Катта Ўзбекистон тракти

КАТТА ЎЗБЕКИСТОН ТРАКТИ – Тошкент шаҳрини Гулистон, Жиззах, Самарқанд, Қарши ва Термиз шаҳарлари билан боғловчи халқаро стратегик аҳамиятга молик йўл. «Ўзавтойўл» давлат-акциядорлик компанияси тасарруфида. Узунлиги 724 км. Тошкент шаҳрининг вилоятлар билан иқтисодий, ижтимоий, маданий ва маърифий алоқаларида устувор аҳамият касб этади. Шу йўналишда ўтган карвон йўллари милоддан аввалги 5-асрдан маълум бўлган. 19-асрнинг 2-ярмидан бошлаб Туркистон генерал-губернаторлиги томонидан ушбу йўл «Уезд – почта йўли» номи билан аталган. 1930-йилларда автомобилларнинг кўпайиши муносабати билан йўналишда йўлдан фойдаланиш хизмати ташкил этилди ва йўлни реконструкция қилиш ишлари олиб борилди. 1940–41 йилларда тракт ҳашар йўли билан қайта қурилди. 20-асрнинг 2-ярмида реконструкция ишлари олиб борилиб, бетон-плита қопламлари ётқизилган. Ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлаб трактнинг айрим қисмлари халқаро аҳамиятли магистрал автомобиль йўлларига бўлиниб кетди. Трактнинг Тошкентга кириб келиш йўлида «Эркин» йўл ҳаракати хавфсизлиги назорати маскани, Чилонзор буюм бозори, «Тошкент» автовокзали, «Олмазор» метро бекати, транзит юк машиналари, шахсий автотранспорт воситалари тўхташ жойи, ёнилғи қуйиш шохобчалари, саноат ва транспорт корхоналари, турли сервис хизмат кўрсатиш масканлари бор. Ўзбекистон Республикаси ҳукумати қарори билан тракт йўналишида кенг қамровли ободонлаштириш ва қайта қуриш ишлари олиб борилди. Йўл бўйларида кемпинг-мотеллар, йўл-индустрия корхоналари, чет эллар билан ҳамкорликда қўшма корхоналар барпо этилди. Замонавий технологиялар ёрдамида янги асфальт қопламалари ётқизилди. Тракт чет мамлакатлар туристик транзит алоқаларида ҳам муҳим ўрин тутади. Йўлдаги кунлик қатнов жадаллиги 15000 дан зиёд автомобилга тенг.

Катта Ўзбекистон тракти пойтахтда Катта ҳалқа йўли орқали Бунёдкор шоҳкўчаси билан туташиб кетган. Катта Ўзбекистон тракти орқали Тошкентга кираверишдаги чорраҳада 2-жаҳон уруши йиллари 14 етим ва қаровсиз болани фарзандликка олган Шоаҳмад Шомаҳмудовлар оиласи шарафига монумент ўрнатилган (2008).

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *