Тошкент сув (ариқ)лари. Эски шаҳар ариқлари
Тошкентнинг шаҳар сифатида шаклланиши ва ривожланишида сув таъминоти энг зарурий шартлардан бири бўлган. Шаҳар қадимдан Чирчиқ дарёсидан қазиб келтирилган Бўзсув канали ва унинг тармоқлари воситасида сув билан таъминланган. Маълумки, Тошкент шаҳрининг ер юзаси шимоли-шарқдан жануби-ғарбга томон пасайиб боради ва унда табиий сув тармоқлари фаолияти натижасида ўр-қирлар ҳосил бўлган. Тошкентдаги сув шоҳобчаларининг номлари (гидронимлар) эса кўпроқ шаҳарнинг тарихи билан узвий боғлиқ.
Бўзсув ариғи – Чирчиқ дарёсининг ўнг тармоғи. Ўз сувини икки жойдан – Бўзсув-Зах бош тармоқдан ҳамда Чирчиқ шаҳри Бўзсувбоши маҳалласи яқинидан олади, Тошкент шаҳридан оқиб чиққач, Чиноз шаҳридан ўтиб, Сирдарёга қуйилади. Умумий узунлиги 159 км. XIX аср охири – XX аср бошларида Бўзсув Тошкентнинг шимолий қисмидан оқиб кириб, шаҳарнинг марказий қисмида Анҳор ва шаҳардан чиққандан сўнг Бўрижар номи билан давом этган. Ҳозирги кунда Тошкент ҳудудида Бўзсувдан 25 та тармоқ чиқарилган.
Бўзсув каналининг қачон қазилганлиги аниқ эмас. Археологларнинг тахминий маълумотларига кўра, у милод бошларида қазилган. Мазкур ариқ ҳақида ёзма манбаларда ҳам қайд этилган. Жумладан, Муҳаммад Солиҳнинг “Тарихи жадидайи Тошканд” асарида Бўзсув қадимда “Кайкобус” деб аталгани, муаллиф яшаган даврда эса (XIX аср) у “Бўзсув” деб номланиши ҳақида ёзилган. Ҳозирги вақтда “Бўзсув” номи каналнинг юқори қисми учун сақланиб қолган.
“Бўзсув” гидроними икки сўз – “бўз” ва “сув” компонентлардан ташкил топган. “Бўз” асли туркий сўз бўлиб, унинг талайгина маънолари бор. Жумладан, ранг, тус маъносида: “бўзранг” – оч кулранг; “бўз тупроқ” – чўл ёки дашт тупроғининг бир тури, сарғиш рангда; Ўрта Осиёда тоғ этакларида кенг тарқалган. Баъзи тадқиқотчилар Бўзсув ариғи ҳам ундаги сув рангига кўра шундай ном олган деб ёзишади. “Бўз” — қўлда тўқилган мато номи; ушбу маънода “Бўзчи” деган жой номи ҳам пайдо бўлган. “Бўз” сўзининг “янги” деган маъноси ҳам борки, у жой номларига бевосита дахлдордир. Жумладан, “Бўз ер” – ўзлаштирилмаган ер, қўриқ ер, дашт. “Бўз” атамаси асосида ясалган жой номлари анчагина. Шу жумладан, Тошкентнинг шимоли-шарқий томони (ҳозирги Мирзо Улуғбек туманининг шимоли-шарқий қисми) илгари “Бўз мавзеи” дейилган ва бу ном қайта тикланди. Қадимдан бу жойлар ўзлаштирилмаган, асосан, чорва моллар ўтлаб юрадиган, яйловдан иборат бўз ерлар бўлган. Ушбу қўриқ ердан оқиб ўтган сув тармоғи эса “Бўзсув” номини олган.
XIX аср охири – XX аср бошларида Бўзсув ариғи Себзор даҳасининг Отчопар, Янги шаҳар-дарвоза, Ертешган, Янги шаҳар-Шаҳидонтепа мавзе-маҳаллалари ва Сирли масжид маҳалласи ҳудудларидан оқиб ўтиб, сув таъминотида катта аҳамиятга эга бўлган. Бу сувдан мавзелардаги дала ва боғларни суғоришда, шунингдек, аҳолини ичимлик суви билан таъминлашда кенг фойдаланилган.
Эски шаҳар ариқлари:
Анҳор канали – Бўзсувнинг чап тармоқларидан бири, узунлиги 8,7 км. Шаҳар ичида шимоли-шарқдан жануби-ғарбга қараб оқади. XIX аср охири – XX аср бошларида Анҳор Тошкентнинг Эски шаҳар ва Янги шаҳар қисмлари ўртасидаги чегара вазифасини ҳам ўтаган. Унинг ўнг ва чап томонларидан бир нечта ариқ сув олган.
“Анҳор” гидроними арабча “наҳр” – “дарё” сўзининг кўплик шакли бўлса-да, бу ерда “катта ариқ” маъносини билдиради. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, “Анҳор” гидроними маҳаллий аҳолининг талаффузида кўпинча “ариқ”, “сой” маъноларини англатади. Анҳор шаҳардан оқиб чиққач, Бўрижар номини олган.
Анҳор каналининг номи турли давр ёзма манбаларида қайд этилган. XIX аср рус ёзма манбаларида мазкур гидроним кўпроқ “Ангор”, шунингдек, “Анхор” деб ёзилган. Ўша даврда нашр этилган карталарда мазкур ариқнинг номи “Анхор” шаклида қайд этилган.
XIX аср охири – XX аср бошларида Анҳор ариғи Шайхонтаҳур даҳасининг Ертешган, Янги шаҳар-Лабзак, Турк, Янги шаҳар Минор, Янги шаҳар Қиёт, Тожик маҳалла мавзе-маҳаллалари, Шатак, Турктепа, Қашқар, Ҳиёт каттакўча, Калтатой, Қаймоқ-бозор, Қиётторкўча, Пастак, Қорёғди, Қудуқбоши, Ўрда, Қиёттепа, Қиёт, Қуйи Мерганча маҳаллалари ҳудудидан оқиб ўтган ва уларни сув билан таъминлаган.
Эски шаҳар ҳудудидаги қолган ариқлар ҳақида қуйида қисқача топонимик маълумот берилиб, батафсил этимологик таҳлил 17-иловадаги луғатда келтирилади.
Бўрижар (Бўржар) ариғи. Бизнингча, “Бўржар” гидронимининг этимологиясини “Бўзсув” дан олиб қараган тўғрироқ, чунки Бўрижар ариғи Бўзсув каналининг давоми ва “Бўржар” – “Бўз жар” – “Бўзсув оққан жар” иборасининг қисқарган шаклидир. Аслида Бўрижар бўлса керак.
Жарариқ. “Жарариқ” гидроними рельеф билан боғлиқ бўлиб, “жарликда ҳосил бўлган ариқ”, “жардан оқиб ўтган ариқ” маъноларига яқин. Маълумки, Чиғатой баланд ерлардан оққан, ундан ўнг томонга тармоқланган ариқлардан энг каттаси саналган Жарариқнинг бошланиш ери нисбатан пастлик ерларга тўғри келади.
Калковус канали. “Калковуз” гидроними “Кайковус”, “Кайкобус” топонимларининг ўзгарган шаклидир. Одатда мазкур топоним “Кайковус” антропотопоними билан боғлиқ, деган фикр мавжуд. X–XI аср форс шоири Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асарида ёзилишича, Кайковус эрон шоҳларидан бири бўлган.
Кўкча ариғи. “Кўкча” гидроними “кўкча” топонимидан келиб чиққан; сабаби, мазкур ариқ Кўкча даҳасидан оқиб ўтган. Топонимнинг этимологияси хусусида фикрлар турлича: Кўкча даҳаси дарахтзор, кўкаламзор, экинзор кўп бўлганидан шундай ном олган; “кўкча” – форсча “коҳча” сўзининг талаффузда ўзгарган шакли бўлиб, “кичик қароргоҳ” – “қалъача” маъносини англатади. Кўкча ариғи шу қароргоҳ ҳудудидан оқиб ўтганлиги туфайли кейинчалик бу жойнинг номини олган; “Кўкча” шахс номи сифатида XIY асрда, аниқроғи, Рашид ад-Дин Фазлуллоҳнинг “Жомеъ-ат-Таворих” асарида учрайди. Муҳаммад Солиҳнинг ёзишича, “кўкча” бу туркий қабилалардан бирининг номи.
Лабзак (ёки Жангоб) ариғи. Мазкур жой номи форсча “лаб” – “бўйи”, “чеккаси” ва арабча “зах” – “нам, зах ер” – сўзларидан ташкил топган. Яъни “лабзак” сўзи “зах ер” маъносига яқин. Лабзак ариғининг халқ орасида “Жангоб” деган номи ҳам машҳур бўлган. “Жангоб”, яъни “уруш суви” дейилган, сабаби унинг икки соҳили (асосан, ҳозирги Себзор мавзеси қисмида) даҳалараро бўлиб ўтадиган жанглар майдонига айланган.
Регистон ариғи. “Регистон” гидроними “Регистон” топонимидан олинган. Аслида “регистон” топоними форсча “рег” – “қум” ва “стон” – “ўлка, жой” – сўзларидан ташкил топган. Ўрта асрлар шаҳарларидаги Регистон қум-шағал тўкиб текисланган марказий майдондан иборат эди. Тошкентда ушбу жойдан оқиб ўтган ариқ ҳам “Регистон” номини олган.
Танишаҳар ариғи. “Танишаҳар” гидроними “тан” ва “шаҳар” сўзларидан ташкил топган . “Тан” форсча-тожикча сўз бўлиб, бир нечта маъноларга эга, бу ерда “тан” сўзининг “кимсага тегишли қисм, улуш ёки нарса” деган маъноси тўғри келади. Яъни Танишаҳар – бу “шаҳарга тегишли” дегани. Шу боис “Танишаҳар” гидроними мазкур ариқнинг айнан шаҳар ҳудудида оқишини англатиши мумкин.
Чиғатой ариғи. “Чиғатой” гидронимининг пайдо бўлиши тахминан XIV асрга тўғри келади, “Чиғатой” антропоними ва “чиғатой” этноними билан боғлиқ. Маълумки, Чиғатой (XIV аср) Ўрта Осиёда ҳукмронлик қилган Чингизхоннинг иккинчи ўғлининг номи. Кейинчалик унинг исми туркий қабила номига ҳам ўтган. XV асрда Тошкентнинг 12 та дарвозасидан бирининг “Чиғатой дарвозаси” деб номланган. Чиғатой ариғи эса Чиғатой дарвозаси ёнидан оқиб ўтганлиги туфайли, унинг номи билан аталган.
Чорсу ариғи. Гидроним “Чорсу” топонимидан келиб чиққан. “Чорсу” топоними форсча “чор” – “тўрт” ва “су” – “томон” сўзларидан ташкил топган; луғавий маъноси: “тўрт томон” демакдир. Бу шартли тушунча бўлиб, фақат тўрт кўча эмас, балки бешта, ҳатто олти-еттита кўчанинг ҳам кесишган жойини англатган. Чорсу – марказий бозорнинг, аниқроғи усти ёпиқ (тим) кўчаларнинг бошланиши бўлган.
Човли ариғи. Мазкур гидроним маъноси ҳақида икки хил фикр мавжуд. Биринчисига кўра, бу ариқнинг тўғри аталиши “Шибли”, яъни унинг номи машҳур тарихий шахс Шайх Шибли исмидан олинган. Кейинчалик аҳоли томонидан “Шибли” сўзи “Човли” шаклида талаффуз қилинадиган бўлди. Иккинчи фикрга кўра, “шибли” – бу “зах ерлар, ўтлоқ” демакдир, яъни бу ариқ шундай жойлардан оққанлиги боис Човли деб аталган.
Чуқуркўприк ариғи. “Чуқуркўприк” гидроними “чуқур” ва “кўприк” сўзларидан тузилган. Рельеф шакли билан боғлиқ, яъни ариқнинг қирғоқлари паст қисмига қурилган кўприк мавжудлигидан шундай ном олган.
Шайхонтаҳур ариғи. “Шайхонтаҳур” гидронимининг пайдо бўлиши анча қадимги тарих, XIV асрга боради ва “Шайхонтаҳур” антропотопоними билан боғлиқ. Аниқроғи, бу топоним машҳур тарихий шахс – шайх Хованди Таҳур исмининг қисқартирилган шаклидир. Мазкур шайх Тошкентда XIV асрда яшаган ва вафот этганлар, қабри устига кейинчалик мақбара бунёд этилган ва у ҳозиргача сақланган. Тошкент шаҳрининг ана шу мақбара жойлашган ва атрофидаги ҳудудлар кейинчалик “Шайхонтаҳур” номини олди ва тўрт даҳадан бирининг номига айланди. Шайхонтаҳур ариғи ҳам ушбу даҳа номи билан аталган.
Шаҳар ариғи. Мазкур ариқнинг бир тармоғи Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидан шимолга шаҳар ҳудудидан ташқарига оқиб чиққанлиги сабабли, “Шаҳар” ариғи (яъни шаҳардан оқиб келувчи ариқ) номини олган.
Қуйи Бўзсув. Бу ариқ шаҳар ҳудудида Бўзсувдан оқиб чиққан тармоқларнинг кейинчалик шаҳар ташқарисида бирлашиши натижасида вужудга келганлиги сабабли аҳоли томонидан шундай деб номланган. “Қуйи Бўзсув” гидроними “Бўзсувнинг пастки қисми” деган маънони англатади.
Кейинги мақолада янги шаҳардаги ариқлар тўғрисида маълумот берамиз.
«ТОШКЕНТ ШАҲРИНИНГ ТАРИХИЙ ТОПОНИМИЯСИ»
Хайрия БЎРИЕВА,
тарих фанлари номзоди, доцент






Изоҳлар