Тўрт даҳа

XIX асрнинг охири – XX аср бошларида Тошкент икки маъмурий-ҳудудий қисм – Эски шаҳар ва Янги шаҳарлардан ташкил топган эди ва бу ҳолат Туркистоннинг Россия подшолиги томонидан забт этилиши билан боғлиқ бўлган. Аниқроғи, Тошкент 1865 йили руслар томонидан босиб олингач, икки йил ўтиб 1867 йили ташкил этилган Туркистон генерал-губернаторлигининг марказига айлантирилган. Шаҳар ҳудуди кенгайиб, Анҳорнинг чап соҳилидан шарққа томон янги иморатлар қурилган ва бу ерлар “Руслар яшайдиган қисм” ёки “Янги шаҳар” деб атала бошлаган. Анҳордан ўнг томонда жойлашган эски Тошкент ҳудуди эса “Эски шаҳар” деб аталган.

Ўша давр русча манбаларда Тошкентнинг Эски шаҳар қисми кўпроқ “туземная часть” (“маҳаллий қисм”), “туземная часть города Ташкента” (“Тошкент шаҳрининг маҳаллий қисми”) “туземный город Ташкент” (“маҳаллий Тошкент”), “туземный город” (“махаллий шаҳар”), “азиатский Ташкент” (“осиёликлар Тошкенти”), “азиатская часть” (“осиёликлар яшайдиган қисм”), “азиатский город” (“осиёликлар шаҳри”), “старый город” (“эски шаҳар”), “сартовский город” (“сартлар шаҳри”), “старый Ташкент” (“эски Тошкент”), шаклларида қайд этилган (18-илова). Маҳаллий тилда эса Тошкентнинг Эски шаҳар қисми, аввалгидек, “шаҳар” деб аталган.

Даҳалар

XIX аср охирларида Эски шаҳар шимолдан Кайковус ариғи, шарқдан Анҳор ариғи, ғарбдан Кўкча ариғи, жанубдан Зах ариғи билан чегараланган. Маъмурий жиҳатдан Эски шаҳар 4 даҳа – Шайхонтаҳур, Себзор, Кўкча ва Бешоғочга бўлинган (19-илова). Бундай бўлиниш XVIII аср ўрталарида рўй берган ва XVIII асрнинг охирларигача ҳар бир даҳани мустақил ҳоким бошқарган. Бироқ, XVIII асрнинг охирига келиб Шайхонтаҳур даҳасининг ҳокими Юнусхўжа қолган уч даҳани ҳам ўз тасарруфига олган. XIX асрнинг биринчи ярмида – Тошкент Қўкон хонлигига қарашли бўлган даврда – даҳаларни бекларбеги бошқарган. Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил этилгач (1867 й.), Эски шаҳарни маҳаллий нуфузли шахслар воситасида Шаҳар Думаси орқали рус маъмурияти бошқарган. Лекин сиёсий бошқарувнинг ўзгариши Эски шаҳарнинг маъмурий бўлиниши (турт даҳа) тартибига таъсир этмаган, яъни даҳаларнинг номланиши аввалгидек сақланиб қолган.
Тошкент даҳалари ҳақида XIX асрда тарихчи Муҳаммад Солиҳ ўзининг “Тарихи жадидайи Тошканд” асарида анча батафсил маълумот берган. Унда тўрт даҳадан иборат шаҳар топографияси ва шу маъмурий бирликлар доирасига киритилган атроф ерлар географияси тавсифланган. XX аср олимларидан Н.Г.Маллицкий, В.В.Бартольд, А.Р.Муҳаммаджонов, Ҳ.Ҳасанов, С.Қораев, А.Ўринбоев, О.Бўриев ва б. ўз асарларида мазкур даҳаларга оид топонимик маълумотлар келтирганлар. Эски шаҳарнинг маъмурий-ҳудудий қисмлари ҳақида XIX аср охири – XX аср бошларига оид илмий, статистик, даврий нашрларда ҳам маълумот бор.
Аслида “даҳа” сўзи қадимги суғд тилида “деҳа” – қишлоқ деган маънони билдиради. Кейинчалик Ўрта Осиёда “даҳа” деб шаҳарларнинг бир бўлаги, маъмурий бўлинишига айтиладиган бўлди. Тошкент мисолида шундай ҳолат кузатилади – шаҳар кенгайиб борган ва “даҳа” маъмурий бирлик маъносида истеъмолда сақланган. Ҳатто, юқорида қайд этилганидек, XVIII асрнинг учинчи чорагида Тошкентда, ўзаро низолар натижасида, вилоятни бир марказдан идора қилиш мумкин бўлмай қолган пайтда, ана шу тўрт даҳа асосида чорак аср давомида “чорҳокимлик” барпо этилганлиги тарихда маълум.
Муҳаммад Солиҳ даҳаларни кўпроқ “Тошкент рукн (устун; асосий қисм)лари” деб атасада, лекин “даҳа” атамасини ҳам ишлатган ва рукн (яъни даҳа)ларнинг номларини қуйидагича қайд этган: Шайхонтаҳур, Ҳазрат Имом Қаффоли Шоший, Зангиота, Шайх Зайниддин. Бу номлардан учтасининг халқ орасида кўпроқ истеъмолдаги шаклларини ҳам ёзган: Ҳазрат Имом Қаффоли Шоший даҳаси – Себзор, Шайх Зайниддин даҳаси – Кўкча, Зангиота даҳаси – Бешоғоч. Ушбу тарихий топонимларнинг ҳар бирида маълум тарихийлик акс этган.

Шайхонтаҳур даҳаси. “Шайхонтаҳур” топонимии кўп ўзакли мураккаб антропотопоним бўлиб, “шайх”, “хованд”, “таҳур” сўзларидан таркиб топган ва XIV асрда яшаган машҳур шахс – Шайх Хованд Таҳур исмининг бироз қисқартирилган шаклидир (тафсилотлар 17-иловадаги луғатда келтирилган).

Ҳазрат Имом Қаффоли Шоший даҳаси, истеъмолда кўпроқ Себзор деб аталган. “Ҳазрат Имом Қаффоли Шоший” даҳасининг номи мураккаб антропотопонимлар гуруҳига киради ва тарихий шахс – Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил ал-Қаффол ал-Шоший (904–976 йй.) исмидан олинган. У ўз даврида фикҳ соҳасидаги машҳур олимлардан бири бўлган. Ҳазрат Имом Қаффоли Шошийни исми кундалик истеъмолда қисқартирилиб, “Ҳастимом” шаклида талаффуз қилинган (тафсилотлар 17-иловада берилган).
Айни пайтда даҳанинг “Себзор” деган номи ҳам сақланган. “Себзор” қўшма топоним, “себ” ва “зор” қисмлардан (форсча “себ” – “олма”) тузилган, “олмазор” деган маънони англатади. Яъни Себзор даҳаси олмазор, умуман боғлари кўп ер бўлган.

Зангиота даҳаси, халқ орасида кўпроқ “Бешоғоч” деб номланган. “Зангиота” – қўшма топоним, (“занги” – “қора”, “ота” – “шайх”, “пир”) антропотопонимлар гуруҳига мансуб (тафсилотлар 17-иловада келтирилган).
Даҳанинг номи Зангиота лақаби билан машҳур бўлган мутасаввиф шайх Ойхўжа ибн Тожхўжа (вафоти 1258 й.) шарафига шундай аталган. Зангиота “подачилар пири” сифатида машҳур бўлган, шу сабабдан уни кўпинча Чўпонота деб ҳам атаганлар.
Даҳанинг иккинчи аталиши “Бешоғоч”, қўшма топоним бўлиб, “беш” ва “оғоч” ўзакларидан ташкил топган (“оғоч” ёки “ёғоч” — масофа ўлчов бирлигини англатган, таҳминан 7-8 км.). Бешоғоч – “бешинчи ёғоч”, яъни “бешинчи станция”, Эски Тошкентдан ҳисоблаганда бешинчи карвонсарой маъносида ҳам талқин қилинади. Тарихчи Муҳаммад Солиҳхўжа асарида мазкур топоним “Бешоғоч” шаклида берилган ва қабила номи эканлиги қайд этилган.

Шайх Зайниддин даҳаси, халқ орасида кўпроқ Кўкча деб аталган. “Шайх Зайниддин” жой номи икки сўздан ташкил топган мураккаб топоним бўлиб, антропотопонимлар гуруҳига киради ва XII асрда яшаб ўтган машҳур шайх Зайниддин исмидан олинган (мазкур шахс ҳақида 17-иловадаги луғатда маълумотлар келтирилган).
Даҳанинг иккинчи номи – “Кўкча” ҳақида аниқ маълумот мавжуд эмас. Муҳаммад Солиҳнинг ёзишича, Кўкча дарвозасининг номи қабила номидан олинган, яъни кўкча қабиласидан. Тарихчи олим А.Р.Муҳаммаджоновнинг фикрига кўра, “кўкча” сўзи аслида “коҳича” сўзининг ўзгартирилган шакли, “коҳича”, “коҳак” сўзи “қалъача” деган маънони англатади ва бу ерда ўрта асрларда ҳарбий қалъа бўлганидан даолат беради.

«ТОШКЕНТ ШАҲРИНИНГ ТАРИХИЙ ТОПОНИМИЯСИ»
Хайрия БЎРИЕВА,
тарих фанлари номзоди, доцент

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *