Раҳмат Файзий (1918 – 1988)
РАҲМАТ ФАЙЗИЙ (1918.10.9–1988.18.11) – Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1978), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1968). Тошкентда туғилган. 2-жаҳон уруши қатнашчиси (1939–41), «Турон» газета ва журнали таҳририятларида (1937–38; 1943–61), «Ўзбекфильм» киностудияси (1962–65)да, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси (1965–74)да масъул лавозимларда ишлаган. Унинг «Тўёна», «Улғайиш» (1950), «Биринчи баҳор» (1951) ҳикоя ва очерклар тўпламлари нашр этилган. «Чўлга баҳор келди» (1951) дастлабки қиссаси эълон қилинган. Кейинчалик ёзувчи ушбу асарни қайта ишлаб, 1972 йилда роман тарзида нашр этган. «Повесть ва ҳикоялар» (1954), «Шоҳи дарпарда» (1958), «Кишиларимиз қиссаси» (1962) сингари очерк, ҳикоя ва қиссалардан иборат тўпламлари ҳам бор. Унинг «Сен етим эмассан» киноқиссаси (1960) асосида кинорежиссёр Ш.Аббосов томонидан суратга олинган шу номдаги фильми катта шуҳрат қозонган. Ёзувчи бу киноқисса устидаги ижодий ишини давом эттириб, «Ҳазрати инсон» романи (1970)ни яратди. Раҳмат Файзий, шунингдек, «Ёр-ёр» фильми сценарийси ва болаларга бағишланган «Биринчи хат» (1954), «Ҳаётнинг туғилган куни» (1953) ва бошқа ҳикоялар муаллифи. Шайх Зайниддинбобо қабристонига дафн этилган. Тошкент шаҳридаги кўчалардан бири Раҳмат Файзий номи билан аталади.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил






Изоҳлар