Яланғоч(ота)
ЯЛАНFОЧОТА – ўтмишда туркий халқларда шамол ҳомийси. Этнограф А.Диваев (1855–1933) келтирган маълумотга кўра шамол чақириш маросимида ижро этиладиган қўшиқда шамол ҳомийси сифатида Яланғочотага мурожаат этилган. Яланғочотага эътиқод қилиш Тошкент атрофлари ва Жанубий Қозоғистонда яшовчи ўзбеклар орасида кенг тарқалган. Унинг шахсияти билан боғлиқ микротопонимлар ҳам мавжуд. Масалан, ҳозирги Тошкент шаҳрининг шимоли-шарқидаги мавзу Яланғоч деб аталади.
Яланғочота исломиятдан аввалги маҳаллий маъбудлардан саналган. Хусусан, Мирзо Улуғбекнинг «Тўрт улус тарихи» асарида Чингизхоннинг тахтга ўтириш маросими (1206) шундай баён этилган: «Ўша кезларда ул ноҳияларда бир киши бўлган, уни мўғуллар Тибб тангри деб атаганлар. Ўзбек улуси Яланғочота дейишарди. Унинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз шу ондаёқ воқеъ бўларди. Унинг ҳақида айтишадики, тоғу тош, дараларда яланғоч кезаркан ва совуқ шиддатидан ва иссиқ ҳароратидан асло ва қатъан ибо қилмаскан. Ҳеч ким билан алоқа қилмасди. Турли лаҳжаларда сўзларди. Халққа тушунарли бўлган ҳар бир сўзи, албатта, шу заҳотиёқ амалга ошарди. Шу бир лаҳзанинг ўзида ҳам йиғларди, ҳам куларди. …Тибб тангри боргоҳдан чиқиб, шоҳ ҳузурига кирди. Деди: «Кеча Тангри менга хабар бердики, жаҳонга янги насоқ қилурман, жаҳон мулкини Темучинга бергум. Унга Чингизхон номини берамиз. Олам подшоҳларини унга тобе қилурмиз… Ҳақ амридан чиқмагин, сени Чингизхон деб атайман, энди Темучин эмассан». Худди шу маросимни Абулғози Баҳодирхон (17-а.) «Шажараи турк» асарида баён қилади. Лекин у Тибб тангри ўрнида Кўкча (мўғулча Когичэ) номини тилга олади. «Кўкча Мўғулистоннинг андағ қаттиқ совуқларинда қиш кунлари яланғоч ва ялангоёқ юрур эрди» (53–54-бетлар). Абулғозида келтирилган Кўкча билан Мирзо Улуғбекдаги Яланғочота бир шахс эканлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бундан ҳозирги Тошкентдаги Кўкча ва Яланғоч топонимлари негизи бир бўлса керак, деган хулосага келиш мумкин.
Яланғочота ҳақида кейинги асрларда ҳам маълумотлар учрайди. Халқ орасида Яланғочота издошлари, каромат соҳиблари ҳам бўлган.
Тошкент ва унинг атрофида Яланғочота номи билан аталувчи қабристон, маҳалла ва кўча мавжуд.
«ЯЛАНFОЧОТА» МАҲАЛЛАСИ (Феруза мавзеси, 33а-уй) – Мирзо Улуғбек туманидаги маҳалла. «Шалола», «Феруза», «Катта Яланғочота» маҳаллалари билан чегарадош. 1996 йил ташкил топган. Маҳалла кексаларининг фикрича, 1908 йилгача маҳалла ҳудудида чайлада Яланғоч номи билан машҳур бўлган авлиё ўтган. У қиш мавсумида ҳам оёқ яланг, бир яктакда юрган ва ўзига хос кароматлар кўрсатган. Жой номи шу шахсга нисбат берилиб «Яланғочота» дейилади. Аслида бу унчалик тўғри эмас, чунки бу атама 19-асрда ҳам мавжуд бўлган. Яланғочота – ўтмишда ўзбек ва қозоқ халқларида шамол ҳомийси ҳисобланган. Аҳолиси 8952 киши, асосан, ўзбеклар, шунингдек, 19 миллат вакиллари яшайди. Маҳалла ҳудудида 4-автокорхона, фармацевтика корхонаси, 2 та ўрта мактаб, 4 та болалар боғчаси, Акушерлик ва гинекология илмий маркази жойлашган.
«КАТТА ЯЛАНFОЧОТА» МАҲАЛЛАСИ (Феруза кўчаси, 9) – Мирзо Улуғбек туманидаги маҳалла. «Шалола», «Яланғоч» маҳаллалари билан чегарадош. 1994 йилда ташкил топган. Дастлаб «Туркистон» маҳалласи деб аталган, 2005 йилдан ҳозирги номда. Аҳолиси 4500 киши, 25 миллат вакили яшайди (2009).
«ЯЛАНFОЧ» МАҲАЛЛАСИ (Арслонбий кўчаси, 374) – Мирзо Улуғбек туманидаги маҳалла. «Шўртепа», Нодирабегим, «Баҳор», «Катта Яланғочота», «Шалола», «Бешкапа» маҳаллалари билан чегарадош. 1970 йилда ташкил топган. Аҳолиси 2745 киши, асосан, ўзбеклар, шунингдек, 7 миллат вакиллари яшайди. Маҳалла ҳудудида ўрта мактаб, болалар боғчаси, Тошкент шаҳар марказий шифохонаси жойлашган.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил






«Кўкча (мўғулча Когичэ)» — бу мен учун янгилик
Кок иче — синяя брюхо