёрнс 1835-1838 йиллари Афғонистон ҳукмдори Дўст Муҳаммадхон ҳузурида элчи вазифасида фаолият кўрсатади. Элчилик давомида нафақат Афғонистон, балки Ўрта Осиё, Эрон ва Хитой Туркистонидаги жараёнларга катта қизиқиш билдириб, бу ҳақда Ҳиндистон генерал-губернатори идорасига ёзган ҳисоботларида баён этади.
Шу каби ҳисоботлардан бири 1838 йил 1 февраль куни йўлланган бўлиб, мазкур ҳисоботда Қўқон хонлиги тарихига оид қимматли маълумотлар борлиги сабабли, ўзбек тилига таржима қилинди. Мазкур ҳисобот Ҳиндистон ҳукумати буйруғига кўра, 1839 йили Калкуттада (Ҳиндистон) нашр этилган “Reports and papers, political, geographical and commercial, submitted to Government” номли тўпламда келтирилган.
М. Мирмақсудов, мустақил тадқиқотчи
Россиянинг Қўқон билан муносабатларда ўзига хос қарашлари ва режалари
(Нусха)
Қобул, 1838 йил 1 февраль.
Жаноб У. Ҳ. Макнагтенга,
Ҳиндистон генерал-губернатори котибига, Генерал губернатор қароргоҳи.
Сэр,
1. Ўтган октябрнинг 20-санасидаги ёзишмамда, мен Ҳиндистоннинг муҳтарам генерал-губернаторидан олдин Россиянинг Ўрта Осиёда амалга ошираётган режалари ҳамда қарашлари ҳақида ахборот тайёрлашни ўзимга маъқул кўргандим. Мазкур империянинг Туркистондаги жами хатти-ҳаракатларидан Хивага босқинини кўрсатиш, унинг Бухоро билан келишувлари ҳамда Ҳирот ва Қандаҳордан яширин фойдалар олишга интилаётганлиги каби хатти-ҳаракатлари билан (хатти-ҳаракатларини ёритиш билан – изоҳ таржимонники. Кейинги ўринларда Т.И.) ўзимни чеклаганман.
2. Мен Россиянинг ўзга йўналишдаги, Бухоронинг шарқидаги Қўқон хонлигига нисбатан босқинлари юзасидан турли маълумотларни ишончли шахслардан йиғишга эришдим. Қўқон хонлигига нисбатан ўз тижоратини муваффақият билан йўлга қўйиш бўйича Россиянинг ўхшаш режалари мавжуд ва Осиёнинг ушбу узоқ қисмида, бир қарашда келиб чиқадиган барча ҳодисалардан кўра жиддийроқ оқибатларда Россия иштирок этиши мумкин.
3. Қўқон ҳозирда Сир ёки Яксарт бўйидаги ўзбек ҳукмдорлигидир. У Афросиёб давлатининг пойтахти сифатида, Чингиз ва Темурнинг юришлари билан тарихий боғлиқлиги туфайли катта обрў ва муҳим аҳамиятга эга. Бироқ аввал Қобул, кейинчалик эса Ҳиндистон тахтига чиққан Бобурнинг туғилган жойи сифатида машҳурроқдир. Ҳозирги ҳукмдор Муҳаммад Алихон 14 йилларча муқаддам отаси Умархоннинг ўрнига тахтга чиққан ….. Баъзилар томонидан Қўқон Бухородан қудратлироқ экани айтилади, бироқ ҳамманинг фикрига кўра, уларнинг тенгилиги тан олинади. Шу сабабли, муқаддам бадавлат бўлган Фарғона ҳукумати Туркистон халқлари ўртасида яна ўз ўрнига эга бўлди.
4. Умархон даврида руслар билан алоқалар Қўқон билан деярли бир меридианда, шимолда жойлашган ва иккисини чўл ажратган, русларнинг манзилгоҳи бўлган Қизилжар ёки Петропавловск орқали ўта кам ёки йўқ даражада эди. Осиёнинг ушбу қисмида истиқомат қилувчи Қозоқлар устидан руслар ҳукмронликка эга бўлди ва Қўқон ўз ҳудудларига қўшни бўлган кўчманчи қабилалар устидан таъсирини ўрнатди. Хоннинг ўлими пайтида эътибор камайишини билиб, содир этилиши кутилаётган ҳодисаларни олдиндан сезиб, руслар ўз чегараларидан ўтиб, режалаштирганидек ҳар бир манзилгоҳда тўртбурчак шаклдаги кичик қалъаларни қуришни бошлади, иккита қудуқ кавлади, ғалла заҳирасини жамлади ва ҳар бир қалъалар билан қўшни бўлган 400 ёки 500 қозоқ фуқароларини яқиндан ҳимоялаш учун 100 кишидан 150 кишигача бўлган рус пиёда аскар қисмлари учун ётоқхоналар қурди. 1833 йил атрофида руслар шу даражада муваффақиятга эришдики, Қўқонга қарашли бўлган 12 ҳудудни айланиб чиқди ва кўчманчи қабилалар ўз яйловларидан талаб қилинадиган келгусидаги ҳар қандай йиғимни беришни маълум қилди. Хон ушбу хабардан ўз хавфсизлиги каби қаттиқ хавотирга тушди, яқинда бўлиб ўтган мазкур босқинни бартараф этиш чорасини кўрди. Ўзига қарашли бўлган жамики қўшинни тўплаб, қозоқларни Рустам тўра раҳбарлигида остида қўшинларга қўшилишга буйруқ бериб, барчасига ўзининг моҳир саркардаларидан бири Бекларбегини бошлиқ қилиб тайинлаб, илгари Қўқонга қарам бўлган ҳудудлар чегарасини белгилаган чизиқдан жанубдаги барча манзилгоҳларни бузиш ҳақидаги топшириқ берди.
5. Қўшин мамлакат пойтахтидан Тошкентга, у ердан сўнгги деҳқончилик қилинадиган жой – Туркистонга келди, чўлга 20 кунлик юриш билан кирди. Тўпланган қўшинлар 40 000 киши атрофида саналганлиги айтилади. Кичик-кичик рус отрядлари бундай катта қўшинга қарши тура олмади, биринчи қалъадан улар қочиб кетди, улар бошқа қалъаларда қаршилик қўрсатишга ҳаракат қилди ва қўшинларга қарата ўт очди, бироқ мазкур манзилгоҳлардан еттитаси бирин-кетин у ердаги рус аскарлари билан асирга тушди. Ҳужумларда оз қурбонлар берилди, бироқ ушбу юриш ҳужумкор руҳда эмаслиги, фақатгина ўзига қарам бўлган ҳудудлар чегарасини оддийгина ҳимоя қилишдан иборатлиги кўрсатиш учун, Қўқон хони ўз лашкарбошисига барча рус асирларини озод қилиш ҳақида кўрсатма берган эди. Қўшинлар қўлига тушган сўнгги қалъа Сибирга яқин жойлашганлиги, у ерда Россия фуқаролари бўлган қозоқлар истиқомат қилиши, аҳолисининг кўп сонлиги ва катталиги туфайли муҳимлиги айтилади. Русларга шак-шубҳасиз қарайдиган ҳудудларга бостириб кириш Хоннинг сиёсатига ёки эҳтиёткорлигига зид эди, шу сабабли Қўқон армияси қўлга киритган барча қалъалар бузиб ташлаш, қудуқларни сув билан тўлдиришдан сўнг, ўз юртига қайтиб кетди. Ортга қайтишида улар қозоқлар бошлиғига “чопиқ” уюштириб, Россия босқини пайтида ёрдам кўрсатганлиги туфайли уни ўлимга маҳкум қилди.
