Имлоқ
ИМЛОҚ – қадимий шаҳар харобалари. Олмалиқ шаҳридан (Тошкент вилояти) 12 км шарқда. Оҳангарон дарёсининг чап соҳилида жойлашган. Шаҳар маркази 5 гектар, ундан шарқда жойлашган шаҳристон майдони 12,5 гектар бўлган. Шаҳристоннинг дарёга қараган шимолий томони мудофаа иншоотлари билан мустаҳкамланган, қолган томонлари рабод билан ўралган. Археологик қазиш натижасида 6–7-асрларга оид мудофаа иншоотларининг харобалари, 4–11-асрларга оид турар жойлар ва жамоат бинолари, ҳунармандчилик корхоналарининг қолдиқлари топилган. Шаҳристон ва рабодда топилган металлургия, кулолчилик, шишасозлик корхоналарининг қолдиқлари, йирик ва кичик каналлар, ҳовузларнинг излари Имлоқда маданият ва суғориш ишлари тараққий этганлигидан далолат беради. Археологик ва ёзма манбаларга асосланиб Имлоқ Илоқнинг маркази – Тункат шаҳри билан бир деб ҳисобланади.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил






Изоҳлар