6. Хоннинг ушбу ташаббуси юқори даражадаги баҳодирлик сифатида хулоса қилиниши мумкин. Унинг қўшинлари керагидан ошиқча фураж (ўт-ўлан шаклидаги чорва еми), мол, қўй ва отларни озуқа сифатида олиши мумкин эди, бироқ қўшинлар билан бирга катта миқдордаги буғдой олиб юрилган. У маълум бир вақт мобайнида ўз жасурлигининг совринидан лаззатланди ва ҳозиргача руслар бузилган қалъаларни қайта тиклашга интилгани йўқ. Туркистон ҳалқлари ўртасидаги шундай умумий фикр борки, унга кўра, Қўқонга юриш туфайли (ёки эришилган муваффақият туфайли – Т.И.), руслар давлатни қўлга киритишни истайдилар. Уларнинг шарққа интилаётган тижорат йўллари Хива хонининг русларга нисбатан адовати борлиги туфайли тез-тез тўхтаб туради ва улар (руслар – Т.И.) ўзининг ҳамда ушбу давлат савдогарларига хавфсизлик тақдим эта оладиган, Туркистон йўналишидаги ҳимояланган йўлни қўлга киритишни режалаштирганлигини тортинмасдан очиқ тан олади, бироқ ушбу давлатга эгалик қилиш усули тинч йўл билан эмаслиги кўринади.
7. Мазкур имкониятни қўлдан чиқарган Россия ҳукумати режаларига эришишни бошлади, бошқачасига айтганда, кутаётган мақсадларига интилишни бошлади, Қўқон қўшинлари қайтиб кетганидан кўп вақт ўтмасдан, Хоннинг юришига эътироз билдириш ҳамда келгусида икки тараф учун фойдали бўладиган битимларни таклиф қилиш учун Хонга элчи юборди. Элчи аҳолига Александр исми билан маълум, бироқ фамилияси уларга маълум эмас. Россиянинг қудратидан эҳтиёт бўлган Хон, элчи билан ниҳоятда яхши мунобатда бўлди, унга ўз ҳукмдорлигининг ривожига интилиши юзасидан қарашларини тушунтирди, Император томонидан катта дабдаба билан кутиб олинган жавоб ташрифини элчи билан бирга Россияга жўнатди.
8. Россия ҳукумати ва ушбу кичик давлатнинг ўзаро муносабатлари натижасида Қўқон билан доимий ва умумий савдо йўллари ўрнатилди. Қўқон ва Қизилжар ўртасида товарларни ташишда, туяларнинг ўрнига аравалар ва чаналардан фойдаланиш мумкинлиги ҳамда фойдаланилаётганлиги сабабли, йўлнинг яхшироқлиги айтилади ва ҳозирда Қўқон ҳали кўп вақт бўлмади, Бухородан таъминланмаяпти, у шаҳарга (Бухоро назарда тутилмоқда – Т.И.) тижорат учун кўплаб маҳсулотларни юборади. Рус савдогарлари якка тарзда Тошкент ҳамда Қўқонга ҳеч қандай қўрқувсиз ва ўз устибошида келади, шунга қарамасдан Хон уларнинг якуний режасидан ҳозиргача хавотир олади, у қаршилик қила олмайди, бироқ бунинг акси ўлароқ, мазкур янги тижорат алоқаларига рухсат берди. Россия шу йўл билан нафақат Қўқондаги тижоратига қайғурди, Осиёнинг ушбу қисмидаги ўз манфаатларини ҳам ҳимоя қилди.
9. Шунга қарамасдан, унинг (Россиянинг) Қўқондаги қизиқишлари сиёсат, ўз навбатида иқтисодиёт билан якунланиши ҳақидаги ишончга мажбурлаш жуда ошиқчадир. Харитага бир назар солиш Туркистон давлатлари ичида Қўқоннинг муҳимлигини намойиш қилади. Давлатнинг калит эканлиги ҳақиқатдир ҳамда тарих бизни аниқ-равшан тарзда Ўрта Осиёни забт этган турли фотиҳлар бу жойлардан келиб чиққанлиги ҳақида хабардор қилади. Бугунги кунда айримлари ушбу муваффақиятли босқинчиларнинг армиясига кирган, саноқсиз кўчманчи аҳоли Россия бошқарувидир, бундан ташқари (кўчманчиларнинг – Т.И.) айримларига христиан динини қабул қилдириб, доимий қўшинлар сифатида шакллантирди. Мазкур ҳолатдан сўнг, бу йирик империяга қўшни бўлганлар, шунингдек йироқда жойлашганлар ҳам, Россиянинг юқоридаги муваффақиятларини кўргани ҳолда, ўз устиларига ёпирилиши мумкин бўлган эҳтимолий нобудгарчиликлар ҳақида қайғуриши лозимлиги ажабланарли эмас.
10. Бироқ Қўқон нафат Туркистоннинг калитидир. У (Қўқон – Т.И.) Қашқар, Ёркент ва Хўтан сингари Хитой манзилгоҳларига олиб борувчи тоғ йўлининг устидадир ҳамда улар билан катта савдони йўлга қўйган ва мазкур ерларда Хон ўзининг катта таъсирини ўтказади, бу ҳақида келгусида айтиб ўтилади. Бу ҳаммаси эмас – Ёркентдан Кашмир ва Ладакка очиқ ва доимий алоқалар ўрнатилган, шу сабабли, Қўқонда мавқеъга эришиш билан тижоратни Хитойга қарашли Татаристонга, ҳатто Ҳиндистонга ёйиш туфайли, тижоратнинг даромади саноқсизга айланади. Ҳиротнинг қўшимча равишда шарқ ва ғарбнинг савдо марказидаги аҳамияти, Россиянинг уни ўз мақсадларига оғдириб олиш юзасидан режалари сингари аллақачон ўрганиб бўлинган. Агар ўрганилса, Қўқоннинг жойлашуви камроқ фойдали эмаслиги ва бу ерда Россия ҳукмронлиги ўрнатилишида вужудга келадиган хавотирларга жавоб бериш лозимлиги кўринади. Ҳирот шаҳри Россия, Туркистон, Қобул ва Ҳиндистоннинг йўлларида тўхтаб ўтиш жойи (кесишган жойи ёки ўша даврда Ҳирот – Ҳиндистон дарвозаси деб билинарди – Т.И.) эканлиги айтилади; Қўқон Ҳиндистоннинг шимолий чегаралари ҳамда Россия ва Хитой Татаристонининг савдо марказига айланиши кашф этилади. Лекин ҳозирги Хоннинг шижоати туфайли, Россия ушбу муҳим бозорда олдин ўз мавқени мустаҳкамлаши лозим бўлади.
11. Хитойликлар билан Қўқон хони ўртасида сўнгги йилларда бўлиб ўтган воқеаларни қисқача тасвирлашдан олдин, мен бу ерда (Хитой назарда тутилмоқда – Т.И.) ҳукмдор доиралар (Қўқон хонлиги ҳукмдор доиралари – Т.И.) ўтказа оладиган таъсирни кўрсатганим яхшироқдир. Хитойликларни забт этилган ҳудудлардан чиқариб юбориш кучига Хон эга эмас, лекин уларнинг (Хитой ҳудудларининг – Т.И.) кўплаб фуқаролари мусулмонлардир, Хитойга қарашли ҳудудларнинг бу қисмидаги кўплаб қўзғолонлар мазкур эҳтиёткор одамларнинг ҳар иккисига ҳам оқил ва мулойим сиёсат юритишни буюради. Шунга қарамасдан, улар эҳтиёт юзасидан ўз қўшинларини қалъаларга жойлаштириб олган, қалъаларда мусулмонларнинг истиқомат қилишига рухсат берилмаган, улар (хитойликлар назарда тутилмоқда – Т.И.) Қўқон хонига бўйсунувчи агентни ўзларига қарашли ҳар бир шаҳарда тайинланишига рухсат берган ва унинг (Қўқон хони назарда тутилмоқда – Т.И.) фойдасига шарқдан келган барча мусулмонлар савдосидан қонунга мувофиқ олиниши лозим бўлган солиқлардан воз кечган. Натижада уларга ҳеч қандай ёрдам кўрсатмасдан, катта даромадга эга бўлаётганлиги сабабли Қўқон хони Хитой забт етган ҳудудларда тинчлик бўлишидан манфаатдорга айланди. Шу сабабли, хитойликлар билан ўзаро муносабатлари яхши ва яқинда у Пекинга элчи жўнатди, элчи Хитой императори томонидан ноодатий ҳурмат-эътибор билан кутиб олинди. Элчининг исми Алам Ҳожи, унинг саёҳати қизиқарли бўлиши мумкин, бироқ бу ерда келтирилмайди.
12. Бу ерда сиёсий таъсир тижоратда кўмакчи бўлиши сабабли, Қўқонга эътибор қаратиш намоён бўлади. Бугунги кунда россияликлар Хитой Туркистони (Шарқий Туркистон назарда тутилмоқда – Т. И.) билан Қизилжарнинг шимоли шарқида, 25 кунлик масофада жойлашган Сибирдаги Шанни (ҳозирги Шамай ёки Семипалатинск – Т.И.) номли жойдан Или ва Оқсув шаҳарлари орқали савдо қилади. Бироқ, мазкур алоқалар мусулмонлар томонидан амалга оширилади, бошқа рус фуқаролари хитойликларнинг ушбу ҳудудларига кириш рухсатига эга эмас. Ёркентда христианлар борлиги маълум бўлди, бироқ улар Хитой фуқароларидир, шу сабабли, мен уларнинг арман миллатига мансублигини англадим. Шу сабабли, Россия бойликка қизиққан айрим Шамай қозоқларини худди Қўқонга ҳозирда бошқа фуқароларини киритгани сингари ушбу давлатларга киритишни, кейин эса уларнинг Кашмир ва Тибетга ҳаракатланишини ҳимоя қилишни, империянинг табиий таъсири ва аҳамиятини кенгайтиришни режалаштирмоқда. Ҳозирда Россияга бориш учун шундай айланма йўллардан ўтаётган жун фабрикалари шу тартибда аниқ йўналишни топади, уларнинг Россиядаги сотуви барқарорлашганлиги ва ривожланаётганлиги сабабли, қайтишда айрим товарлар ушбу ва қўшни давлатларга олиб келиниши мумкин. Ҳозирда Тошкент, Қўқон, Ёркент ва барча мазкур ҳудудларда яшаётган кашмирликлар ушбу тижоратга ёрдам бера олади, агентликнинг Кашмир ва Ладакдан Хитойнинг ушбу ҳудудларига мавжуд бўлган савдосидан кўра тезроқ, фаолроқ ва даромадлироққа айланиши мумкин.
13. Ўрта Осиё бўйлаб ўз тижоратини ушбу усулда ривожлантираётган Россиянинг тез муваффақияти тарихига назар солинса, унинг режаларини пайқашда доимо кўринадиган ягона ютуқ билан зарба берамиз. Ҳозирги алоқалар мавзуларини кўпайтирмасдан туриб, биз унинг (Россия назарда тутилмоқда – Т.И.) ўз ниятларига куч билан эришишга доир биринчи ҳаракатини, муваффақиятсизликдан сўнг эса дипломатия билан мустаҳкамлашини кўрамиз. Ўзининг барча режаларида у ғолибдек кўринади, вақт ўтиши билан биз унинг таъсири Қўқонда, умуман Туркистонда ошишини кўрамиз, шу туфайли мазкур давлатларнинг ресурслари у (Россия назарда тутилмоқда – Т.И.) уларни босиб оладими ёки йўқми, тўлиғича унинг ихтиёрида бўлади. Унинг бугунги кундаги ягона душмани Хива хонлигидир ва бу давлатнинг шундай қўшнига узоқ муддат қаршилик кўрсатишига ишониш қийин. Россияда асирга олинган Хива савдогарлари масаласи ҳозиргача ҳал этилмаган ва Туркистонда катта норозичиликка сабаб бўлиб келмоқда. Шу сабабли, мен генарал-губернатори ҳазрати олийлари эътиборига ҳурмат билан журъат этиб айта оламанки, бизнинг буюк тижорат рақибларимизга қарама-қарши айрим тадбирларни намойиш қилмоқ учун айни вақтидир. Ҳинд (дарё назарда тутилмоқда) йўли орқали савдони ривожлантириш юзасидан режаларга эътиборни кучайтириш ё ўтган ойнинг 18-санасидаги хатимда баён ҳолатларга холис ёндашиш ёки шунга ўхшаш бошқа режа ҳозиргига нисбатан энг омадлиси бўлар эди. Қисқа муддат ичида Хива савдогарларининг ушлаб турилиши унутилади ва алоқалар олдинга ҳолатга қайтади, биз эса ўз тижорий ривожимиз учун юқори даражадаги қулай имкониятни бой беришимиз мумкин.
Мен тугатдим ва ҳурмат билан,
(имзо) А. Бёрнс
Қобулдаги элчилик вақтида.